Меҳнат муҳожирлари рус тилидан имтиҳон топшира бошлади

Image caption Юзлаб муҳожирлар имтиҳон топширишга навбатлар ҳосил қилишган.

2015 январдан бошлаб Россияда муҳожирлик янги тартиблари кучга кирди.

Энди меҳнат муҳожирлари патент олиш, вақтинчалик яшашга рухсатни қўлга киритиш учун рус тилидан имтиҳон топширишлари шарт.

Айни кунларда рус тилидан имтиҳон топшириш марказлари меҳнат муҳожирлари билан гавжум.

Ишлашга рухсат берувчи ҳужжатни олиш илинжидаги юзлаб муҳожирлар имтиҳон топширишга навбатлар ҳосил қилишган.

2015 йилда қарийб 3,4 млн муҳожир рус тили, тарих ва қонунчилик асослари бўйича синовдан ўтади, ундан 1,5 миллиони қўшимча тайёргарликни талаб қилади, деб хабар берган Федерал Муҳожирлар Хизмати расмийлари.

Бу талаб юқори малакали мутахассисларга нисбатан қўйилмайди.

ФМХ мамлакат бўйича меҳнат муҳожирлари учун тест марказлари етарли эканини текширмоқда.

Ҳозирги пайтда Оренбург ва Тамбовда муҳожирлар мослашиш марказлари иш олиб бораяпти.

Image caption Бундан кейин муҳожирлар имтиҳондан ўтгани ҳақидаги қоғози билан ишга олинади.

Меҳнат муҳожирлари камида бир ой тайёрланиши керак, шу мақсадда 300 дан ортиқ тил курслари ташкил қилинган, ундан 108 таси бепул ишламоқда, деб қайд этган расмийлар.

Федерал муҳожирлик хизматига кўра, 600 мингга яқин хорижлик Россияга визасиз қолиш муддатига амал қилмаган.

Овроосиё иқтисодий иттифоқига кирмаган давлат фуқаролари шу йилдан бошлаб Россияда ишлашга рухсат берувчи патент учун 40 мингдан 60 минггача тўлашлари керак. Бундан ташқари муҳожирлардан тиббий суғурта қоғози талаб этилади.

Ўтган йилги расмий рақамларга қараганда, Россияда 11 миллион хорижий меҳнат муҳожирлари мавжуд. Ундан 3 миллиондан ортиғини ўзбекистонликлар ташкил қилади.

Россияга киритилган иқтисодий санкциялар боис, рублнинг қадрсизланиши оқибатида кўплаб муҳожирлар юртларига қайтганлар, бошқа давлатларга иш қидириб кетаётганлар оқими кўпайган.

Шунга қарамасдан, тирикчилик илинжида Россияга бораётган марказий осиёликларнинг сони ҳозир ҳам баландлиги айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ