Қирғизистондаги эшак гўшти можароси Туркияга ҳам ёйилган

Image caption Турк нашри эшак гўшти можаросига Гулен жамоатининг алоқаси бор деб ёзади.

Туркияда чиқадиган "Yeni Akit" рўзномаси "нурчилар пешвоси" сифатида билинган Фатҳуллоҳ Гулен жамоатини Қирғизистонда, рўзнома таъбирича, эшак гўшти тижорати билан шуғулланганликда айблаган.

Нашрнинг қирғиз матбуотига иқтибосан ёзишича, жамоатга алоқадорлиги иддао қилинган икки турк фуқароси юзлаб эшакларни сўйиб, сотишда гумон қилинмоқда.

Эшак гўшти можаросининг янги тафсилотларини ўрганган Би-би-сининг Бишкекдаги мухбири Тўлқинбек Турдибоевнинг айтишича, Бишкекдаги Себат турк лицейига ҳам эшак гўшти етказилганини мазкур ўқув юрти бош мудири Нурлан Худойбердиев рад қилган.

Бу бизнинг обрўйимизга доғ туширган қалбаки ахборот,- деган у Би-би-сига. Шу сабабдан тегишли хуқуқ тартибот идораларига шикоят аризаси билан мурожаат этганини, Қирғизистон ҳудудида ёки Туркияда бўладими, текширилмаган бундай маълумот кимлар томонидан ва нима сабабдан тарқатилганини аниқлаб беришни сўраганини айтган Себат турк лицейи раҳбари.

Мулозимга кўра, Қирғизистон миллий телеканали ва Туркиядаги "Yeni Akit" нашри бирор далил-исботларни келтирмаган ва мазкур ҳодисага боғлиқ бирорта турк фуқароси жиноий ҳаракатда айбланмаган.

Қирғизистонда Манас ҳаво майдони атрофида жойлашган Қайтал корхонаси эшак гўштини асосий ишлаб чиқарувчисидир.

"Менинг эшак боқиладиган фермамдан бир грамм ҳам гўшт ҳеч бир чойхона ва ёки кафега берилмаган", деган Қайтал хўжалиги раҳбари Алмас Тақирбош матбуот анжуманида.

Тақирбошнинг айтишича, асли Туркиянинг ширкати билан имзоланган шартномалар бор. Шу ширкат эшак гўштини ҳайвонот боғларига етказиб, йиртқич ҳайвонлар озиқ-овқати сифатида сотади, деб айтган тадбиркор.

Шу билан бирга, корхона раҳбари таъкидлашича, унинг туркиялик ҳамкори учун энг қимматбаҳо нарса бу фақат эшак гўшти эмас, эшак териси экан.

"Гўштни ишлаб чиқаришда биз эшакнинг пўстини жуда эҳтиёткорлик билан ажратиб оламиз, ҳатто қулоғига ҳам пичоқ тегизмаймиз. Чунки бу ҳамкоримизнинг қатъий талабидир",- дейди чорвадор. Лекин у ўзаро ҳамкорликдан "савдонинг махфий томонлари бор" дея бошқа тафсилотларини ошкор қилмаган.

Эшак гўштини ишлаб чиқариш учун жониворлар бу корхонага турли йўллар билан келтирилган. Масалан, ширкат раҳбари билдиришича, у эшакларни қисман сотиб олган, яна ўзи ҳам асраб боққан.

Эшак билан савдо қилган тижоратчининг мухбиримизга айтишича, Қирғизистон жанубига солиштирганда шимолида ҳам аҳоли эшак кучидан фойдаланади, лекин камроқ. Шу сабабли давлат томонидан эшаклар йиғиб олинади ва эшакларни сўйиш учун шароит у ерда кўпроқ.

Эшак Марказий Осиёнинг қишлоқлари, айниқса, тоғли минтақларида ҳалигача трантспорт воситаси сифатида ишлатилади.

3-4 йил олдин Тожикистонда шунга ўхшаган можаро юз берган ва маҳаллий аҳоли хитойлик ишчилар эшакларни сўйиб еб қўяётганидан қишлоқда минишга эшак қолмаганидан шикоят қилишганди.

Би-би-си мухбирига кўра, Қирғизистон жанубида нақлиёт учун эшаклар етарли. Шимолда қишлоқ аҳолиси анъанавий нақлиёт моли сифатида асосан отларни боқади.

Қирғизистонда ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нодавлат ташкилотлар бор албатта.

Лекин бундай ташкилотларнинг бошқа мамлакатлардаги каби аҳоли орасида анча таъсирга эга деб бўлмайди. Улар кўпроқ ҳайвонот оламига боғлиқ касбий муаммолари билан шуғулланиб келади.

Одамларга эшак гўшти сотилган, деган машмашанинг тўсатдан пайдо бўлишига эса энг аввало миллий телеканал тарқатган маълумот туртки берган. Яна бошқа сабаби-эшак гўштини ишлаб чиқарган корхона ўз фаолиятини олдиндан оммага эълон қилмаган.

Балки шунинг учундир аҳоли томонидан бу махфий тарздаги ноқонуний ҳаракат тарзида қабул қилинган.

Бу ҳодиса бўйича айни пайтда жиноий иш очилган, лекин оммавий ахборот воситалари ёки назорат қилувчи ветенария ва санитария идораларидан бирортаси аниқ бир далил исботлар келтирмаган.

Тергов ишлари кетаётгани боис, эшак гўшти ишлаб чиқарган корхонанинг фаолияти ҳам тўхтатилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ