Тожикистон Туркиядан мухолифат раҳбарини қайтаришни сўраяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Тожикистон ҳукумати мухолифатнинг "24- гуруҳ"сиёсий ҳаракати раҳбари Умарали Қувватовни ортга экстрадиция этишни сўраб Туркияга мурожаат қилган.

Бу ҳақда Тожикистон Ички Ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Би-би-сига билдирди.

Расмий Анқара аввалги сўровларни рад этган.

Тожикистонда қувғинга учраган тадбиркор ва мухолифат раҳбари молиявий жиноятларда айбланади.

Умарали Қувватов Истанбулда ўтган йилнинг декабр ойида виза тартибини бузганлиги учун ҳибсга олинганди.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Умарали Қувватов айни пайтда Истанбулдаги экстрадиция марказидан полициянинг хорижликлар учун бўлимига ўтказилган.

Олдинроқ "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти қувғиндаги сиёсатчи дохил унинг уч тарафдорини ҳимоя қилишни сўраб БМТ Қочқинлар комиссарлигига мурожаат қилган. Улар ватанига қайтарилса, ҳаёти жиддий хавф остида қолиши мумкинлиги айтилган.

Тожикистон Олий маҳкамаси муқаддам "24 гуруҳ"ни экстремистик ташкилот деб тан олган. Унинг раҳбари Умарали Қувватов мамлакатда Афғонистондаги НАТО кучларига ёнилғи етказиб берувчи ширкат тадбиркори сифатида яхши танилган.

Тадбиркор бундан икки йил олдин Тоғли Бадахшонда ҳукумат кучлари ўтказган ҳарбий амалиётлардан кейин сиёсатга киришга қарор берган. Ўзининг "24лар гуруҳи"ни тузган. Янги ташкилот тожикистон мухолифатини бирлашишга ва Президент Эмомали Раҳмонни истеъфо беришга чақирган.

Ўзининг қарашлари туфайли мамлакат президентининг қаҳрига учраган тадбиркор ўтган йилдан буён Туркияда яшаб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ