Қозоғистонда шилқим таксичилар жазоланади

Image caption Такси ҳайдовчилар хиралик қилиб ўз хизматини ўтказиши энди тартиббузарлик ҳисобланади.

Қозоғистон оммавий ахборот воситалари хабар беришича, республика маъмурий тартиббузарликлар бўйича кодексидаги янги ўзгартишларга биноан, "фуқароларнинг ғашига тегиш, шилқимлик, жумладан такси ҳайдовчиларнинг шу тариқа ҳаракатлари учун" жавобгарликка тортиш кўзда тутилади. Бу ҳақда Қозоғистон Ички Ишлар вазирлиги маъмурий полиция қўмитаси маълум қилган.

"Мисол учун аэропортда ёнингизга келиб, такси керакми? деб сўрашади. Агар керак бўлмаса, бунда одамларни мажбурлаб таксига ўтказиш керак эмас. Агар ҳайдовчи хира пашшадек ўз хизматини таклиф қилишда давом этса, бунинг учун жавоб беришига тўғри келади. Шунингдек, қандайдир маҳсулотларни, жинсий мазмундаги хизматлар ва бошқаларни таклиф қилиш ҳам кодексдаги моддага тушади",- дейди вазирлик вакили Игор Лепеха.

Жаноб Лепеханинг қайд этишича, шилқимлик ҳолатини мобил телефонга ёзиб олиш ва полицияга тақдим этиш кифоя, бу иш билан кейин улар шуғулланади.

Янги Кодекснинг 449 моддаси, "жамоат жойларида шилқимлик қилгани" туфайли ушланган тартиббузар 9910 тенге, ёки минимал қайд кўрсаткичининг беш баравар миқдорида жарима тўлашига тўғри келади.

Фуқароларнинг жонига тегиш ёки шилқимлик тиланчиликка ҳам таълуқлиги айтилган. Бу ҳолатда тартибни бузган киши хорижлик бўлса, у мамлакатдан чиқариб юборилади ва беш йилгача Қозоғистонга кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Ички Ишлар вазирилиги ходимининг билдиришича, "Қозоғистонда айнан бошқа мамлакатлардан келган тиланчилар кўпайиб кетган".

Қозоғистонда ўзгартириш киритилган кодекс 2015 йилнинг 1 январидан кучга кирган ҳисобланади.

Айни ҳолат, яъни фуқароларга шилқимлик қилиб, ўз хизматини ўтказиш бошқа жойларда, хусусан Ўзбекистонда ҳам учрайди.

Бу манзара айниқса, одамлар билан гавжум бўладиган аэропорт, темир йўл вокзаллари, автобус бекатлари ва бозорлар атрофида тез-тез кузатилади.

Жумладан, Тошкент аэропорти ҳудудида киракашлик қиладиган ҳайдовчилар Тошкентга келган фуқаролардан шаҳарнинг бошқа жойларидан бир ёки икки баравар баланд нархда хизмат ҳақи сўрашлари маълум.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ