Ҳокимиятда қолишнинг беш йўлини ўргатайми сизга?

Шу баҳорда Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг ўз лидерларини яна қайта сайлашлари кутилмоқда. Ҳали Нурсултон Назарбоев Қозоғистон президентлик сайловига ўз номзодини илгари сургани ҳақида эълон қилганича йўқ. Бироқ агар жаноб Назарбоев ўз лавозимида қолса ёхуд Ислом Каримов яна Ўзбекистоннинг Президенти бўлиб қоладиган бўлса, ажабланадиган одам кам бўлади.

Жаноб Каримов ҳам, жаноб Назарбоев ҳам Шўролар замонидан буён мамлакатларини бошқариб келадилар ва бугунга келиб икковлон жаҳондаги энг узоқ ҳукмронлик қилаётган лидерларларга айланган. Улар қудратда қолиш мақсадида фойдаланиб келаётган ва синовдан ўтказилган усуллар бештадир.

1. "Референдум ташкиллаштир!"

Кўпинча президентлик муддатини узайтириш мақсадида сайлов эмас, референдум ўтказилади. Бу усул, айниқса, 1990-йилларда, постсовет Марказий Осиё оғриқли ўтиш даврини бошидан кечираётган, қашшоқлик ва ишсизлик ортиб бораётган замонларда ишга солинган, чунки иқтисодий пасайиш пайтида очиқ сайлов ўтказиш мухолифатга жамоатчиликнинг кўп овозини тўплаб бериш имкониятини яратиш деганини англатарди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон 1995 йилда референдум ўтказганлар, ўшанда икки президентнинг ҳам муддатлари 2000 йилгача узайтирилган. 2002 йилдаги яна бир референдум Ислом Каримовга Ўзбекистонни яна қўшимча етти йил - 2007 йилгача бошқаришиги изн берган.

Шундан кейин референдум ғояси халқаро ҳамжамият томонидан танқидларга тутилди, шу боис қудратдаги президентлар бу йўлни қўлламасликка қарор қилдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

2. Ўз муддатидаги эмас, балки қайишқоқ сайловлар

29 мартдаги президентлик сайлови Ўзбекистондаги президентнинг ваколати муддати ўтиб кетганидан кейин ўтказилаётган иккинчи сайловдир. Бу гал парламент сайловлари билан президентлик сайловлари бир вақтга тўғри келиб қолмаслиги учун шундай қарор қабул қилинди, деб тушунтирилди. Мамлакатда парламент сайловлари 2014 декабр ойида бўлиб ўтгани хабар қилинди.

Муддатидан олдин сайлов ўтказишга Қозоғистонда уч марта қўл урилди. Бу усул мамлакат раҳбарига ўз мухолифларини "доғда қолдириш"га йўл очди - 2011 йилдаги муддатидан олдинги сайловларни бойкот қилган асосий мухолифат бу сайловга тайёрланишга ўзларида жуда кам вақт бўлганини айтганлар.

Ўз вақтидан олдинги сайлов ташкиллаштириш мушкул масалалар кўпайиб бораётган ва уларни раҳбар камайтиришга уринган пайтда жуда асқотади. Ўтган ой муддатидан олдинги президентлик сайлови ҳақида эълон қилар экан, Президент Назарбоев "иқтисодий инқироз кучайиб бораётгани" ва "геосиёсий қарама-қаршиликлар ортиб бораётгани"ни тилга олди - бунда у Украина инқирозини назарда тутди. Овоз бериш 26 апрелга белгиланди.

Муддатидан олдинги сайловлар ёки референдумлар легитимдек кўриниши учун Қозоғистонда кўпинча бундай ташаббуслар фуқароларнинг гуруҳлари томонидан оммага тақдим қилинади. 2015 йилда муддатидан аввал сайлов ўтказиш ғояси Қозоғистон Халқлари ассамблеяси томонидан илгари сурилди. 2011 йилда эса Президент Назарбоевнинг муддатини референдум орқали 2020 йилгача узайтириш ташаббусини қўллаб-қувватлаш учун миллионлаб имзолар тўпланган, ахийри "бошқа иложи қолмаган" Назарбоев муддатидан олдинги сайловларга розилик беришга "мажбур бўлган эди".

3. Реал мухолифатсиз сайловлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қозоғистон ва Ўзбекистондаги сайловларнинг асосий танқиди Оврўпода Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан ҳақиқий мусобақа, рақобатнинг йўқлиги бўлади. Номзодларнинг хилма-хиллиги сайловчилар учун ҳақиқий танлов мавжудлигини англатмайди, дейди ОБСЕ. Президентликка мухолиф номзодлар қудратдаги президентпараст бўладилар, ҳатто айрим ҳолларда жорий президент учун овоз берганларини ҳам тан оладилар.

Бу нарсани номзод вақти келиб юзма-юз келиши мумкин бўлган босим билан тушунтириш мумкин. Президент Каримовга 1991 йилги сайловда мухолиф бўлган "Эрк" партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ дуч келган таъқиблари боис мамлакатни ташлаб кетишга мажбур бўлганди.

Қозоғистонда эса таниқли мухолиф номзодлар президентлик мусобақасигача "етиб бора олмайдилар". 1999 йили асосий мухолиф номзод Акежан Кажегелдин маҳкама томонидан рухсат берилмаган раллида қатнашишда айбдор деб топилган, бу эса автоматик тарзда номзодини президентликка илгари суриш ҳуқуқидан маҳрум қилган. 2011 йилда эса асосий мухолиф партиялар мўлжалланганидан олдин сайлов ўтказиш қарорини танқид қилишган ва бу сайловда иштирок этишдан бош тортганлар(иккинчи усулга қаранг!)

4. Конституцияга ўзгартиришлар

Ушбу баҳордаги сайловолди кампаниясида Президент Каримов ўзининг тўртинчи президентлик муддатига интилмоқда ва агар Президент Назарбоев ўз номзодини яна президентликка илгари суришга қарор қилса, бу унинг бешинчи кампанияси бўлади. Ҳатто конституцияда бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентлик лавозимини эгаллаши тақиқланганига қарамасдан, Марказий Осиё президентлари бу шартни констиуцияга ўзгартириш киритиш ёхуд янги конституция қабул қилиш йўли билан осонгина "айланиб ўтадилар". Ва ўзгаришлар жорий қилинганидан олдинги муддат янги муддатга қўшилмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бу йўл жаноб Назарбоев ва жаноб Каримовга учинчи муҳлат президентлик лавозимларини эгаллашларига рухсат берган. Бироқ шундан сўнг Қозоғистон қонунчиликка тааллуқли бошоғриқни бартараф этишга ва жаноб Назарбоевга сони чекланмаган марта президентлик лавозимини эгаллашига изн берадиган қонунни қабул қилди.

5.Сайлов қаллобликлари

Қудратдаги президент доим 90 фоиздан кўп овоз тўплаши ва ҳар доим сайловчиларнинг иштироки жуда фаол бўлиши - Марказий Осиё мамлакатларида "табиий нарса". Экспертлар бундай юқори кўрсаткичларга сохталаштириш орқали "эришилиши"ни айтадилар. Оврўпода Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти сайлов пайтида овоз бериш белгилаб қўйилганини, қайта-қайта овоз беришлар ва бошқа қонунбузарликлар ҳақида хабар қилган. Шунингдек, одамлар раҳбарни ёқлаб овоз беришларини таъминлаш учун таҳдид ва босимлар мунтазам юз бериши ҳам хабар қилинган.

Балки Ислом Каримов ҳам, Нурсултон Назарбоев ҳам бу қадар кучли назоратдаги сиёсий муҳитда қаллобликларсиз ҳам ғалаба қозонишлари мумкиндир. Чунки овоз берувчилар бундай шароитда бошқа муқобилни кўрмайдилар. Бироқ сайловчилар иштироки ва ёқлаб овоз бериш рақамлари сохталаштирилиши мамлакат раҳбарининг легитимлигини кучайтириш йўли деб кўрилади. Агар рақам паст бўлса, мамлакат президентини заиф қилиб кўрсатиши мумкин, бу эса ҳам иттифоқчилар ва ҳам рақибларга нотўғри сигнал бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ