«Исломий давлат» сафларида қурбон бўлаётган марказий осиёликлар сони ортмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Исломий давлат" сафида марказий осиёликлар оз эмас

«Исломий давлат»га тегишли деб кўрилган ижтимоий тармоқларда яна уч нафар тожикистонлик қурбон бўлгани айтилмоқда, деб хабар қилади Тожикистоннинг етакчи ахборот агентлиги Азия Плюс.

Ана шу хабарларга таяниладиган бўлса, унда тожикистонликлар билан бир қаторда Ўзбекистон фуқароси ҳам ҳалок бўлган.

Марказий Осиёдан «Исломий давлат» сафларига қўшилган бу уч жангари Бағдод жанубидаги жангларда қурбон бўлишгани англашилмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, бугунга қадар биргина Сурияда Башар Асад режимига қарши жангларда 50 нафар тожикистонлик қурбон бўлган.

Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода бу ҳақда шу йилнинг январ ойида маълум қилган эди.

Кузатувчиларга кўра, ўтган ойлар ичида минтақада кечган урушлар назарда тутилса, Тожикистон ва умуман Марказий Осиёдан «Исломий давлат» сафларига қўшилган жангарилар орасидан қурбонлар сони кўпроқ бўлиши мумкин.

Ироқ ва Сурияда жанг қилаётган Марказий Осиё давлатлари фуқароларининг сони бўйича аниқ бир маълумотлар йўқ, аммо Душанбедаги расмий манбаларга кўра, бугунги кунда айни мамлакатларда камида 200 нафар тожикистонлик урушаётган бўлиши мумкин.

«Исломий давлат» - олабўжими?

Image caption Марказий Осиё мамлакатларида "экстремизга қарши кураш" баҳонасида минглаб кишилар қамоққа ташланган

Бугунга қадар Марказий Осиёнинг барча давлатлари «Исломий давлат» хавфидан хавотир изҳор этиб улгуришди.

Аммо айрим тахминларга кўра, марказий осиёликларни минглаб сонда турфа экстримист гуруҳларга қўшилишининг туб сабаблари ҳақида ҳукуматлар жим.

Мутахассисларга кўра, жангари гуруҳлар ўз сафларига ёллаш йўлида тарғиботни интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали моҳирона олиб боришмоқда.

Аммо Марказий Осиё давлатларида истисносиз кенг қулоч ёйган порахўрлик, ишсизлик, камбағаллар ва бойлар ўртасидаги фарқнинг йириклашуви, ҳамда инсон ҳуқуқларининг қўпол поймол этилиши ҳар қандай экстримист гуруҳ сафини кенгайтириш учун энг қулай омиллардир.

«Исломий давлат»нинг Яқин Шарқ мамлакатларида мисли кўрилмаган ғалабаси ва ҳатто, ўзига тўқ Ғарб мамлакатларидан ҳайриҳоҳу жангариларнинг бошини қовуштираётгани аксарият кузатувчиларни ўйлатиб қўйган.

Ғарб давлатларидан Сурия ва Ироққа қараб йўл олаётганлар ўз мамлакатлари, хусусан, Американинг ташқи сиёсатидан норози эканликлари англашилади.

Кузатувчиларга кўра, экстримистик гуруҳларга келиб қўшилаётган Марказий Осиё фуқаролари учун бу каби «глобал баҳоналар» билан бир қаторда ўз ҳукмдорларидан норозилик ва қашшоқлик ҳам сабаб бўлмоқда.

Марказий Осиё ҳукуматларининг "эктримизмга қарши кураш" баҳонасида мухолифат ва мустақил фикрловчиларга нисбатан таъқиблари эса, алал-оқибат, яна шу ақидапараст гуруҳларга қўл келмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ