Қозоғистонга АҚШ ва британ ҳарбийлари етиб келишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Улар Қирғизистон, Туркия ва Тожикистон ҳарбийлари иштирокида Қозоғистон махсус бўлинмаларини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро тинчликпарварлик амалиётларига тайёрлашади.

Бу давлат тинчликни сақлаш бўлинмаларининг жанговар салоҳиятини оширишга эътибор қаратишади.

2003 йилдан буён мунтазам равишда ўтказиб келинувчи “Саҳро бургути", деб номланувчи ва бу йил Қозоғистон мезбонлик қилаётган ушбу машқлар икки босқичда бўлиб ўтади.

Машқларнинг биринчи босқичи 6 апрел куни бошланади ва 11 кун давом этади. Иккинчи босқичи эса, шу йилнинг июн ойига режаланган.

Бу ҳақда Қозоғистон Мудофаа вазирлиги билдирган.

Маълум бўлишича, британ ҳарбийлари улар билан тактик машғулотлар олиб боришади.

Америкалик ҳарбийлар эса, “Казбриг” ва “Казбат” штабларининг қўмондонлик салоҳиятини оширишга эътибор қаратишади.

Уларга 'жанг' майдонида қачон ва қандай қилиб қарор бериш сир-синоатларини ўргатишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Айни ўринда таъкидлаш жоиз, “Саҳро бургути – 2015” бу йил қўшни Афғонистондаги вазият анчайин издан чиқиб бораётган ва “Исломий Давлат” гуруҳи минтақада фаоллашишга ҳаракат қилаётган бир манзарада бўлиб ўтади.

Шундоққина биқинларида вужудга келаётган бу каби ҳолат аллақачон барча минтақа давлатлари раҳбарларининг ошкора хавотирларига сабаб бўлиб улгурган.

Сўнгги ойларда уларнинг барчаси ўз чегараларини мустаҳкамлаш, хавфсизлик чораларини кучайтириш саъй-ҳаракатига ҳам тушиб қолишган.

Жорий пайтда дунёдаги энг қудратлиси саналувчи "Исломий Давлат" шу йил бошида Покистонда ўзининг минтақадаги янги тармоғига асос солган.

Янги миллий бирдамлик ҳукумати иқтидорга келган ўтган ярим йил ичида қўшни Афғонистонга ҳар томондан сизиб киришга уринмоқда.

Ҳозирга келиб, Афғонистоннинг айрим Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош қатор шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларида ҳам фаоллашишга уринмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бундан ташқари, Яқин Шарқдаги бу қудратли гуруҳ Афғонистоннинг қатор жанубий ва айрим ғарбий вилоятларида ҳам янги жангарилар ёллаш, ўз базаларини барпо этиш ва тайёргарлик жамлоқларини ташкил этишга ҳаракат қилаётганига оид хабарлар бор.

Яқинда Афғонистон вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум ҳам илк бор “Исломий Давлат” мамлакати ва қўшни давлатларга солаётган жиддий хавф билан ошкора огоҳлантириб чиққан, “қора байроқ”лар бутун минтақага таҳдид эканини айтганди.

Агар, Афғонистон раҳбарининг сўзларига таянилса, ҳозир "Исломий Давлат"нинг фаолияти ўз мамлакатида жадаллик билан уюшиш, мўлжал олиш, қарор бериш ва ҳужум қилиш даражасига етиб бормоқда.

Шу кунларда қўшни Афғонистондаги вазият минтақага солиши мумкин бўлган таҳдид МДҲ доирасидаги қатор ташкилотлар йиғинларининг ҳам асосий мавзусига айланган.

Кеча пайшанба куни Душанбе шаҳрида поёнига етган ОДКБ ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари ҳам худди шу масалани муҳокама этишган.

Афғонистонга бевосита қўшни Тожикистон ОДКБ ўз чегараларини мустаҳкамлашда ёрдам бермаётганидан шикоят ҳам қилган.

Минтақадан олинаётган хабарларга кўра, МДҲ давлатлари ташқи ишлар вазирларининг бугунги Бишкек йиғини ҳам айнан Марказий Осиё ва Афғонистон масаласига қаратилган.

Ўтган март ойида эса, Тожикистон Афғонистонга чегарадош Хатлон вилоятида 30 мингдан ортиқ ҳарбий ва захирадаги аскарлари иштирокида ҳарбий мақшлар ҳам уюштирганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Худди шу манзарада қўшни Туркманистоннинг ўз чегараларини ҳимоя этишда кўмак беришини сўраб, АҚШ томонига мурожаат қилганига оид хабарлар ҳам ўртага чиққан.

Шу кунларда айрим нуфузли интернет нашрларида чоп этилган мақолаларда эса, "Исломий Давлат"нинг аллақачон Марказий Осиёда ҳам фаоллашишга улгургани ҳақида сўз юритилади.

Жумладан, яқинда centralasiaonline.com интернет нашрида чоп этилган мақоланинг ўзи, ҳатто, “Исломий Давлат”нинг Марказий Осиёда фаоллашганидан Ўзбекистонда ташвишдалар”, деб номланади.

Мақолада Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати таҳлилчиси Бахтиёр Шарофовнинг айтишича, “Исломий Давлат”нинг шундоққина Марказий Осиёнинг остонасида пайдо бўлиши мавжуд таҳдиднинг терактлар ва жанговар амалиётлар даражасига ўсиб етганини англатади.

Худди шу ўринда МХХ таҳлилчисининг айтишича, Афғонистон хавфсизлик кучлари “Исломий Давлат” жангариларининг Туркманистон чегараси бўйлаб яшириниб юришгани ва Ўзбекистон чегарасида ҳам фаоллашганини тасдиқлашган.

Бундан ташқари, мақолада Бахтиёр Шарофовнинг Афғонистонда ўрнашиб олган экстремистларнинг уруш олиб боришдан ташқари, ташвиқот юритиш вазифаси билан Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларига ўз эмиссарларини юборганликлари, бундан Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати хабар топганига оид сўзлари ҳам келтирилади.

Ўтган ой эса, қатор маҳаллий нашрлар Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати “Исломий Давлат” гуруҳининг мамлакат ҳудудида террорчилик хуружлари уюштириш режасидан хабар топгани ҳақида ёзишганди.

Жумладан, 12news.uz саҳифаси “Исломий Давлат” баҳорда Ўзбекистонда зўравонликларни режалагани, шу боис ҳам Ўзбекистон ўз чегараларини мустаҳкамлаш ва хавфсизликни кучайтиришга қарор қилгани ҳақида хабар берганди.

Аммо, таъкидлаш жоиз, шу пайтгача қўшни Афғонистон ёки Покистонда уюштирилган бирор бир ҳужумга "Исломий Давлат" гуруҳининг ўзи бевосита масъулиятни зиммасига олиб чиқмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ