Беларусдаги йўл ҳодисасида 3 ўзбекистонлик ҳалок бўлган

Image caption Тергов Қўмитасига кўра, "Chevrolet" ҳайдовчиси бошқарувни қўлдан чиқарган

Беларус Республикаси Тергов Қўмитасига кўра, 29 январ куни Могилев-Гомель шоҳйўлида юз берган ҳодисада "Chevrolet" машинасида бўлган яна икки ўзбекистонлик яраланган.

Дастлабки фаразларга кўра, 5 киши ўтирган автомобил ҳайдовчиси бошқарувни қўлдан чиқариши натижасида қарши йўналишда келаётган "Opel Vivara" русумли автомобилга урилган ва натижада ёнғин чиққан.

Тергов Қўмитасининг хабарида айтилишича, ҳодиса юз берган пайт айни ҳудудда бораётган Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғининг ўринбосари ва бошқалар ёрдамида ёнғинни тезда ўчиришга муваффақ бўлинган ва жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳодиса жойида ҳалок бўлганларнинг орқа ўриндиқда ўтирган 1977, 1975 ва 1980-йилларда туғилган Ўзбекистон фуқаролари экани билдирилган.

Ҳайдовчи ва яна бир йўловчи эса шошилинч суратда шифохонага етказилган ва уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.

"Opel Vivara" ҳайдовчиси ҳодисада жабр кўрмагани маълум қилинган.

Беларус Тергов Қўмитасининг билдиришича, ҳодиса жойида текширув ўтказилган ва гувоҳлар сўроқ қилинган.

Ҳозирда жиноят иши очиш масаласи кўриб чиқилаётгани айтилади.