Афғонистон раҳбари илк бор 'Исломий Давлат' хавфидан огоҳлантирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Қўшни Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг илк бор огоҳлантиришича, "Исломий Давлат" ўз мамлакатида жадаллик билан уюшиш, мўлжал олиш, қарор бериш ва ҳужум қилиш даражасига етиб бормоқда.

Президент Муҳаммад Ашраф Ғани бу ҳақда куни-кеча Мюнхенда якунланган ва халқаро хавфсизлик масалаларига бағишланган йирик анжуманда қилган чиқиши чоғида билдирган.

Бу - янги афғон раҳбарининг биринчи бор халқаро минбардан туриб, дунёдаги энг қудратли ва энг жангари гуруҳнинг Афғонистонга солаётган таҳдиди ҳақида сўз юритиши бўлади.

Президент Ашраф Ғанининг айтишича, Афғонистон ҳануз глобал террорчилик таҳдиди остида.

Афғон раҳбарининг сўзларидан аён бўлишича, минтақа ҳанузга қадар "ал-Қоида" ва "Исломий Давлат" хавфидан фориғ бўлмаган.

Эслатиб ўтиш жоиз, "Исломий Давлат" гуруҳи 2000 йиллар бошларида айнан "ал-Қоида"нинг негизида, унинг Ироқдаги бир тармоғи сифатида пайдо бўлган.

Ашраф Ғанининг огоҳлантиришича, агар, халқаро ҳамжамият мавжуд вазиятни назардан қочирса, бунинг оқибатлари яхши бўлмайди.

Афғонистон президентига кўра, унинг мамлакати "Исломий Давлат" дохил глобал террорчи тармоқларнинг учрашув нуқтаси бўлиб қолмоқда ва бу гуруҳга қарши халқаро миқёсда кескин чоралар кўрилмоғи лозим.

"Афғонистонда вужудга келаётган вазиятни Сурия, Ироқ, Яман ва Ливиядаги воқеалардан айри кўрмаслик лозим, бу - жуда муҳим", - деб таъкидлаган президент Ғани.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Афғонистон раҳбарининг айтишича, Покистон Қуролли кучларининг ўтган йилдан буён қавмлар яшовчи ярим мухтор Вазиристон минтақасида олиб бораётган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари сабаб, минтақада ўринлар алмашган ва тортишиш маркази бугун Афғонистонга кўчган.

Вазиристон минтақаси, йилларки, ҳар икки Толибон ҳаракати аъзолари, “ал-Қоида”, “Ҳаққоний” тармоғи, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари ва яна қатор исёнчи гуруҳлар учун хавфсиз бошпана вазифасини ўтаб келган.

Минтақадан олинаётган сўнгги хабарлар эса, президент Ашраф Ғани иқтидорга келган ўтган тўрт ой ичида Яқин Шарқдаги бу гуруҳ Афғонистонга ҳар томондан "сизиб кириб", янги жангарилар ёллашга, афғон тупроғида ўз базаларини ташкил этишга уринаётганига далолат қилганди.

Жумладан, "Исломий Давлат"нинг Афғонистондаги юқори мартабали собиқ Толибон қўмондони бўлган илк маҳаллий етакчиси ва ёлловчиси Мулла Абдул Рауфнинг жанубий Ҳелманд вилоятида янги гуруҳга асос олиб, аллақачон толибларга қарши жангларини бошлаб юборганига оид хабарлар афғон ҳарбийларининг ўзлари томонидан ҳам тасдиқланганди.

Орада "Исломий Давлат" гуруҳи аудиомурожаат билан чиқиб, Покистонда ўзининг минтақадаги янги тармоғига асос солгани ва унинг Афғонистонда ҳам фаолият олиб боражагини баён қилганди.

Гуруҳ "Хуросон Исломий Давлати", деб номлаган тармоғининг раҳбари этиб Покистон Толибон ҳаракати собиқ воизи Ҳафиз Сайид Хонни тайинлаганди.

Америкаликларнинг дрон ҳужумида ўлдирилганига оид душанба кунги хабар ортидан, Афғонистондаги илк йўлбошчиси Мулла Абдул Рауфнинг унинг муовини экани ҳам маълум бўлганди.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, орадан бир ойча вақт кечган эса-да, бу икки раҳбар орасидаги муносабатлар, янги тармоқ аъзоларининг сони ва иш режаси ҳақида кўп нарса маълум эмас. Аммо ўнлаб экани айтилаётган жангариларининг аксарияти собиқ толиблардир.

Бунга ҳозирда марҳум Мулла Абдул Рауфнинг янги мақомидан шу пайтгача аксариятнинг бехабар экани воқеълиги ҳам далолат қилади.

"Хуросон Исломий Давлати" тармоғи муовини Мулла Абдул Рауфнинг ўлимига оид хабар эса, президент Ғанининг Мюнхендаги чиқиши билан бир пайтга тўғри келган.

Мулла Абдул Рауф ўлдирилди, уёғи-чи?

Лондондан Мудофаа масалалари бўйича таҳлилчи Пол Рожерснинг айтишича, Мулла Абдул Рауфнинг ўлими “Исломий Давлат” гуруҳининг минтақадаги фаолиятига зарба бермай қолмайди. Аммо, таҳлилчига кўра, бунинг оқибатлари кўпам узоққа чўзилмайди.

Таҳлилчига кўра, бундай хулоса чиқаришга Афғонистонда “Исломий Давлат” гуруҳи тарафдорларининг сони жорий пайтда секинлик билан, аммо изчил равишда ортиб бораётгани воқеълиги далолат қилади. “Ўз ўрнида, Мулла Абдул Рауфнинг “Исломий Давлат” наздида қанчалик муҳим шахс бўлганига ҳам шубҳа йўқ. Акс-ҳолда, гуруҳнинг шахсан ўзи уни минтақадаги тармоғи раҳбари муовини каби нуфузли лавозимга тайин этмасди”, - дейди таҳлилчи.

Суҳбатдошимизга кўра, бошқа томондан, Мулла Абдул Рауфнинг ўлдирилиши АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондаги воқеалар ривожидан қанчалик жиддий хавотирда эканликларини ҳам намойиш этади.

“Юз берган ҳодиса, ўз ўрнида, афғон ҳукумати билан эришилган янги келишувга мувофиқ, америкаликларнинг Афғонистон бўйлаб дрон ҳужумларини уюштиришга ҳозир ва имконли эканликларига далолат қилади”, - дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Аммо “ал-Қоида”, ҳар икки Толибон ҳаракати ва “Ҳаққоний” тармоғининг қатор юқори мартабали қўмондонларини ўлдиришга хизмат қилган бўлса ҳам, Покистонда АҚШ ҳарбийларининг бу каби ҳужумлари кескин танқидларга сабаб бўлиб келади.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, дастлабки иккита етакчисидан бирининг ўлимига қарамасдан, “Хуросон Исломий Давлати” тармоғини бундан буёғига ҳам янги жангарилар ёллаш, “Исломий Давлат” гуруҳи эса, худди шу бўлими орқали минтақага янада чуқурроқ кириб бориш ва у ерда ўз ҳозирлигини кучайтиришга ҳаракат қилишда давом этаверади.

“Ҳам потенциал, ҳам бошқарув модели, ҳам молиявий манбалар ва ҳам минтақадаги жангари гуруҳлар билан иттифоқчилик назарда тутилганда, "Исломий Давлат"нинг минтақада янги жангарилар ёллаш имконияти кенгайиб бораверади. Мулла Абдул Рауфнинг ўлими бу жараённи орқага қайтара олмайди”, - дейди, жумладан, Покистондан етакчи таҳлилчи Хадим Ҳусайн.

Аммо, ҳозирча, Афғонистон хавфсизлик масъуллари томонидан расман тасдиқланган ушбу хабарга на-да "Исломий Давлат" гуруҳи, на-да унинг минтақадаги "Хуросон Исломий Давлати" тармоғи ва на-да Афғонистон Толибон ҳаракати бирор бир муносабат билдирмаган.

Image caption Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Пол Рожерс

Худди шу ўринда Лондондан таҳлилчи суҳбатдошимизнинг айтишича, сўз “Исломий Давлат”га ўхшаш жангари гуруҳлар ҳақида кетганда, улар бир лидерининг ўлими ортидан, бошқасини тайин этишда узоқ куттириб қўйишмайди.

“Афғонистонда “Исломий Давлат” тарафдорларининг сони ортиб бораётир, дерканмиз, гуруҳ сафларига қўшилаётган янги жангариларнинг аксарияти собиқ толиблардир. Улар Афғонистондаги низолар ичидан чиқишган. Бу жангариларга афғон можароси яхши таниш. Худди шу боис ҳам, Мулла Абдул Рауфнинг ўлими гуруҳ учун 3-4 ойлик қийинчиликлар туғдириши мумкин. Аммо “Исломий Давлат” буларни тезда бартараф этолади”, - дейди Пол Рожерс.

“Хуросон Исломий Давлати” нега шу пайтгача иккита лидеридан бири саналган Мулла Абдул Рауфнинг ўлими борасида жим, деган саволга келганда, халқаро таҳлилчи бунинг сабабини тармоқнинг нисбатан янги экани билан изоҳлайди.

Унга кўра, ҳалича яхши уюшишга улгурмагани боис ҳам, лидерларидан бирининг ўлимига оид хабар гуруҳ сафларида бироз саросималик ва парокандаликка сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Мулла Абдул Рауф ким эди?

Мулла Абдул Рауф 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучлари томонидан Афғонистонда қулатилган Толибон тузумининг мулозимларидан бири бўлган, ҳаракат бошқарув кенгашига кирган ва раҳбари Мулла Муҳаммад Умарнинг яқин сафдошларидан бири саналган.

"Исломий Давлат" сафларига ўтишига айнан Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари билан ўрталаридаги ғоявий келишмовчиликлар сабаб бўлгани айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Собиқ "Гуантанамо" маҳбуси бўлган Мулла Абдул Рауф Би-би-си билан суҳбатида яқинда Яқин Шарққа сафар қилиб, "Исломий Давлат" гуруҳи ва улар ўтган йили Сурия ҳамда Ироқ ҳудудларида асос солган исломий халифати раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий билан учрашиб, ундан Афғонистондаги фаолиятларига оид йўл-йўриқлар олиб қайтганини ҳам иддао қилганди.

Жанубий Ҳелманддаги ўнлаб жангарилари қолиб, яқинда Зобул вилоятидан бошпана топган икки юзга яқин араб ва чечен жангарилари ҳам ўз тарафдорлари эканини таъкидлаганди.

Воқеаларнинг бу каби ривожи аллақачон Ўзбекистон дохил қатор минтақа давлатларининг ошкора хавотирларию, ўз чегараларини мустаҳкамлаш ва хавфсизлик чораларини кучайтиришга ўтишларига сабаб бўлаётган эса-да, шу пайтгача қўшни Афғонистон ва Покистон раҳбарияти бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиқишмаганди.

Агар, маҳаллий интернет нашрларидаги хабарларга таянилса, Ўзбекистон томони, ҳаттоки, "Исломий Давлат"нинг шу йил баҳорида ўз ҳудудларида террорчилик хуружларини режалаганидан ҳам хабар топган.

Афғон раҳбарининг юқори минбардан туриб изҳор этган бу каби ошкора хавотирлари, ўз ўрнида, мамлакати Ички ишлар вазирлигининг халққа таҳдид солаётган томонларга қарши курашга қодир эканини иддао қилган бир кунда янграган.

Агар, сўнгги хабарларга таянилса, Мулла Абдул Рауфнинг ўлимига оид хабарни ҳам Афғонистон томони "катта муваффақият", дея қарши олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи parliament.af

Аммо орада "Исломий Давлат" гуруҳи Афғонистонга солаётган таҳдид афғон сенаторларининг жиддий хавотирларига сабаб бўлган, мавжуд вазият юзасидан мамлакат хавфсизлигига масъул энг юқори мартабали мулозимлар улар қаршисида ҳисоб беришга мажбур бўлишган ва худди ўша мажлисда, агар, бу хавфнинг олди зудлик билан олинмаса, гуруҳга янги ёлланган жангариларнинг шу йил баҳорида қарши ҳужумга ўтишлари мумкинлиги ҳақида огоҳликлар ҳам янграганди.

Шу ўринда Покистондан етакчи минтақавий таҳлилчи бўлган суҳбатдошимиз Хадим Ҳусайн ҳам Би-би-си Ўзбек Хизмати билан сўнгги суҳбатида бундай эҳтимолни назардан соқит этмайди.

“Албатта, буни вақт кўрсатади. Аммо Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегарадош минтақалардан янги, ёш қўмондонларнинг "Исломий Давлат" сафларига қўшилишларини кутиш мумкин. Чунки улардан айримлари Яқин Шарқда гуруҳ асос солган "Исломий халифати"ни кўриб, аллақачон раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийга мадҳиялар ёғдиришни бошлаб юборишган. Шу боис ҳам, баҳорда "Исломий Давлат"нинг Афғонистонда бироз фаоллашиши эҳтимоли бор. Бошқа томондан, худди шу пайтда айрим маҳаллий исёнчилар "Исломий Давлат"га аъзо бўлмай туриб ҳам, уларни қўллаб юборишлари мумкин. Яъни, шу йил ёз ойларида афғон хавфсизлик кучлари ва жанговар эмаса-да, Афғонистонда қолаётган Нато ҳарбийларига қарши туриш учун бу икки гуруҳ муайян соҳаларда стратегик ҳамкорликка бориши мумкин”, - дейди у.

Куни-кеча Афғонистоннинг Марказий Осиёга яқин айрим шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларида ўнлаб собиқ Толибон жангариларининг "Исломий Давлат" байроғи остида жанг олиб боришга ўтишганига оид хабарлар чиққан ва улар маҳаллий масъулларнинг ўзлари томонидан ҳам тасдиқланганди.

Ҳозирча, қўшни Афғонистон ва Покистон тупроғида уюштирилган бирор бир ҳужумга масъулиятни Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" гуруҳининг ўзи бевосита ўз зиммасига олиб чиқмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бироқ, худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, ўтган ой Покистондаги шиа масжидларидан бирида юз берган портлашга жавобгарликни Толибон ҳаракати сафларидан ажралиб чиқиб, яқинда "Исломий Давлат" томонига ўтган "Жундуллоҳ" гуруҳи ўз бўйнига олганди.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра эса, "Исломий Давлат" янги тармоғи аъзоларининг аксари собиқ толиблар экани бу икки давлатда нафақат ҳукуматлар, балки Толибон исёнчилари билан ҳам ўзаро жанглар эҳтимолини англатади.

Бошқа томондан, мазкур ҳолат бу жангари гуруҳларнинг алал-оқибат ягона мақсад йўлида бирлашиш эҳтимолларини ҳам пайдо қилади, дейишади улар.

Эслатиб ўтиш жоиз, жорий пайтда "Исломий Давлат" гуруҳи жангариларининг сони 30 мингдан ортса, ҳар икки Толибон ҳаракати сафларида 10-15 мингтача толибнинг борлиги тахмин этилади.

Жорий пайтда Марказий Осиёликлари дохил бутун Жанубий Осиё давлатларидан Яқин Шарқда “Исломий Давлат” сафларида жанг қилаётган фуқароларнинг сони минглаб экани айтилади.

Яқинда эълон қилинган расмий маълумотлар ўтган бир неча йилнинг ичида ўз йўлларини Сурия ва Ироққа солган марказий осиёликларнинг сони икки мингдан тўрт мингтагача эканига далолат қилганди.

“Исломий Давлат” ва Афғонистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи

"Исломий Давлат" гуруҳи катта сондаги Ғарб қўшинлари Афғонистонни тарк этган, президентлик сайлови билан боғлиқ ярим йиллик бўҳрон ва Афғонистон янги Вазирлар Маҳкамасини ташкил этишдаги кечикишлар сабаб, Афғонистонда турли қуролли гуруҳлар қайта фаоллашган бир манзарада минтақага сизиб киришга ҳаракат қилмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, гуруҳ Яқин Шарқ, Эрон, Покистон ва Афғонистон каби қатор минтақа мамлакатларини ўз ичига олувчи янги Хуросон давлатини барпо этиш ҳаракатида.

"Бунга эса, айримлари пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) давридан ҳам қолган айрим қараш, ишонч ва ақидалар сабаб бўлган, асос яратган", - дейди, жумладан, Покистондан Толибон ва исёнчилик масалалари бўйича эксперт Хадим Ҳусайн.

Аксарият Марказий Осиё давлатларига қўшни Эрон ва Афғонистоннинг маълум ҳудудлари эса, қадимда Хуросон, деб юритилган.

Худди шунга биноан, баъзи бир мусулмонлар Қиёмат қойим бўлишидан олдин Хуросон узра қора байроқлар ҳилпирайди, деган гапга ишонишади.

Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, "Исломий Давлат" Яқин Шарқда эришаётган ютуқлар Жанубий Осиёдаги бошқа жангари гуруҳларни ҳам беэътибор қолдирмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Бошқа тарафдан, уларнинг таъкидлашларича, ҳар икки Толибон ҳаракати сафларидаги тарқоқлик, сўнгги йилларда "ал-Қоида" ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати юз тутган парокандаликлар минтақада жангари тармоқларнинг янги иттифоқлари юзага келиши эҳтимолини ҳам пайдо қилган.

Бу масалада "Исломий Давлат"нинг ҳарбий, ғоявий ва молиий қудрати ҳам яхшигина иш беради.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, агар, Ўзбекистон, Тожикистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва Эрондаги жангари гуруҳлар "Исломий Давлат"га қучоқ очгудек бўлишса, "Исломий Давлат" гуруҳи ҳақиқатан ҳам минтақа учун йирик таҳдидга айланиш потенциалига эга.

"Исломий Давлат" минтақада узоққа бора олиши мумкин ва бунинг учун аллақачон замина ҳам бор", - дейишади улар.

Буларнинг барчаси эса, бошқа томондан, "Исломий Давлат" гуруҳи Яқин Шарқда Ғарб бошчилигидаги иттифоқнинг ҳаво ҳужумлари нишонига айланган, Ироқ ҳукуматининг қарши амаллари ва маҳаллий аҳолининг ҳам қуролли норозилилига тўқнаш келаётган бир манзарада кузатилмоқда.

Халқаро таҳлилчиларга кўра, бу каби босим ҳозир "Исломий Давлат"нинг Яқин Шарқ чегараларидан ташқарида фаоллашишга ундаётган яна бир асосий омил бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ