Туркманистон жанубида оммавий ҳибслар

Туркманистоннинг Тежон шаҳрида диний экстремизмда гумонланиб бир қанча инсонлар қўлга олинган.

Мухолифатнинг "Хроники Туркменистана" сайти хабар беришича, ҳибсга олишлар феврал ойидан буён давом этмоқда.

Қўлга олинганларнинг баъзилари маҳаллий ҳибсхонада қолдирилган, бошқалари пойтахт Ашхаботга олиб кетилган.

Феврал ойининг ўрталарида Ашхаботдан 200 км масофадаги, Эрон ва Афғонистон билан чегарада жойлашган Тежон шаҳрида мамлакат Миллий Хавфсизлик ва ҳарбий контрразведка вазирлиги ходимлари ўндан ортиқ шахсни ушлагани хабар қилинган. Улар Афғон толиблари билан алоқадорликда ва Туркманистон ҳудудида қатор портлашларни режалаштирганликда айбланишган.

Маълумотларда айтилишича, Туркманистонда амалга оширилаётган экстремизмга қарши амалиётлар охирги йиллардаги энг йириги ҳисобланади.

Қўлга олинганларнинг ҳаммаси Тежон фуқаролари бўлиб, тежонликлар орасида анъанавий исломга риоя қилиш азалдан кучли бўлиб келган.

2000 йилларда туркманистонлик диний уламо Хожааҳмад Ўрозқличев тежонликлар билан учрашувда, оммавий ахборот воситаларида Сапармурод Ниёзов пайғамбар деб аталаётганлиги мусулмон эътиқодларига зид эканлигини айтади. Туркманистон ҳукумати ўшанда Ўрозқличев таржимасидаги туркман тилида чоп этилган 40 минг нусха Қуръонни ёқишга буйруқ беради.

Ўрозқличев Ниёзовнинг ўзига хос кўрсатмаларини кескин танқид қилиб келгани боис унга қарши товламачилик, хизмат вазифасини суистеъмол қилиш, пора олиш каби қатор айбловлар билан жиноий иш очилади.

Ўрозқличевнинг оиласи уйи йўқлиги боис Тежондаги қабристон масжидида яшаб келган. Масжид оила томонидан совет даврида қурилган. Бироқ Туркманистон ҳукумати масжидни бузиб ташлаттирган. Тенжонда диндорларга нисбатан шу каби босимлар исломий кайфиятни, ваҳҳобийлик оқимига эргашганлар сонининг ортишига сабаб бўлгани айтилади.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, айни пайтда Туркманистон қамоқхоналарида диний айбловлар билан қамалган маҳкумлар сони кўп. Қаттиқ режимли "Овадон Тепа" турмасида 300 га яқин диндор маҳкумлар бор. Уларга яқинлари билан учрашиш, ташқаридан бирор нарса олиб киритиш таъқиқланади.

2014 йил февралида Афғонистон билан чегарада Туркманистон зобитларига исломий жангарилар ҳамла қилган. 26 февралда Бағдис вилояти чегарасини ноқонуний кесиб ўтган жангарилар чегарада уч кишини ўлдиргани, иккитасини ярадор қилгани ҳақида хабар тарқалган.

Сентябр ойида ҳам толиблар Туркманистон чегара постларига бир нечта ҳужум қилишган. Туркманистон чегарадаги хавфсизлик чораларини кучайтириб, 6 метрлик хандақлар қаздирган, сим тиканлар билан ўраб олган.

Шунингдек, феврал ойида заҳирадаги ҳарбийларни жалб қилишга қарор берилган. Афғонистон шимолида кўплаб туркман мужоҳидлари яшаб келадилар, улар 1920-1930 йилларда Шўролар тузумидан қочиб кетган диндорларнинг авлодлари ҳисобланишади.

Охирги пайтларда Афғонистондаги туркман қабилаларининг "ватан"га қайтишлари мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар ҳам чиққан.

Маълумотларга қараганда, Тежонда Туркманистон хавфсизлик хизмати ходимлари экстремизмда гумонлаб ҳибсга олган кишилар сони 80 га етган.

Мухолифатнинг манбаларига кўра, дастлабки ҳибсга олишлар Толибон ва Исломий давлатга алоқадорлик билан боғлиқ бўлса, охирги ушланганлар орасида ҳозирги ҳукуматдан норозилар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

Туркманистон ҳукумати қарорида айтилишича, 2015 йил 1 июлдан бошлаб аҳолининг тинч намойишлар, пикет ва йиғилишлар ўтказишига рухсат берилади.

Гурбангули Бердимуҳаммедов 2015 йил 13 мартда шундай қарор чиқарган.

Кузатувчилар фикрича, тоталитар давлатларда, хусусан нотинч минтақа билан чегарада ҳар қандай намойишлар қон тўкилишларга олиб келиш эҳтимоли юқорилигича қолади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ