Атамбаев Минскдаги қотиллик юзасидан Лукашенкога мурожаат қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.kg
Image caption Алмазбек Атамбаев

Қирғизистон Президенти Беларус раҳбари Александр Лукашенкога мурожаат қилиб, пойтахт Минскда уюшган жиноий гуруҳ раҳбарларидан бири сифатида кўрилган Алманбет Анапияевнинг ўлдирилишига оид муайян жиҳатларга диққат қаратишни сўраган.

Алмазбек Атамбаев ўз баёнотида собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг оиласини "қонхўр Бакиевлар" дея таърифлаган.

Президент матбуот хизмати тарқатган баёнот: "Беларус ҳукумати Бакиевларнинг қонхўр эканини тушуниши учун улар яна кимни ўлдириши лозим?" деган савол билан бошланади.

"Бакиевлар иштирокида Минскда содир этилган сўнгги жиноий ҳодиса Беларус ҳукуматини ҳам ташвишга солишига ишонаман", дейилади Алмазбек Атамбоевнинг баёнотида.

Айни пайтда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Бакиевлар оиласи айрим аъзолари ҳамда гумондорларни экстрадиция қилишни сўраб Минскга махсус мактуб йўллаган.

Кеча кечқурун ўзини "Алманбет Анапияевнинг қўриқчиси" деб таништирган шахснинг Ички ишлар вазирлиги терговчилари тергов қилаётгани акс этган тасвирлар Қирғизистон Миллий телеканали орқали эфирга узатилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи interpol
Image caption Алманбет Анапияевнинг жасади Минскда топилганди

Исми шарфи Гүлжигит Абилазизов экани айтилган шахс Анапияев ўлдирилишидан олган у яшаган уйга қудратдан ағдарилган президент Қурманбек Бакиевнинг укаси Жанибек Бакиев ва унинг атрофидаги кишилар келганлигини айтган.

Аммо, жамоатчилик телевизион орқали намойиш этилган тергов жараёни қанчалар ҳақиқий экани савол остига олинмоқда.

Одатда Ички ишлар органлари оғир жиноятларга алоқадор тафсилотларни тергов жараёни ниҳоясига етиб, ишончли ва наиқ хулоса қилинмагунга қадар эълон қилмаслиги лозим.

Бир ҳафта муқаддам Беларус пойтахти Минскда Қирғизистон уюшган жиноий гуруҳ раҳбарларидан бири сифатида кўрилган Алманбет Анапияевнинг жасади "Мерседес-Бенц" автомобилидан топилган.

Беларус Тергов қўмитаси марҳум ўлдирилишидан олдин қийноққа солингани ҳақида айтган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигига кўра, Алманбет Анапияев собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг укаси Жаниш Бакиев билан яқин алоқада бўлган.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида Алманбет Анапияев 2010 йил июнида Қирғизистон жанубида юз берган қонли низолар ортида турганлардан бири экани ҳам айтилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ