Қозоғистон: мактаб ўқувчилари намозни деб дарсни қолдирмасин

Қозоғистон ҳукумати ўқувчиларнинг масжидларга намоз ўқишга бориши туфайли дарсларни қолдираётганларидан ташвиш билдирган.

Қозоғистон Маданият ва спорт вазирлигининг диний ишлар бўйича қўмитасига кўра, бундай ҳолат айниқса Қизилўрда вилояти мактабларида кенг учрамоқда.

"Албатта, давлат диндор оилаларнинг болалари тарбиясига таъсир кўрсатиш фикридан йироқ. Бироқ ҳеч ким диний ҳуқуқларини рўкач қилиб ўзидаги мажбуриятларни бажаришдан воз кечиши мумкин эмас, дейилади қўмита мурожаатида.

Расмий идоралар шунингдек дарсларни мунтазам қолдираётган ўқувчиларнинг ота-оналарига ҳам мурожаат қилиб, боланинг ўрта маълумот олиши учун ота-она масъул эканини таъкидлайди. Бу нафақат давлат қонунларига биноан, балки диний тартиблар бўйича ҳам шундай қаралиши тўғридир, деб айтади қозоқ расмийлари.

Қозоғистонда бундан олдин ўқувчиларнинг мактабга ҳижобда келишлари тақиқланган.

Шунингдек, олдинроқ давлат ишхонларида ходимларнинг намоз ўқишини тақиқлаш тўғрисида таклифлар ўртага ташланган, бироқ у кўпчилик томонидан қувватланмаган.

Мулозимлар билдиришича, сўнгги пайтлари дин ниқоби остида ғарбий Қозоғистонда экстремист гуруҳларнинг фаоллашгани ва қатор қуролли ҳужумларни амалга оширишгани бу қонунни қабул қилишга туртки берган.

Парламентда ҳам мазкур қонун баҳсларга етаклаган. Айрим намозхон депутатлар "агар бу қонун кучга кирса, ишхонада намоз ўқиб, ўзимиз ҳам жиноятчи бўлиб қоламиз-ку", деб эътироз билдиргандилар.

Бундан ташқари, Сузоқда маҳаллий ҳокимият диндорлардан соқолларини қириб олиб юришни талаб қилгани одамларнинг норозилигини уйғотган.

Кузатувчиларга кўра, сўнгги йиллари Марказий Осиё давлатлари диний эркинликларни чеклашга оид янгича қадамларни қўйишмоқда.

Хусусан, Ўзбекистонда ҳижоб ўраган қизлар рўмолсиз келишга рози бўлмагани учун ўқишдан ҳайдалган ҳолатлар учраган. Шунингдек, ёш болаларнинг жума намозларига бориши ҳам қатъий назорат остида.

Тожикистон ҳам яқинда вояга етмаган болаларнинг масжидга намозга чиқишларини чекловчи амалларга қўл урди.

Охирги хабарларга кўра, Қирғизистон жанубидаги билим даргоҳларида ҳам муслима ўқувчи қизларнинг ҳижоб ўрашига қаршиликлар бўлган ҳолатлар мавжуд.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз:+44 7858 860002