'Имомали Раҳмонни миллат пешвоси деб эълон қилайлик'

Фото муаллифлик ҳуқуқи president.tj

Тожикистондаги қудратдаги Халқ Демократик партия веб-сайтида икки олим Президент Имомали Раҳмонга "Миллат пешвоси" расмий унвонини бериш таклифини илгари суриб чиққанлар.

Садриддиин Айний номидаги Тожикистон Давлат Педагогика университети ректори Носиржон Салимий ва Тожикистон Миллий университети профессори Холмаҳмади Самеъ эълон қилган мақола "Миллат пешвоси" деб номланади.

Бу Тожикистон халқига мурожаатдир.

Икки олим Тожикистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида Президент Имомали Раҳмон улкан хизмат қилган, деб таъкидлайдилар.

Йирик мақолада Тожикистон раҳбари хизматлари санаб ўтилади.

Икки зиёли ёзишларича, жаноб Раҳмон ўзининг хизматлари билан миллат раҳнамоси деб аталишга лойиқ иш қилган.

"Миллат пешвоси" деган ҳодиса янги мустақил давлатларнинг сиёсий маданиятида ҳали янги ва камдан-кам учрайди, деб ёзганлар зиёлилар.

"Мамлакат президентини миллат пешвоси деб эътироф этиш унинг хизматларини тан олишгина бўлиб қолмасдан, мамлакат бирлиги ва тараққиёти учун ҳам омил бўлиб хизмат қилади", деб ёзади мақола муллифлари.

Ушбу таклиф аллақачон Тожик зиёлилари томонидан танқидга ҳам тутилган.

Тожикистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва ўз номзодини президентликка илгари сурган Ойнихол Бобоназарова фикрича, президентга "пешво" ёки "доҳий" деган унвон берилиши "демократия моҳияти ва концепциясига зарба" бўлади.

Ушбу таклифга Президент Имомали Раҳмоннинг ўзи ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.

2010 йили Қозоғистонда Президент Нурсултон Назарбоевга миллат раҳнамоси ёки "Элбоши" мақоми берилган.

Бу жаноб Назарбоев ҳамда унинг яқин қариндошларининг жиноий жавобгарликдан дахлсизлигини таъминлайди.

Шунингдек, Қозоғистон Жиноят Кодексига Элбошини омма олдида ҳақорат қилгани учун ёки Элбоши фаолиятига тўсқинлик қилгани учун жавобгарлик кўзда тутилган бандлар киритилган.

Имомали Раҳмон 1992 йили Тожикистон парламенти раҳбари лавозимини эгаллаган.

Илк бор 1994 йилда ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонган.

1999 йили Тожикистонда президентлик ваколати муддатини етти йилга узайтириш кўзда тутилган референдум ўтказилган.

2003 йили жаноб Раҳмоннинг бундан олдинги президентлиги муддатларини инобатга олмаслик мақсадидаги референдум ўтказилган.

2006 йилдаги президентлик сайлови Президент Имомали Раҳмоннинг биринчи етти йиллик муддати деб эълон қилинди.

Тожик расмийларига кўра, 2013 йилдаги сайловда жаноб Раҳмон ғалаба қозонган ва ҳозир қонун бўйича унинг охирги президентлик ваколати амал қилмоқда.

Тожикистондаги сайловлар ҳам очиқ, эркин ва адолатли сайловлар сифатида кўрилмайди ҳам жаноб Раҳмонни ҳам Президент Ислом Каримов ва Президент Нурсултон Назарбоев сингари яккаҳокимликда айблаб келадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Instagram - bbcuzbek

Twitter - bbcuzbek

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- bbcuzbek

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ