Тожик сайлови: ўқитувчи номзод тожик тили имтиҳонидан 'йиқилди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Тожикистон сайлов комиссияси 38 йиллик иш тажрибасига эга тожик тили ўқитувчиси Додожон Ёқубовни давлат тили имтиҳонидан "йиқитди".

Додожон Ёқубов ўқитувчи бўлиши билан бирга фан номзоди ҳамдир.

Унинг номзодини Тожикистон Ислом Уйғониш партияси Суғд вилоят мажлиси депутатлигига илгари сурган эди.

Ислом Уйғониш партияси ўз номзодининг вилоят сайлов комиссияси томонидан тожик тили имтиҳонидан ўта олмагани ҳақида хабар тарқатган.

Округ сайлов комиссиясининг қароридан норози бўлган Додожон Ёқубов маҳкамага шикоят аризасини топширган.

Бироқ маҳкама унинг шикоятини рад этган.

Имтиҳондан ўта олмагани важ қилиниб жаноб Ёқубовнинг номзодини Суғд округи сайлов комиссияси рўйхатга олмаган.

Бироқ кўчаларда педагог ҳақорат қилинган фотосуратлар пайдо бўлган, деб хабар қилади "Озодагон" веб-сайти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Айни пайтда Тожикистондаги Журналистлар уюшмаси, Мустақил оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси ва Оммавий ахборот воситалари бўйича Кенгаш ҳам матбуотдан журналистларга қарши сиёсий кураш қуроли сифатида фойдаланилаётганидан хавотир билдириб чиққан.

Бу ташкилотлар ҳам журналистларга матбуот орқали ҳужумлар 1 мартга белгиланган Тожикистон парламент сайловлари арафасида юз бераётганини урғулаган.

"Охирги пайтда мустақил журналистларга қарши таъқиб, руҳий босим, шахсий ҳаётга тааллуқли ахборотни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқатишдек ҳужумлар кузатилмоқда. Бундай ҳужумлардан кўзланган мақсад, журналистларни жамият олдида обрўсизлантиришдир. Сохта исмлар остидаги одамлар журналистларнинг шахсий ва касб сири бўлган ахборотдан фойдаланмоқдалар, бу нарсалар эса қўлга киритиш чекланган ахборот ноқонуний қўлга киритилганини кўрсатади", дейилади журналистларни ҳимоя қилиш ташкилотлари тарқатган баёнотда.

Тожик мухолифати, хусусан Тожикистон Ислом Уйғониш партияси давлат томонидан партия ва унинг аъзоларини обрўсизлантириш мақсадида ифлос усулларга қўл урилаётгани ҳақида баёнотлар тарқатган.

Интернетда гўёки партия аъзолари экани айтилган шахсларнинг шаҳвоний видеолари эълон қилинган.

Айрим партия аъзолари устидан сохта айбловлар билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳибсга олинганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ