Қозоғистондаги "уйқу касаллиги"нинг сабаби топилмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қозоғистоннинг Калачи посёлкаси аҳолиси орасида кенг тарқалган "уйқу касаллиги" илгари тахмин қилинганидек, радон гази туфайли пайдо бўлмаган.

Қозоғистон оммавий ахборот воситаларига кўра, сирли касалликни ўрганиш учун мамлакатга таклиф қилинган Чехославакия ва Россия мутахассислари касаллик ва радон гази ўртасида боғлиқлик топа олмаганлар.

Қозоғистонда Прага радиактив ҳимоя институти ва Москва Тиббий-биологик агентлиги вакиллари аҳоли ўртасида уйқу синдроми бўйича текширувлар ўтказганлар.

Аҳоли орасида эса охирги йилларда кузатилаётган сирли хасталикка радиация миқдорининг кучайгани сабаб бўлгани ҳақида гаплар тарқалган.

Муқаддам Калачи қишлоғида уран кони бўлиб, 1990 йилларда ёпилган. Шу боисдан олимлар уран моддаси қаердандир сизиб чиқиб, сирли ҳолатни юзага келтираётган бўлиши эҳтимолини келтирганлар.

Бироқ Радиация хавфсизлиги институти раҳбари Сергей Лукяненко текширув гуруҳи қишлоқда ишлагани ва ноодатий ҳеч нарса топмаганларини таъкидлаган.

Энергетика вазири ўринбосари Талъат Ахсамбиевнинг айтишича, айни пайтда Калачида Россия Миллий атом маркази мутахассислари экологик вазият юзасидан тадқиқотларини давом эттирмоқдалар.

Қозоғистон ҳукумати тегишли идораларга Калачи ва Березовка масканларидаги санитар-экологик вазиятни кузатиб бориш бўйича кўрсатмалар берган.

Қозоғистонда уйқу касаллиги 2013 йилнинг март ойида пайдо бўлган. Сўнгра 2014 йил декабр ойида аҳоли орасида уйқу касаллигининг янги тўлқини кузатилган.

Январ ойида 50 дан ортиқ киши касалхонага ётқизилган.

Бироқ Остона миллий тиббий марказ раҳбари Абай Байгенжин уйқу касллигининг асосий сабаби мижозлардаги эски касалликларнинг қўзғалиши деб айтган.

Бироқ ижтимоий тармоқларда фикр қолдирган қозоғистонликлар расмийнинг "эски касалликларнинг қўзғалиши" деган гапидан норози бўлганлар. "Уйқу касаллигига мижозларнинг эски дардлари сабаб бўлган бўлса, уй ҳайвонларининг узун кун ухлаб ётишига сабаб нима?", дея савол қолдиришган.

Уларнинг ёзишича, нафақат одамлар, сигир ва отлар, ит-мушуклар ҳам уйқу касалига дучор бўлмоқдалар. Бунинг сабабини қозоғистонлик врачлар топа олмасалар, ташқаридан, ҳеч бўлмаса Россиядан чақириб келиб текшириш керак, дейди улар.

Одамлар узоқ вақт давомида ухлашлари, бу ҳолат нафақат уйда, иш пайтида ҳам содир бўлаётгани кузатилган.

"У худди маст одамдек юради- ниманидир англайди, ниманидир йўқ, худди автопилотдагидек, қачонки тўшакка ётқизилса, қотади-қолади, деб сўзлаб берган Би-би-си мухбирига бундан олдин калачиликлардан бири.

Лекин баъзи ухлаганлар тўлиқ ўзини йўқотмасдан гапириши, ҳатто юриши мумкин, лекин ўзларига келганда бу ҳолатни эслай олмайдилар.

Шифокорларга кўра, энцефалопатия ҳолати ёки "уйқу касаллиги" дейилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002