"Умарали Қувватовнинг ўлимига алоқадор шахс ушланган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Истанбул полицияси хабар беришича, Тожик мухолифатчиси, "Группа 24" ҳаракати раҳбари Умарали Қувватовнинг ўлимида гумонланиб тожикистонлик фуқаро қўлга олинган.

Туркия матбуотининг полицияга иқтибосан ёзишича, қотилликка алоқадорликда ушланган Сулаймон исмли шахс Қувватов ўлимидан олдин бирга овқатланган.

Сулаймон Қаюмов бундан уч ой олдин Туркияга келган ва "Группа 24" ҳаракатига қўшилган. Сулаймон Қаюмов 5 март куни Қувватовни оиласи билан меҳмонга таклиф қилади.

Қувватов яқинларига биноан, Сулаймон овқат маҳали ўзини шубҳали тутган, ким биландир тез-тез телефон орқали гаплашиб турган.

Айтилишича, Қувватовнинг ўзи, хотини ва икки боласи овқатланиб қайтгач, ўзларини ёмон ҳис қилишган. Умарали Қувватовни оиласини меҳмонга таклиф қилган асли тожикистонлик шахс уларни заҳарланишида, сўнгра Қувватовнинг отиб ўлдирилишида алоқаси бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Воқеа гувоҳларига кўра, Қувватовни отган шахс қора кийинган ва тожик тилида гапирган.

Айни пайтда полициянинг қотиллик ва терроризмга қарши кураш бўлимлари тезкор қидирув ишларини бошлаганлар.

Қотиллик

47 ёшли тожик мухолифати раҳбарларидан бўлган Умарали Қувватов пайшанба, 5 март куни Истанбулнинг Фотиҳ туманида отиб ўлдирилган эди.

Симсар кўчасида содир этилган ҳодисадан сўнг ўқ узган киши тезда кўздан ғойиб бўлган.

Январ ойида Тожикистон ҳукумати Туркиядан "Группа 24" ташкилоти раҳбари, бизнесмен Умарали Қувватовни беришни талаб қилган, бироқ Истанбул рад жавобини берган.

Умарали Қувватов тожик ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган.

У раҳбарлик қилувчи "Группа 24" ҳаракати Тожикистонда давлат тўнтариши содир қилишга уринишда айбланиб, экстремистик ташкилот деб эълон қилинган ва мамлакатда расман тақиқланган.

Умарали Қувватов 2012 йилда Тожикистонни тарк этган, маълум муддат Москвада яшаган.

2012 йил охирларида расмий Душанбенинг сўрови билан Бирлашган Араб Амирликларида ҳибсга олинган.

Аммо кейинчалик қўйиб юборилган ва оиласи билан Туркияга келиб ўрнашган.

Орада тожик ҳукумати мухолифат лидерини экстрадиция этишларини талаб қилиб, бир неча бор Туркияга мурожаат қилган.

Умарали Қувватов Би-би-си билан суҳбатида кўп бор Тожикистон Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан ўзига нисбатан таҳдидлар бўлганини ҳам айтган.

Тожикистон ҳукумати Қувватов ўлимидан икки кун ўтиб муносабат билдирган.

Тожикистон Ички Ишлар Вазирлиги жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси раҳбари Жўрахон Мажидзоданинг айтишича, Қувватов ўз вақтида кўп инсонлар билан бизнес соҳасида келишмовчиликлари бўлган. "Шундан келиб чиқиб, унга тиш қайраб юрганлар кўп бўлган дейиш мумкин. Тожик ҳукумати эса бошқа давлатга қотил юбориб жиноятни содир этадиганлар сирасига кирмайди", деб таъкидлайди жаноб Мажидзода.

Мухолифатдаги Ислом Уйғониш партияси Қувватов ўлимини қоралаган. Хориждаги тожик мухолифати вакиллари қотилликда Эмомали Раҳмон ҳукумати қўли борлиги эҳтимолини айтганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ