Роҳат Алиев Венада дафн этилди

Австрия пойтахти Венада Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиевнинг дафн маросими бўлиб ўтган.

Роҳат Алиев 15 март куни мусулмон одатларига биноан тупроққа берилган.

Вена марказий қабристонида ўтган дафн маросимига Роҳат Алиевнинг Дариға Назарбоева билан никоҳидан икки ўғли Нурали ва Ойсултон, Алиевнинг иккинчи оиласи Элнара Шоразова ҳамда Олмониядаги қозоғистонлик режиссёр Болат Отабоевлар қатнашган.

Дафн маросимига Роҳат Алиевни билган австриялик бир қанча сиёсатчилар, журналистлар келиб, марҳумни хотирлашган.

Ҳимоячи Манфред Айнедтер тобут олдида ҳақиқатни топишга ваъда берган ва Вена ҳукуматидан қотилликнинг ҳақиқий сабабларини аниқлашни талаб қилишини таъкидлаган.

Қувғиндаги мухолифатчи Александр Народецкий Роҳат Алиев ўзини ўлдирганига ишонмаслигини, унинг ўлимига Назарбоев ҳукумати масъуллигини айтади.

Болат Отабоевнинг сўзлашича, Роҳат Алиевнинг жасади Австриянинг ҳурматли фуқаролари кўмилган қабристонга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб қўйилган.

Роҳат Алиевнинг ўлими

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви ва собиқ дипломат Роҳат Алиевнинг жасади 26 феврал куни Австриянинг Йозефштадт қамоқхонасидаги бир кишилик хонадан топилган.

Жазони ижро этиш муассасаси вакиллари, сўнгра суриштирув идоралари ҳам Роҳат Алиев ўз жонига суиқасд қилганини айтганлар.

Қамоқхона маъмурларига кўра, Назарбоевнинг куёви ўзини ўзи осиб ўлдирган.

Қозоғистонда Роҳат Алиевга нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди.

У қатор жиноятлар, хусусан одамларни ўғирлаш билан шуғулланадиган жиноий гуруҳ тузиш, ҳокимиятни ноқонуний босиб олишга тайёргарлик кўришда айбдор деб топилган.

Қозоғистон маҳкамаси Роҳат Алиевни 2008 йили сиртдан жами 40 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Роҳат Алиев Қозоғистондаги жиноий ишлар ортидан ўзи элчилик қилган Австрия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўрашга мажбур бўлган. Шундан сўнг Дариға Назарбоева билан никоҳи ҳам бекор қилинган.

Қозоғистон ҳукумати Австриядан Роҳат Алиевни экстрадиция қилишни талаб қилиб келаётган эди.

Бироқ 2011 йили Вена маҳкамаси Роҳат Алиевни Қозоғистонга экстрадиция қилишдан бош тортган.

Қозоғистоннинг Австриядаги элчиси лавозимини эгаллаган Алиев ўзига қарши айбловларни сиёсий сабабларга асосланганини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ