Жанубий қозоғистонликлар Россия билан чегарадош шимолга кўчирилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қозоғистон ҳукумати жанубда яшовчи аҳолини шимолга кўчириш борасида бош қотирмоқда. Ушбу амал жанубий минтақалардаги аҳоли зичлигини камайтириш ва шимолда йилдан йилга камайиб бораётган одамларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида қилинаётгани айтилмоқда.

Кузатувчилар Украина ҳодисаларидан сўнг Қозоғистон шимолидаги миллати рус бўлганларнинг сони кўплигига эътибор қаратишган.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги аҳолини кўчириш борасида қонун лойиҳаси тайёрлаганини маълум қилган.

Мутахассисларнинг ҳисоб китобига кўра, Қозоғистонда ҳар йили 300 минг одам у минтақадан бу минтақага кўчиб ўтади. Ҳукумат ушбу жараёнга аралашиб уни тартибга солмоқчи.

Ҳукуматдагиларнинг таъкидлашича, ҳозир бирор чора кўрилмаса, яқин йиллар ичида шимолдаги аҳоли сони деярли бир миллион қисқариб кетади. Жанубда эса 5 миллионга кўтарилиб кетади.

Бу каби номутаносибликнинг олдини олиш учун Вазирлар маҳкамаси зарур чоралар кўришга қарор қилди.

Расмийлар ушбу чоралар ҳеч кимни мажбуран кўчиришни назарда тутмаганлигини айтмоқда.

Бироқ янги қонун кўчиб ўтувчиларга мўмайгина пул, транспорт ҳаражатларини қоплаш, кафолатган ишчи ўринлари ва арзон ижара бошпана таклиф қилиши мумкин.

Бундан ташқари ҳукумат ётоқхоналар ва шимолдаги олий ўқув юртларига грантлар сонини оширишни режа қилмоқда.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазири Тамара Дуйсенова журналистлар билан учрашувда кўчириш ихтиёрий равишда амалга оширилишини айтган.

“Кўчириш ихтиёрийдир. Агар одам кўчишни истаса кўчиши мумкин. Қани кўчиб ўтингларчи, деган босим бўлмайди. Фуқароларимизга аниқ мутахассислик бўйича аниқ бўш иш ўрни бор иш берувчилар мавжуд аҳоли пунктини таклиф қиламиз”, - дейди Тамара Дуйсенова.

Украинадаги ҳодисалар ва Қримнинг Россияга қўшиб олиниши ортидан Қозоғистондаги жамоатчилик вакиллари Россия билан чегарадош шимолга маҳаллий аҳолини кўчириш лозимлигини уқтириб келади.

2014 йилги аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра Қозоғистонда 3,5 миллиондан ортиқ рус истиқомат қилади. Улар умумий аҳолининг 21 фоизини ташкил қилиб мамлакатда қозоқлардан сўнг энг кўп миллат бўлиб турибди.

Эътиборли томони русларнинг кўпчилик қисми Россия билан чегарадош вилоятларда яшайди.

Шимолда русларнинг сони ўртача 40 фоизни ташкил қилади. Шимолий Қозоғистон вилоятининг қарийб 50 фоизини руслар ташкил қилади.

Расмийлар режаланаётган кўчишлар геосиёсий вазият билан қанчалик боғлиқ эканлиги борасида бирор изоҳ бермаган.

Бироқ Қозоғистоннинг демографик харитасига назар солиш билан буюк кўчиш Россиядан келиши мумкин бўлган хавфнинг олдини олиш мақсадида қилинаётганини пайқаш қийин эмас.

2014 йил ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, аҳоли энг кенг жойлашган минтақа тўртлигини ғарбий, марказий ва жанубий ғарбий вилоятлар ташкил қилади.

Ақтўба, Қарағанда, Қизилўрда ва Манғистау вилоятларида ҳукумат томонидан таҳликали деб баҳоланаётган шимолий вилоятларга қараганда аҳоли зичлиги камроқ.

Бироқ ҳукумат аҳоли зичлиги умум мамлакат кўрсатгичлари бўйича ўртачани ташкил қилаётган айнан шимолдаги минтақаларга кўчишни қўллаб қувватламоқчи.

Украина ҳодисаларидан сўнг Қозоғистон ҳукумати мамлакатга келувчи этник қозоқларнинг жойлашуви ва фуқаролик олишига енгилликлар киритган эди.

Эндиликлар кўчиб келаётган ўралмонлар ўзлари истаган минтақада яшаши ва бир йилнинг ичида фуқаролик олишлари мумкин.