Покистондаги дрон ҳужумида 'икки ўзбек ўлдирилган'

Image caption Вазиристонда юзлаб ўзбек жангарилари амал қилиши айтилади

Покистон расмийларига кўра, Афғонистон билан чегарада АҚШнинг дрон ҳужуми икки нафар ўзбек жангарилари дохил, беш кишини ўлдирган.

Франс-Пресс агентлигининг хавфсизлик мулозимларига таяниб хабар беришича, ҳужумда Толибоннинг Жанубий Вазиристондаги қароргоҳи нишонга олинган.

"Икки ўзбек ва уч нафар маҳаллий жангарилар дрон ҳужумида ўлган", дея иқтибос келтиради агентлик.

Минтақа Покистоннинг Афғонистон чегарасидаги еттита ярим мухтор ҳудудларидан бири ҳисобланади.

Жанубий, шунингдек, Шимолий Вазиристон 2000-йиллар бошидан буён Ал-Қоидаги алоқадор жангари гуруҳлар, жумладан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг истеҳкоми бўлиб келган.

Покистон армияси ўтган йил ёзида Жанубий Вазиристонда йирик амалиётларни бошлаган ва шундан буён 1700 нафар хорижий жангарилар ўлдирилганини айтган.

Амалиётларда Покистон ҳукумат кучларининг 120 дан ортиқ аскарлари ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Ўтган ой Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 140 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган Покистоннинг Пешовар шаҳридаги мактабга ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Покистон расмийлари Афғонистон билан чегарадаги қабила ҳудудларида "юзлаб" ўзбек жангариларининг амал қилишини айтиб келадилар.

2009 йилнинг августида ЎИҲ раҳбари Тоҳир Йўлдош АҚШнинг Вазиристонда амалга оширган дрон ҳужумида ҳалок бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ