Австрияда Роҳат Алиев иши бўйича маҳкама бошланди

Image caption Роҳат Алиев Қозоғистон президентининг собиқ куёви эди

Австрияда Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиевнинг иши бўйича маҳкама жараёни бошланган.

Роҳат Алиев шу йил февралида Вена қамоқхонасида осилган ҳолда топилганди.

Сешанба куни қаттиқ хавфсизлик чоралари остида маҳкамада ҳозир бўлган икки нафар Қозоғистон фуқаролари 2007 йилда Қозоғистонда икки банкирнинг ўғирлаб кетилиши ва ўлдирилишида ёрдам берганликда айбланади.

Улардан бири Қозоғистон махсус хизматларининг собиқ раҳбаридир.

Жиноят иши бир неча йил давомида австриялик ҳимоячилар, сиёсатчи ва махсус хизматларнинг диққат марказида бўлган.

Вена маҳкамасида 60 дан ортиқ гувоҳларнинг кўрсатма бериши кутилмоқда.

Қамоқдаги ўлим

Жиноят ишининг катта қисми Роҳат Алиевнинг қамоқхонадаги ўлимига бағишланади.

Image caption Роҳат Алиевнинг Вена қамоқхонасидаги ўлими юзасидан тергов давом этмоқда

Роҳат Алиев Президент Назарбоевнинг собиқ куёви ва Қозоғистоннинг энг қудратли шахсларидан бири эди.

Қайнота ва куёвнинг ораси 2007 йилда бузилган ва Алиев Венадаги элчилик лавозимидан четлатилган эди.

Қозоғистон маҳкамаси Алиевни уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва давлат тўнтаришига уриниш айблари билан сиртдан 40 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этган.

Жаноб Алиевнинг ўзи Президент Назарбоев бошқарувини танқид қилгани учун таъқиб остига олинганини айтган.

Австрия расмийлари Қозоғистоннинг икки экстрадиция сўровини рад этганлар ва ўз тарговларини бошлашган.

Ўтган йил майида қидирувга берилган Алиев Австрия расмийларига ўзини топширган ва жорий йилнинг 24 февралида ўзи ўтирган камерада ўлик ҳолда топилгунича 8 ой тергов ҳибсхонасида қолган.

Дастлабки текширувлар Алиевнинг ўз жонига қасд қилганини тасдиқлаган, аммо унинг ҳимоячилари ва оиласи текширув натижаларини савол остига олишган.

Кейинга теширувлар марҳумнинг жасадида тинчлантирувчи модда изларини топишга қаратилиши кутилади.

Олма-отадаги қотиллик

Айбловлар 2007 йилда Қозоғистон "Нурбанк"ининг икки бошқарувчисининг ўлдириб кетилиши билан боғлиқ.

Image caption Роҳат Алиев "Нурбанк"нинг йирик ҳиссадорларидан бўлган

Роҳат Алиев "Нурбанк"нинг йирик ҳиссадорларидан бўлган.

Ҳозирда унинг икки шериги- Қозоғистон махсус хизматларининг собиқ раҳбари Алнур Мусаев ҳамда президентнинг собиқ тансоқчиси Вадим Кошляк маҳкамага тортилган.

Икки банкирнинг жасадлари 2011 йил майида Олма-Отадаги ахлатхонада, оҳак солинган метал бочка ичида топилганди.

Жиноят иши Австрияда қозоқ махсус хизматлари- КНБнинг роли борасидаги саволларни ўртага чиқарган.

КНБ Австриядаги асосий гумондорларни ўғирлаб кетишга ҳаракат қилган.

Шунингдек, Австрия парламенти қозоқ махсус хизматлари австриялик депутатларга таъсир ўтказиш ва жамоатчилик фикрини чалғитишга урингани ҳақидаги даъволар юзасидан текширув олиб борган.

Жиноят иши Австрия полицияси, сиёсатчилари ҳамда адлия мулозимларига нисбатан текширувларга ҳам сабаб бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Бу мавзуда батафсилроқ