'Қозоғистон ва Россия ўртасида савдо уруши йўқ'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Чекловлардан сўнг Россия, Беларус ва Қозоғистон ўртасида тузилган Оврўосиё иқтисодий иттифоқи келажагига шубҳа билан қаралмоқда

Россия ва Қозоғистон ўртасида ҳеч қандай савдо уруши кетмаяпти. Қозоғистонлик расмий мана шундай баёнот билан чиқди.

Бунгача икки давлатнинг назорат органлари айрим турдаги маҳсулотларнинг савдосига чеклов жорий қилган эди.

Кузатувчилар Қозоғистон ўз ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилиш мақсадида девальвация туфайли арзон бўлиб қолган Россиянинг айрим товарларига чеклов қўйишга мажбур бўлганини айтади.

Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари Каирбек Ускенбаев Россия билан Қозоғистон ўртасида ҳеч қандай савдо уруши йўқлигини айтган.

“Ҳеч қандай савдо уруши йўқ. Россия ва Беларус билан интеграция жадал давом этмоқда. Мамлакат хавфсизлигини таъминлаш масаласи бор. Қайси давлатдан бўлишдан қатъий назар, бирор маҳсулот хавфсизликни таъминловчи талабларга жавоб бермаса уни ҳеч ким сотиб олишни истамайди. Гап Россия ҳақида кетмаяпти, балки сифатсиз маҳсулотни ишлаб чиқарувчи аниқ тадбиркор ҳақида кетяпти”, - деган tengrinews.kz портали мухбирига Каирбек Ускенбаев.

Россиянинг Коммерсант нашри бундан сал олдинроқ Қозоғистон ва Россия давлатлари ўртасида эълон қилинмаган савдо уруши бошланганлиги ҳақида ёзган эди.

Коммерсантнинг бундай хулосага келишига ўз ишлаб чиқарувчиларини қўллаб қувватлаш мақсадида Қозоғистон томонининг айрим Россия маҳсулотлари савдосига тақиқ қўйиши ва бунга жавобан Россия томонининг ҳам шу каби чорага қўл уруши сабаб бўлган.

Россияда 2014 йилнинг охирида рублнинг кескин қадрсизланиб кетиши унинг иқтисодий иттифоқдошлари Қозоғистон ва Беларус ишлаб чиқарувчиларига салбий таъсир ўтказган.

Остонадан иқтисодчи Сапарбай Жубаев Россиянинг иқтисодий масалаларда иттифоқчилари билан келишмасдан қарор олиши уларнинг манфаатига терс келаётганини айтади.

“Россия ўз пулини икки баробар девальвация қилди. У Қозоғистон Марказий Банки ёки Беларус банки билан буни келишмади. Биз иқтисодда иттифоқдош бўлганимиздан кейин келишиши керак эди-ку. Беларус ўзининг пулини 40 фоиз қадрсизлантиришга мажбур бўлди. Қозоғистон эса ҳозир тишини тишига қўйиб ўтирибди”, - дейди Сапарбай Жубаев.

11 апрел куни Қозоғистон истеъмолчиларни ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси Россиянинг бир қатор қандолат ва ёғмой маҳсулотларига техник регламентга жавоб бермайди, деган важ билан чеклов жорий қилди.

Ўша куннинг ўзида Россиянинг назорат бўйича федерал хизмати Қозоғистоннинг бир нечта маҳсулотлари талабга жавоб бермаганлиги сабаб қилиб савдодан олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилган.

Қозоқ расмийлари икки давлат ўртасида савдо уруши йўқлигини таъкидлаётган бўлса-да, икки томонлама товарларга нисбатан чекловлар яна қанча давом этиши мумкинлигига аниқлик киритмаган.

Иқтисодчиларга кўра, бу каби чекловлар ҳали яна давом этиши мумкин. Чунки Қозоғистон ўз ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилишнинг бундан самаралироқ бошқа йўлини кўрмаётир.

Президент Назарбоевнинг ўзи ҳам Остонада ўтган ёшлар форумида чиқиш қилиб хориждан арзон машина сотиб олиш қозоғистонликларнинг ўзи зарба бўлиши мумкинлигини айтди.

Назарбоевнинг эътироф этишича, одамлар четдан 10 минглаб арзон машина сотиб олган, аммо шу билан бирга Қозоғистоннинг ўзида ишлаб турган заводларга катта зарба берган.

Айрим кузатувчилар бу каби чекловлардан сўнг Россия, Беларус ва Қозоғистон ўртасида тузилган Оврўосиё иқтисодий иттифоқи келажагига шубҳа билан қарамоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK