Генерал Дўстум кенгашда деярли йиғлагани ростми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc uzbek
Image caption Генерал Дўстум: "Мени халқ генерал даражасига кўтарган!"

"Ню Йорк Таймс" рўзномаси "Афғонистон вице-Президенти, собиқ уруш қўмондони чекалантирилгач, тутақмоқда" деган мақолани чоп этди. Мақола муаллифи Аъзам Аҳмаднинг айтишича, Дўстум бундан бироз аввал хавфсизлик кенгашида деярли йиғлаган.

"Хавфсизлик бўйича йиғилиш эндигина бошланганида Афғонистон вице-Президенти, собиқ уруш қўмондони Абдул Рашид Дўстум йиғлай бошлади.

Бу Миллий хавфсизлик кенгашининг одатий ҳафталик йиғилишининг ғалати бошланиши эди. Юзлаб Толибон маҳбусларини ўлдиришда айбланган жаноб Дўстум чиндан тўлқинланган эди. У хонадаги бошқа қудратли шахслар тарафидан эътиборсиз қолганидан нолиб, Президент Ашраф Ғани ҳамда унинг хавфсизлик маслаҳатчиси Ҳаниф Атмарни тилга олди.

"Ҳеч ким менинг телефон қўнғироқларимга жавоб бермаяпти!" - деб ўкирди у бундан бир қанча аввал ўтган йиғилишда. Буни ушбу мажлисда қатнашган икки киши тасдиқлади. "Мен фақат ватанимизга ёрдам бермоқчиман. Халқ мени генерал даражасига кўтарди, бироқ ҳеч ким менинг маслаҳатларимга қулоқ солмайди!"

Рўзноманинг ёзишича, бу саҳна уруш қўмондони Дўстумнинг қоғозда мамлакатнинг энг аҳамиятли сиёсатчиларидан бирига ғалати равишда айланганлигини изоҳлаётгандек эди. Сентябр ойидан бери вице-Президент лавозимини эгаллагач, у ўзини яккаланган ҳолда топа бошлади ва бундан жиғибийрон бўлди.

Ашраф Ғани уни ўтган йили ўзига шерик қилиб танлаганида, бу қарор анча мубоҳасали равишда қаршиланган эди. Инсон ҳуқуқлари фаоллари унинг ўтмишини эсга солиб, жиноятлари ҳақида огоҳ этишар, бироқ Афғонистоннинг 10%ча ўзбек аҳолисининг Дўстумга садоқати Ғанига қўл келган эди.

Қарама-қаршиликларга қарамасдан кузатувчилар Дўстумнинг лавозимни эгаллаш биланоқ кўнгли тўяди деган фикрда эдилар, чунки вице-Президент лавозими Афғонистон сиёсатида илк бор киритилаётган эди. Лекин энди аён бўлишича, ҳисоб-китобларда хато кетган экан, - деб ёзади рўзнома.

Ноябр ойида у Кобулда юз берган худкуштлик ҳужуми саҳнасида пайдо бўлиб, камералар ўнгида оғзига келган нарсаларни гапира бошлади. Жумладан у ўзининг ўтмишини эслаб, ўз пайти 45 минг Ал Қоида жангариларини мамлакатдан суриб чиқарганлигини тилга олди.

Ундан кейинги ой у тўсатдан 20 минг кишилик қўшин тузиб, мамлакатнинг энг хавфли минтақасига юбориш ғоясини билан чиқди. Кечроқ у гапларидан тонди, лекин сиёсий мавжлар мамлакат бўйлаб тарқаб бўлган эди.

Сўнг у улкан тантана ила Жовзжон вилоятида 200 Толибоннинг тинчлик жараёнига қўшилишга ундаганини билдирди. Бироқ маълум бўлишича, булар унинг собиқ аскарлари экан. Маҳаллий фаолу қарияларнинг билдиришича, уларнинг сони ҳам 200 эмас, 30-40 атрофида экан.

Рўзноманинг ёзишича, улар Дўстумдан бу мақола хусусида шарҳ сўрашган, бироқ у жавоб бермаган.

Юқорида айтилганларининг баъзилари мароқли туюлса-да, муаммо анча жиддий. Гап шундаки, деб ёзади рўзнома, агарда Ғанига бир нарса бўлгудек бўлса, ҳокимият вице-Президент Дўстумга ўтади. "Биз буни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак!" - деб айтган Ғарб дипломатларидан бири хавотир ила.

Ашраф Ғани Дўстумдан сайловлар даврида фойдалангач, кейинчалик уни анчайин иҳоталаб қўйди. Дўстум, Ғарб ва Афғон расмийларининг рўзномага билдиришича, қарор қабул қилувчи ички даврадан узоқлаштирилди. Тилга олинган мажлисда Дўстум Ашраф Ғанини ўзини "фашистлар" билан қуршаб олганида айблаган.

Ашраф Ғани афтидан "сих ҳам куймасин, кабоб ҳам" қабилида иш олиб бормоқчи, лекин буни эплаш, чамаси, анча қийин кечмоқда.

Шу кунларда Дўстум жаноблари ўзини машғул тутиб, миллат орасида "ҳар ким соғлом бўлсин" деган дастурни ёйишга ҳаракат қилмоқда. Бу дастур спорт билан шуғулланиш ҳамда тўғри овқатланишни ўз ичига олган. Олимпик спорт ҳам унинг қарамоғидадир. Бироқ у яқинларига: "Мен Роналдо эмасман! Мени фақат футбол билан қониқтира олишмайди!" - деб айтган.

Баъзилар Дўстумни ва унинг тилга олинган йиғинда бақир-чақирини жиддий қабул қилишмоқда. Жумладан Толибларнинг Қундуз вилоятидаги раҳбари Мулла Абдул Салом генерал Дўстумнинг янги қўшинлар ҳақидаги ғоясини изоҳлаб, уни тарғибот уруши деб атаган. Бу билан бир қаторда, унинг фикрича, бу каби ғоялар чет эллардан улкан маблағларни талаб қилиб, буларни халқ йўлида ишлатишдан чалғитади, деб айтган у.