Сурияда 200дан ортиқ қирғизистонлик жанг қилмоқда

Қарийб тўрт йилдан бери Сурияда давом этаётган жангда иштирок этаётган Қирғизистон фуқароларининг сони 200дан ошган ва 30дан ортиғи ҳалок бўлган. Бу ҳақда бугун Қирғизистон Бош вазирининг ҳавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Маматалиев матбуот анжуманида билдирди.

“Уларни тўхтатиб қолиш чоралари кўрилмоқда. Кетаётганларнинг орасида аёллар ҳам бор. Биз куч тузилмалари олдига аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб боришни вазифа қилиб қўйдик. Жанубда текшириш ишлари бормоқда. Ўғлини Туркияга ишлаш учун кетганини айтган ота-оналар бўлди. Биз мулоқотлар ўтказдик” – деди Абдураҳмон Маматалиев.

2014 йилнинг ноябрь ойида Давлат Миллий Ҳавфсизлик Хизматининг Ўш шаҳри ва вилояти бўйича бўлими раҳбари Асилбек Қўжўбеков, Қирғизистон фуқароларини Сурияга юбориш бир неча йўллар билан амалга оширилаётганлигини очиқлаган.

Улардан асосийси Бишкек-Истанбул-Сурия ва Ўш-Истанбул-Сурия йўналишидир. Шунингдек Қирғизистон-Россия-Туркия-Сурия йўналиши билан ҳам фуқаролор жанг майдонига жўнаб кетаётганликларини қайд қилган у.

“Туркияга борганларидан кейин, “жиҳодчилар” Сурия билан чегарадош ҳудудлардаги ёш жангчиларни тайёрлаш лагерларига юборилади, маълум вақтдан кейин у ердан белгиланган жойларга жўнатилади” – дейди Қўжўбеков.

Одамларни ўз сафларига жалб этиш учун, “Исломий Давлат” интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали жадал тарғибот ишларини олиб бораётганлиги айтилади.

Қирғизистон Давлат Миллий Ҳавфсизлик Хизмати матбуот бўлимининг 26 январда чиқарган баёнотига кўра, жорий йилнинг 20 январида Ўш вилояти ҳудудида Суриядаги жангариларнинг жамлоғида тайёргарликдан ўтган олти киши қўлга олинган. Хавфсизлик Хизматининг иддаосига кўра, қўлга олинганлар, моддий манфаат мақсадида бой инсонларга ҳужум қилишган.

Қўлга олинганларнинг уйларида тинтув ўтказиш натижасида, АКС автомати, турли калибрли 1760та патрон, иккитадан автомат ва пистолетнинг магазинлари, олтита ниқоб, қўлқоп, тунда қўлланувчи чироқ – фонарик, пичоқлар ва давлат автомобил рақами топилган.

Мазкур иш юзасидан Қирғизистон Жиноят Кодексининг 350 моддаси “Қалбаки ҳужжат, муҳр, ва давлат рамзларини ясаш ва қўллаш” ва 28–375 “Қасддан суиқасд қилиш” моддалари билан жиноий иши очилган.

Эслатиб этамиз, 20 январда Халқаро Кризис Гуруҳи “Сурия даъвати: Ўрта Осиёдаги радикализация” номли докладини чоп этган. Унда “Ислом Давлати” сафида 2000дан 4000гача Ўрта Осиёликлар борлиги ва бу ҳудудлардан янада ўз сафларига янги тарафдорларни жалб этаётганликлари айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002