Тожикистонда "Жамоат Ансаруллоҳ" фаоллари судланмоқда

Image caption Тожикистонда ноқонуний диний гуруҳларга аъзолик айблари билан юзлаб кишилар қамоққа ташланган

Мамлакат шимолидаги Хўжанд шаҳрида «Жамоат Ансаруллоҳ» гуруҳи мансуб кўрилган 23 киши устидан маҳкама жараёни бошланган.

«Азия Плюс» ахборот агентлигига кўра, маҳкамага тортилган бу шахсларга нисбатан бир неча, жумладан, «жиноий гуруҳ ташкил қилиш, ноқонуний ташкилотларга аъзо бўлиш» каби қатор айблар қўйилган.

Сўнгги йиллар Тожикистонда бошқа диний эсктремистик гуруҳлар сафига «Жамоат Ансаруллоҳ» ҳам қўшилар экан, кузатувчиларга кўра, бугунга қадар мамлакат бўйлаб бу гуруҳнинг ўнлаб аъзолари узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм этилган.

Бундан икки ойча Сўғд вилоятида аввал айни шу гуруҳнинг 13 аъзосига ҳукм ўқилган эди.

2012 йилда Тожикистон Олий маҳкамаси гуруҳни "Экстремист ва террорчи ташкилот", деб эълон қилганди.

"Жамоат Ансаруллоҳ"

“Жамоат Ансаруллоҳ” илк бор 2010 йилда, Хўжанд шаҳрида амалга оширилган худкушлик ҳужуми ортидан эътиборга тушган.

Ҳодисада тўрт милиция ходими қурбон бўлган ва ўнлаб кишиларга тан жароҳати етганди.

Ушбу воқеа ортидан қатор экстремистик гуруҳларнинг интернет саҳифаларида "Жамоат Ансаруллоҳ"нинг баёноти эълон қилинган ва гуруҳ ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиққанди.

2011 йилда шарқий Рашт водийсида олиб борилган махсус ҳарбий амалиётлар чоғида тожикистонлик таниқли жангари қўмондон Мулло Абдулло яширинган ғордан ҳам гуруҳнинг байроғи топилгани хабар берилган ва шундан сўнг "Жамоат Ансаруллоҳ" Тожикистон ҳудудида жиддий фаолият олиб бораётганига оид тўхтамга келинганди.

Гуруҳнинг кимлардан иборат экани, аъзоларининг сони ва жойлашган ери ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Мулла Абдулло террорчи гуруҳлар орасида катта нуфузга эга бўлган ва кўп йиллар Афғонистон ҳудудида "Ал-Қоида" тармоғи тарафида туриб, жанг қилган.

Тожикистон Бош прокуротурасининг маълумотларига кўра, «Жамоат Ансаруллоҳ» Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига мансуб гуруҳдир.

Мулозимларга ишонилса, бу гуруҳни Ал Қоида молиялайди.

Бошқа бир хабарларда, “Жамоати Ансаруллоҳ” бундан ўн йилча аввал Покистоннинг Вазиристон минтақасида ташкил топгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ