Президент Назарбоев: 'Четдан машина сотиб олманг'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Қозоғистон президенти бундай даъват билан ўз фуқароларига чиққан.

Жаноб Назарбоев уларни хориждан автомобиллар сотиб олишдан тийилишга чақирган.

Фуқароларини, акс ҳолда, Қозоғистон иқтисодини барбод қилишлари билан огоҳлантирган.

"Қозоғистонликлар ҳозир бир нарсани англаб етишмаяпти: Бу каби харидлари фақат ҳозир учун яхши. Аммо улар қилган ишлари билан мамлакатдаги автомобил ва озиқ-овқат саноатининг ўтириб қолишига олиб келишади. У ерларда эса, ўзимизнинг қозоғистонликлар ишлашади. Маош олишади", - деб айтган президент Назарбоев.

Қозоғистон раҳбари худди шу ўринда Япония, АҚШ ва Оврўпо Иттифоқига аъзо давлатларни мисол қилиб келтирган.

Бу мамлакатлар қанчалик жон-жаҳдлари билан "ўз ички бозорларини рақобатчиларидан ҳимоя қилишлари"га фуқароларининг эътиборларини тортишга уринган.

Ўтган йил охирларидан бошлаб аксарият қозоғистонликлар харид учун Россияни афзал билиб қолишган.

Чунки рублнинг АҚШ доллари ва еврога нисбатан кескин қадрсизланиши сабаб, Россияда маиший техника ва машиналар нархи орада анча арзонлаган.

Бу эса, Россияга шундоққина қўшни бўлган қозоғистонлик кўпчилик харидорларни бефарқ қолдирмаган.

Қозоғистон раҳбарининг баён қилишича, мавжуд ҳолат худди шу каби фуқароларининг ўзларига қарши иш бериши мумкин.

Президент Нурсултон Назарбоев бу ҳақда куни-кеча Мустақиллик Саройида бўлиб ўтган ёшлар форумида қилган чиқиши чоғида баён қилган.

Унга кўра, жаҳон бозорига чиқа олиши учун Қозоғистоннинг ўзида ички рақобат бўлиши, мамлакат унда яхшилаб тобланиши керак.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, жаноб Назарбоев шу йилнинг 26 апрел кунига режаланган сайловларда яна бир бор ўз курсисида қолиш учун беллашиб кўради.

Нурсултон Назарбоев Марказий Осиёнинг узоқ йилдан бери қудратни қўлдан бермай келаётган энг кекса иккита давлат раҳбаридан бири ҳисобланади.

У ўтган йил охирида Қозоғистон халқига кутилмаган мурожаат билан чиқиб, яқин истиқболда Қозоғистонни глобал синовлар кутаётгани билан ҳам огоҳлантирганди.

Қозоғистонни олдинда кутаётган иқтисодий қийинчиликларга тайёр туришга чақирганди.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, жаҳон бозорида нефт нархларининг беқарорлиги ва Қозоғистоннинг йирик иқтисодий шериги бўлмиш Россиядаги иқтисодий инқироз қозоқ ҳукуматини жиддий ташвишга солмай қўймаган.

Давлат амалдорлари ҳам огоҳлантирилган

Қозоғистон президенти бундан уч йилча аввал ўз амалдорларини ҳам мамлакатда ишлаб чиқарилган автомобиллардан фойдаланишга чақирганди.

Уларни фақат “Тойота” русумли машиналарни миниб юришда айблаганди.

Жаноб Назарбоев фақат ўзларида ишлаб чиқарилган машиналар савдоси билангина миллий автомобил саноатини мустаҳкам оёққа қўйиш мумкинлигини баён қилганди.

Ўшанда ҳукумат масъуллари билан учрашган Қозоғистон раҳбари деярли барча соҳани танқид остига олган, айниқса, автомобилсозлик соҳасидаги лоқайдликларга алоҳида эътибор қаратганди.

Қозоғистонда айни дамда Россия автомобиллари билан бирга корейс машиналарини йиғувчи заводлар фаолият юритади.

Қозоғистон Божхона иттифоқига аъзо бўлгач, хориж автомобиллари импортига оид айрим чекловлар қўйилди ва божхона нархлари кўтарилди.

Ушбу бозорни эгаллаш учун Жанубий Кореянинг бир неча ширкатлари Қозоғистонда автомобиль йиғишни йўлга қўйди.

Аммо, ҳозирча, мамлакат ичкарисида ушбу машиналарга талаб катта эмаслиги айтилади.

Қозоғистон ҳукумати эса, худди шу манзарада харидорлар учун муайян енгилликлар яратиш ва мақбул кредитлар бериш борасида дастурлар ишлаб чиқилишини маълум қилган.

Ўз фикр-мулоҳазаларингизни ушбу мақола остидаги махсус форма орқали ёки uzbek@bbc.co.uk электрон почтасига мактуб билан йўлланг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Бу мавзуда батафсилроқ