Қозоғистон: президентлик учун 22 номзод

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Жаноб Назарбоев ўз фирқаси ва Қозоғистон халқининг истак-хоҳишига пешвоз чиқишга қарор қилганини билдирди.

15 март Қозоғистонда апрел ойига мўлжалланган муддатидан олдинги президентлар сайловларига номзодларни рўйхатга олишнинг охирги куни.

Шу кунгача жами 22 номзод тасдиқланган, ундан 20 таси оммага унча таниш бўлмаган номзодлар. Қолган икки нафари- 1991 йилдан бери мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев ва маҳаллий коммунистлар етакчиси Турғун Сиздиқовлардир.

Бундан ташқари саккиз номзод турли сабаблар, жумладан қозоқ тилини билмаслиги боис рўйхатга олинмаган.

Бир неча кун илгари «Нур Отан» партияси қурултойида мамлакатни 1989 йилдан буён бошқариб келаётган жаноб Назарбоев 26 апрелдаги президентлик сайловига ўзининг номзоди илгари сурилишига розилик берганини эълон қилган эди.

Бу қурултойда жаноб Назарбоев ўз фирқаси ва Қозоғистон халқининг истак-хоҳишига пешвоз чиқишга қарор қилганини билдирди.

"Биз олдинга ҳаракат қилишимиз керак. Шунинг учун, мен номзодим илгари сурилишига розилик берсам керак. Бу бизнинг олдимизда турган янги, мураккаб вазифаларни ҳал қилиш учун", деб айтган Президент Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистонда сўнгги президентлик сайлови 2011 йил апрелида ўтказилган ва бу сайловда жаноб Назарбоевнинг ғалаба қозонгани эълон қилинган.

Мамлакатда кейинги президентлик сайлови 2016 йилда бўлиб ўтиши керак эди.

Бироқ Қозоғистон Халқлари ассамблеяси муддатидан олдин президентлик сайловини ўтказиш ғоясини илгари сурди.

Бунинг сабаби, Президент Назарбоев айтган "иқтисодий инқироз кучайиб бораётгани" ва "геосиёсий қарама-қаршиликлар ортиб бораётгани" бўлган.

Бунда Қозоғистон президенти Украина инқирозини назарда тутган.

Қозоғистондаги навбатдаги муддатидан олдинги президентлик сайлови 26 апрел куни бўлиб ўтиши хабар қилинди.

8 Март куни жаноб Назарбоев сайловга ўз номзодини қўйиш борасида бир қарорга келмаганман, деб айтган.

75 ёшни қаршилаётган Нурсултон Назарбоев режалари бошқа эканлигини айтган, "балки Қозоғистонда декорацияларни алмаштириш вақти келгандир", деган.

Президентлик сайловларида 15 киши номзод сифатида иштирок этишини маълум қилган.

Жаноб Назарбоев ҳам ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримов сингари референдум, муддатидан олдинги сайловлар билан ҳокимиятини узайтириб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ