"Қирғизистонда Исломий давлатга алоқадор шахслар ушланган"

Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси хабар тарқатишича, террористик ҳужумларни амалга оширишни режалаштирган гуруҳ Қирғиз-Ўзбек чегарасида қўлга олинган.

Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Роҳат Сулаймоновга кўра, йигитлар Суриядаги жангарилар жамлоғларида тайёргарликдан ўтиб, сўнгра Қирғизистонга қайтганларига ишонилади.

"Гумонланганлар хайрия ниқоби остида Суриядаги жангарилар учун молиявий ёрдам йиғиш билан шуғулланганлар", дейди Сулаймонов матбуот анжуманида.

Унинг қайд этишича, январ ойида Ўшда қўлга олинган олти шахс ҳам Ўзбекистон ва Қирғизистонда қуролли ҳужумлар уюштиришни кўзлаган. Уларнинг ёнидан катта миқдорда қурол-яроғлар топилган, дейилади.

Бундан ташқари Уютубе видео тармоғида исломий давлат сафидаги ўзбек жангариларининг янги видео мурожаати пайдо бўлган.

Видеолавҳада ниқобдаги уч-тўрт жангари яқин орада Марказий Осиё давлатларига кириб боришга ваъда беради. Ўзбек ва инглиз тилларида гапирган йигитлар "Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга кириб, кофирларни жазолашлари"ни айтишади.

Шунингдек, Фейсбукдаги видеода автомат кўтариб олган номаълум шахслар қозоқ тилида Ироқ, Афғонистон ва Сурияга ҳижрат қилишга чақиради. Исломий давлат байроғини кўтариб олган ниқобли кишилар мужоҳидлар билан танишиш, жиҳод қилишни ўрганиш ва шаҳид бўлишга даъват этади.

Марказий осиёлик жиҳодчилар

Исломий давлат жангарилари орасида ўзбеклар ва бошқа марказий осиёликлар борлиги хабарлари чиққан.

Бунга далил сифатида интернетда тарқалган ўзбек, қозоқ, қирғиз тилидаги жиҳодга мурожаатлари келтирилади. Шунингдек, Қирғизистон, Қозоғистон хавфсизлик хизматлари юзлаб фуқаролар Сурия ва Ироқда жанг қилаётганлари ҳақидаги маълумотлар борлигини айтган.

Тожикистон ҳукумати қарийб 300 тожикистонлик ИД сафида жанг қилаётгани, ундан тахминан 50 таси ҳалок бўлганини аниқлаган.

Кўлоблик 65 яшар Майрам Олимова интернет орқали "Исломий давлат" раҳбари Ал-Бағдодийга мурожаат қилиб, эри ва уч боласини кўргани Сурияга кетган ёлғиз қизини қайтаришни сўраган.

Хатлон вилоятидан 73 ёшли Олиммурод Абдурахмонов ҳам уч ўғли икки йилдан бери Сурияда экани, агар улар тирик бўлсалар орқага қайтишларини илтимос қилади.

Кузатувчиларга кўра, Сурияга бутун оиласини олиб кетган одамлар кўпайишига минтақадаги ишсизлик, оғир турмуш даражаси ва диндорларга доимий босим сабаб бўлиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ