Россияда тожикистонлик фаол ўғирлаб кетилган

Тожикистон фаоллари тожик мухолифати аъзоларига нисбатан оммавий кузатувлар янада ортганидан хавотир билдирганлар.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, охирги икки ойда Россия ва Тожикистонда ўндан ортиқ тожик фуқаролари ҳибсга олинган.

"Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ташкилоти маълумотларига биноан, 20 январда Москвада "Тожикистон ёшлари Тожикистон уйғониши учун" жамоатчилик гуруҳи раҳбари Мақсуд Иброҳимов ғойиб бўлган.

Фаоллар Тожикистонда тақиқланган "24 Гуруҳ" мухолиф ҳаракатининг ҳам етакчиси ҳисобланган Иброҳимов Россия махсус хизматлари томонидан Тожикистонга бериб юборилган бўлишидан хавотирдалар.

Россия ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари ҳимоясида бўлган Иброҳимов 20 январда бедарак йўқолган. Москва шаҳар ички ишлар бўлимидагилар Иброҳимов 20 январда ушлангани ва ўша куннинг ўзи қўйиб юборилганини маълум қилишган.

26 январда Преображенский туман маҳкамасидаги манбанинг Иброҳимов яқинларига айтишича, у Тожикистон ҳукуматига топширилган.

Тожикистон ҳукумати эса бу хабарни изоҳлашни рад қилмоқда.

Россиядаги тожик меҳнат муҳожирларидан ташкил топган "Тожикистон ёшлари Тожикистон уйғониши учун" гуруҳи раҳбари Мақсуд Иброҳимов ўзининг Имомали Раҳмон ҳукуматига нисбатан танқидий чиқишлари билан машҳур.

37 ёшли Иброҳимов Россия фуқаролигини олган ва охирги 10 йилда Россияда истиқомат қилиб келган.

Қариндошларининг сўзларига қараганда, ўтган йилнинг охирида Иброҳимовга унинг Россия фуқаролигидан чиқарилгани хабар қилинган. Шунингдек, ўша пайтда унга номаълум кишилар ҳужум қилиб, пичоқ билан жароҳат етказганлар.

"Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ташкилоти Тожикистонда Мақсуд Иброҳимов ҳаёти хавф остида бўлиши мумкинлигини айтиб, жамоатчиликни ҳуқуқ фаоли тақдирига нисбатан бефарқ бўлмасликка чақиради.

Бу мавзуда батафсилроқ