Тожик мухолифатчиси Истанбулда ўлдирилди

Хабарларга кўра, мухолифатдаги "Группа 24" ҳаракати лидери Умарали Қувватов пайшанба куни кечқурун номаълум қуролли шахс томонидан отиб ўлдирилган.

Аёли ва икки нафар ёш боласи заҳарланиш аломатлари билан касалхонага келтирилган.

Уларнинг ҳануз "Жонлантириш" бўлимида эканликлари айтилади.

Бу ҳақда отиб ўлдирилган мухолифат лидерининг яқинлари билдиришган.

Умарали Қувватов тожик ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган.

У раҳбарлик қилувчи "Группа 24" ҳаракатининг фаолияти эса, Тожикистонда расман тақиқланган.

Ҳар икки ҳодиса юз берган пайтда уларнинг меҳмонда бўлганликлари айтилади.

Хабарларга кўра, тоамдан сўнг, Умарали Қувватов ўзини ёмон ҳис қилади ва тоза ҳаво олиш учун кўчага чиқади.

Аён бўлишича, худди шу пайтда пешонасидан отиб ўлдирилади.

У билан бирга бўлган аёли ва болалари юз берган ҳодиса ҳақида марҳумнинг яқинларига хабар беришга улгуришади.

Аммо шундан сўнг ўзлари ҳам ҳушларини йўқотишади ва заҳарланиш аломатлари билан тезликда касалхонага етказилишади.

Бу хабарларни Би-би-си билан суҳбатларида хориждаги тожик мухолифати вакиллари ҳам тасдиқлашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Умарали Қувватов 2012 йилда Тожикистонни тарк этган, маълум муддат Москвада яшаган.

2012 йил охирларида расмий Душанбенинг сўрови билан Бирлашган Араб Амирликларида ҳибсга олинган.

Аммо кейинчалик қўйиб юборилган ва оиласи билан Туркияга келиб ўрнашган.

Орада тожик ҳукумати мухолифат лидерини экстрадиция этишларини талаб қилиб, бир неча бор Туркияга мурожаат қилган.

Умарали Қувватов Би-би-си билан суҳбатида кўп бор Тожикистон Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан ўзига нисбатан таҳдидлар бўлганини ҳам айтган.

Шу йилнинг 16 январ куни тожикистонлик масъуллар расмий матбуот анжумани чоғида Умарали Қувватовнинг иқтисодий жиноятларда айбланаётганини маълум қилишган.

2014 йилнинг 9 октябр куни эса, Тожикистон Олий маҳкамаси у раҳбарлик қилган "24" ҳаракатини "экстремист ташкилот", деб эълон қилган.

Шундан сўнг, маҳкама ҳукми билан ҳаракатнинг фаолияти бутун Тожикистон ҳудудида расман тақиқланган.

Расмий Душанбе, ҳозирча, Умарали Қувватовнинг ўлими юзасидан бирор бир баёнот билан чиқмаган.

Пайшанбадан жумага ўтар кечаси юз берган ҳодисани Туркия расмийлари ҳам тасдиқлашган.

Мухолифат лидерининг ўлдириб кетилиши Тожикистон парламент сайловларидан қисқа вақт ўтиб кузатилмоқда.

Унда президент Эмомали Раҳмоннинг Халқ демократик партияси 63 ўриндан 51 тасини эгаллаган.

Мухолифат партияларига эса, деярли бирор бир ўрин насиб этмаган.

Танқидчилари президент Раҳмонни Тожикистон ичкарисидаги мухолифатнинг дамини осонлик билан қирққан бўлса, хориждагисининг овозини ўчириш учун "Интерпол"нинг ёрдамидан фойдаланаётганликда айблашади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ