Тожикистонда мухолифатга босим ўтказилмоқда

Тожикистон Социал Демократик партия раҳбари Раҳматилло Зойиров мамлакатда 1 мартга мўлжалланган парламент сайловлари олди сиёсий бирлашиш тарафдорларига нисбатан босимлар ва қонунбузарликлар ўтказилаётгани ҳақида МСКга шикоят қилган.

"Маҳаллий ҳокимият топшириғи билан бир гуруҳ одамлар СДПнинг тарғибот плакатларини йиртишмоқда. Туман раҳбарлари бизнинг партиянинг депутатларига таҳдид қилмоқда ва депутатлик курсиси учун курашдан воз кечишни талаб қилмоқдалар. Қонун бузилиши ҳар куни давом этмоқда", дейилади Социал Демократик партия раҳбари мурожаатида.

Олдинроқ Тожикистон Исломий партия маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан кўп сонли қонунбузарликлар ҳақида маълум қилган.

Тожикистон Марказий Сайлов Комиссияси айтилган қонунбузарликларни текширилишини билдирган. Айни пайтда Тожик ҳукумати парламент сайловларига тайёргарлик вақтида ҳеч қандай қонунбузарликлар кузатилмаганини ва барча партияларга тенг шароитлар яратиб берилганини айтмоқда.

1 мартда Тожикистонда парламент сайловлари бўлиб ўтиши керак. Мамлакат миллий парламентида 63 ўрин учун саккиз сиёсий партия курашади. Сайловларда асосий номзод Президент Эмомали Раҳмон бошқарадиган Халқ Демократик партияси ҳисобланади. Исломий партия ва Социал Демократик партияга ХДПнинг асосий рақиблари сифатида қаралмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02