Путин валюта иттифоқини тузишни таклиф қилди

Сурат манбаси, AP
Жаҳонда нефт нархларининг пасайиши сабаб Россия ва Қозоғистоннинг иқтисодий ўсиши секинлашган
Президент Путин Россия, Беларус ва Қозоғистон ўртасида валюта иттифоқини тузиш бўйича музокараларни бошлашни таклиф қилган.
Бу ҳақда у Овросиё Иқтисодий Иттифоқи раҳбарларининг Остонадаги саммити чоғида гапирган.
"Биз ҳамкорларимиз билан монетар сиёсатни мувофиқлаштиришга келишганмиз. Ўйлайманки, келажакда валюта иттифоқини тузиш ҳақида гаплашиш вақти келди", дея Путиндан иқтибос келтиради Интерфакс агентлиги.
Путиннинг сўзларига кўра, "елкама-елка ишлаш билан ташқи молиявий, иқтисодий таҳдидларга қарши туриш ва ягона бозорни ҳимоя қилиш" осонроқ бўлади.
Беларус Президенти Александр Лукашенко уч давлат раҳбарлари 8 май куни Москвада учрашиш ва Остонада кўтарилган масалаларни батафсил муҳокама қилишга келишганликларини айтган.
ОИИ ўтган йилнинг 29 май куни Остонада таъсис этилганди.
Москва Овросиё Иқтисодий Иттифоқи ягона бозор яратиш ва иштирокчи давлатларнинг иқтисодий-молиявий сиёсатларини бирлаштиришга ёрдам беришини айтади.
Аммо ташкилот Кремлнинг СССРни қайта тиклашга қаратилган лойиҳаси, деган фикрлар ҳам мавжуд.
Ўзбекистон қарши
Остонадаги саммит арафасида Президент Ислом Каримов Ўзбекистоннинг Россия етакчилигидаги иқтисодий иттифоққачўшилиш режаси йўқлигини айтган.
"Ўзбекистон катта оға бошчилигидаги эски даврларни қайтаришга қаратилган бундай блокларга ҳеч қачон қўшилмайди. Бугун Ўзбекистон ўзининг қатьий геосиёсий мавқеъйига эга ва биз бошқаларга қулоқ солмаймиз" деб айтган жаноб Каримов.
Ўтган йил декабрида Президент Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида Россия расмийлари Тошкент Овросиё Иқтисодий Иттифоқи билан алоқаларни йўлга қўйишга тайёрлигини айтишганди.
Украинадаги воқеалар сабаб ғарбнинг Москвага қарши жазо чоралари, кузатувчиларга кўра, ОИИ доирасидаги алоқаларни қийинлаштирган.
Президенти Нурсултон Назарбоев Қозоғистоннинг суверенитетига дахл қилгани тақдирда Иттифоқдан чиқиб кетишларини айтган.
Жаҳонда нефт нархларининг пасайиши сабаб Россия ва Қозоғистоннинг иқтисодий ўсиши секинлашган.