Тожикистон ҳарбий машқларга 30 минг кишини жалб қилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Тожикистоннинг Афғонистонга чегарадош Хатлон вилоятига 30 мингдан ортиқ ҳарбий ва захирадаги кишилар сафарбар этилганлар.

Расмийлар Хатлон вилоятидаги 25 туманда истиқомат қиладиган тинч аҳоли вакиллари ва расмийларни ҳарбий-ўқув машқларга жалб этишни ва тўрт кунлик машғулотларни 14 мартда якунлашни мақсад қилганлар.

Хатлондаги ҳарбий машқлар 11 март куни бошланган.

Сафарбар қилинганлар орасида аёллар ҳам бор.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, Афғонистон чегарасига 100 дан ортиқ ҳарбий техника, хусусан, танклар, бронетехника ва ҳарбий учоқлар юборилган.

Бу техника орасида вазирликка тегишли бўлмаган, маҳаллий маъмуриятлар тасарруфидаги техника ҳам бор.

Вазирликка кўра, ушбу ҳарбий-ўқув машқлардан кўзланган мақсад, ҳудудни мудофаа қилиш ва захирадаги зобитлар ва аскарлар сафарбарлигини ташкиллаштиришдир.

Машғулотларда чегарани бузиб кирган қуроллилар ҳужумини бартараф этиш йўллари машқ қилинмоқда.

Машқларга жалб қилинганларнинг жами сонини 50 мингтагача етказиш мўлжаллангани хабар қилинган.

Тожикистон Афғонистон билан 1344 километрлик умумий чегарага эга.

2014 йил охирида Афғонистондаги халқаро кучлар ўз қўшинларини олиб чиқиб кетдилар, бу мамлакатда ўн мингдан ортиқ ҳарбий тайёргарлик билан шуғулланадиган чет элликлар қолиши хабар қилинди.

2015 йилнинг дастлабки ойларидан Афғонистоннинг шимолий ҳудудларида Толибон жангарилари билан тўқнашувлар кўпайгани, бу жангарилар орасида ўзбекистонликлар ҳам борлиги хабар қилинди.

Бу вазият Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон расмийларини чегарани қўриқлаш ишларини кучайтиришга ундаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02