Сариоғочда қозоқ ва тожиклар ўртасида тўқнашув юз берди

Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Сариоғоч туманида қозоқ ва тожик миллатига мансуб одамлар ўртасида тўқнашув бўлган.

Бўстонлиқ қишлоғида яшовчи аҳолининг маълум қилишича, қўшни қишлоқдардан 100 ортиқ одам темир терсак билан қуролланиб бостириб келган.

Тожик тилида сабоқ берувчи икки мактаб, бир неча дўкон ва уйларнинг дерезаларини синдиришган айрим уй ва дўконларга ўт қўйилган. Йигирмага яқин автомобилга зарар етказилган.

6 февралда ҳам маҳаллий вақт билан соат 21.00 да иккита уйга 5-6 киши томонидан ўт қўйиб юборилган. Уй куйиб кулга айланган. Қўшниникига ҳам ўтган, аммо тўлиқ ёнмаган, ўт ўчирувчилар келиб ўчиришган.

Уйи ёнган одамнинг Би-би-сига айтишича, оиласини яқинда Чимкентга юборган бўлган.

Айтилишича, полиция ва ҳарбийларнинг ҳаракати сезилган. Гувоҳлар улар тожиклар яшайдиган томонга юк машинасида ўтиб кетишганларини айтганлар.

Тожик аҳоли полициянинг ўз вақтида чора кўрмагани ва ҳаракатсизлигидан нолиган.

Тўполонлар

Зўравонликлар 5 феврал маҳаллий вақт билан кечки соат 5:30 ларда бошланган. Қўлларига болта ва бошқа темир аслаҳалар кўтариб олган ғазабнок оломон асосан тожиклар истиқомат қилувчи Бўстандиқ қишлоғига бостириб келган.

Бўстонлиқ қишлоғи Тошкент вилояти билан чегарадош ҳудудда жойлашган.

Гувоҳларнинг Би-би-сига маълум қилишича, 100 дан ошиқ ёшлар йўлида учраган машина ва уйларнинг ойналарини синдириб ўт қўйган.

“Соат 5:30 да мана шу қишлоқнинг қозоқлари, улар билан бирга яшаймиз, бу ёқдан 60 у ёқдан 80 та бўлиб ўша маҳаллага қараб ҳаммаси югурди. Тартибсизлик қилиб, бензин отишиб уйларни ва машиналарни ёқишди. Ойналарни синдиришди”, - дейди исми ўзгартирилган гувоҳ Нозимжон.

Гувоҳнинг маълум қилишича, босқин вақтида 20 га яқин машинага зарар етказилган. Уларнинг айримлари ёндирилган, айримлари ағдариб ташланган. 8 га яқин уйнинг ойналари синдирилиб, ўт қўйишга ҳаракат қилинган. 2 дўкон ёқиб юборилган.

Гувоҳларга кўра, босқин уюштирганлар қишлоқдаги иккита тожик мактабига ҳам ҳужум қилишган. Мактабнинг ойналарини синдиришган. Парталарни болталар ёрдамида чопишган.

Ҳодисани ўз кўзи билан кўрганларнинг маълум қилишича, босқин икки ярим соатлар давом этган. Ҳодиса жойига етиб келган полиция махсус кучлари оломонни ўша вақтнинг ўзида тарқатиб юборишга қурби етмаган.

“Шомга яқин бошланган бўлса, хуфтон вақтига қадар ҳамма томоннинг дабдаласини чиқариб юрди. Орадан бир ярим соат ўтгандан сўнг милициялар келди. Аммо улар ҳеч қандай иш қилолмади. Босқинчиларни на ушлади ва на қамади. Қишлоқдан 100 дан ортиғи чиқиб келаётганини кўрди. Кетинглар, кетинглар, деб айтди холос”, - дейди савдо билан шуғулланувчи гувоҳ.

Гувоҳларнинг айтишича, полиция махсус кучларининг кўз олдида тожик миллатига мансуб масжид имомига тош отилган ва боши ёрилган. Масжид имоми боши ёрилгач хуфтон номозини ўқишга келган одамлар қоча бошлашган.

Жанжалга сабаб қилиб қозоқ миллатига мансуб Бақитжан Артиқовнинг пичоқланган ҳолда ўлдирилгани келтирилмоқда. Унинг ўлимида тожик миллатига мансуб Навмиддин Норметов гумон қилинмоқда.

Полиция қотиллик сабабларини маиший характерда эканлигини айтмоқда.

Жанубий Қозоғистон вилоят Ички ишлар департаменти тарқатган хабарда бир неча машинага ўт қўйилгани ва уйларга зарар етказилгани ҳақида айтилган. Полицияга кўра, жароҳат олганлар ва қурбонлар қайд этилмаган. Ҳодиса жойига полициянинг қўшимча кучлари юборилган.

Полициянинг етарли даражада ҳаракат қилмагани борасидаги гапларга ойдинлик киритиш учун матбуот хизматига боғланишга ҳаракат қилдик. Бироқ матбуот котибини ўз иш жойида топишнинг имкони бўлмади.

Бўстондиқ қишлоғидан биз билан гаплашган маҳаллий аҳоли вилоятдан келган расмийлар иштирокида икки томонни йиққан ҳолда мажлис бўлганини билдирди.

Гувоҳларга кўра, ҳокимиятдан келган расмийлар босқинни уюштирганлар жазога тортилиши ҳақида ваъда бермаган.

Полиция идораси вазият барқарорлашганини айтаётган бўлсада, босқин қурбони бўлган аҳоли хавотирда яшаётганини билдирмоқда.

Сабаби кеча тунда келган полиция махсус кучлари қишлоқни тарк этган. Одамлар аёллари ва болаларини хавфсизлик мақсадида бошқа ерларга жўнатган.

“Бу ерда бир катта колония ҳарбийлар бор эди. Ҳозир бирорта ҳам машина йўқ. Ҳаммаси кетиб қолди. Ундан ҳам бадтар бўлиши мумкин, деган хавотиримиз бор. Расмийлар бунга жиддий қарамаяпти. Қўшимча кучлар йўқ. Кўп одамлар Тошкентга қараб чиқиб кетди. Бола чақасини айримлар Тошкент ва Чимкентга юборди”, -дейди Нозимжон.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ