Тожикистон собиқ вазири очиқ маҳкама ўтказишни талаб қилмоқда

26 йилга озодликдан маҳрум қилинган Тожикистон саноат ва энергетика собиқ вазири, таниқли тадбиркор Зайд Саидов мамлакат Олий маҳкамасига мурожаат қилиб, ўзига нисбатан қўзғатилган янги жиноий иш бўйича очиқ маҳкама ўтказишни талаб қилган.

Жаноб Саидов энди иқтисодий жиноятларда, жумладан пул ювиш, солиқлардан бўйин товлаш ва хизмат вазифасини суистеъмол қилганликда айбланмоқда.

"Менга нисбатан айбловлар иқтисодий характерда бўлар экан, мен ўз ҳуқуқларим ва маҳкамада иштирок этадиганлар, жумладан оммавий ахборот воситлари вакиллари ҳуқуқларига риоя қилинишини талаб қиламан. Акс ҳолда мен маҳкама жараёнида қатнашишдан бош тортаман",- дейди собиқ вазир ўз мурожаатида.

Кўпчилик кузатувчилар россиялик собиқ миллиардер Ходорковскийга нисбатан маҳкамаларга ўхшатган жараён Зайд Саидов устидан 2013 йил охирида бўлиб ўтган.

Маҳкама жараёни ёпиқ, жиноий иш махфий деб эълон қилинган. Эшитувлар давомида Саидовнинг ҳимоячиси жиноий ишдан махфийлик мақомини олиб ташлашни сўраган. Ҳакам буни инкор этган ва ўзгаришсиз қолдирган.

Саидов Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича, жинсий зўрлаш, кўп хотинлик, пора олиш ва товламачиликда айбдор деб топилган.

Инсон ҳақлари фаоллари Саидов иши сиёсий мазмунда эканлиги, мухолифатга нисбатан ҳукумат сиёсатининг бир кўриниши эканини айтганлар.

Жиной иш

Image caption Зайд Саидов Тожикистонда таниқли ишбилармонлардан бўлган.

Зайд Саидов 2013 йил бошида Тожикистонда "Янги Тожикистон" деб номланган янги партия тузиш ташаббуси билан чиққан эди.

Саидов жаноблари 2013 йил 19 майда Франсадан Душанбега қайтгач ҳаво қўналғасида ҳибсга олинади.

Зайд Саидовни Давлат хавфсизлик хизмати пора олиш, фирибгарлик, кўпхотинлилик қаторида жинсий зўравонлик каби қатор жиноятларда айбдор қилишган.

Саидов жаноблари бу айбларнинг барчасини қатъий инкор этган.

Тожикистонда ўтган маҳкама жараёни кечган бино қаршисига Зайд Саидовнинг ўнлаб тарафдорлари йиғилганлар.

Кўпчилик таҳлилчилар Тожикистонда таниқли бўлган ва муваффақиятли бизнесмен ҳисобланган Зайд Саидовнинг муаммолари унинг сиёсий партия ташкил қилиш ҳақидаги баёнотидан кейин бошланганига эътибор қаратадилар.

Унинг "Янги Тожикистон" партиясини барпо этаётгани борасида эълон қилиниши ортидан Саидов жаноблари ва бошқа ташкилотчиларга нисбатан босимлар кучайган.

Зайд Саидов ва бошқа мухолифат вакилларига босимларни мухолифат вакиллари ва таҳлилчилар 2013 йил ноябр ойида кечган президентлик сайлови олдидан қилинган сиёсий босимлар сифатида изоҳлашган.

Зайд Саидов журналистлар билан суҳбати чоғи президентликка номзодини қўйиш нияти йўқлиги ва янги партияси 2015 йилги парламент сайловларида иштирок этишни режалаётганини бир неча бор таъкидлаган.

Тожикистоннинг кўзга кўринган зиёлилари, улар қаторида шоира Гулрухсор ҳам Президент Раҳмонга мурожаатнома йўллашган ва Саидов жанобларини озод этишни сўрашган эди.

Кузатувчилар, Тожикистоннинг Президент Раҳмон бошчилигидаги ҳукумати мустақил фикрловчилар ва мухолифатга нисбатан тобора босимларни кучайтираётгани ҳақида айтишади.

Мамлакат мухолифати ва мутахасислар ҳукуматдаги асосий лавозимларни Президент Раҳмоннинг оила аъзолари эгаллаб бораётгани, порахўрлик кучайгани алал-оқибат халқ орасида норозилик келтириб чиқаришидан огоҳлантирадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ