Қозоғистонда 11 минг одам эвакуация қилинди

Тошқин хавфи ҳали бартараф бўлгани йўқ. Сувнинг пойтахт Остонага яқинлашиб келаётгани айтилмоқда.

Қозоғистонда сув тошқинлари дарёларда музларнинг эриши ортидан юзага келади.

Расмийларга кўра, шу вақтгача 50 дан ортиқ аҳоли турар-жойлари сув остида қолган.

Кунлар исиб, музлар эрий бошлаши натижасида Қозоғистоннинг бир неча вилоятларида сув тошқини рўй берган.

Расмийлар хавф ҳали ортга чекинмаганини ва турар-жойларни сув босиш давом этиши мумкинлигини билдирмоқда.

Нура дарёсининг тошиши ортидан, Қарағанда ва Ақмўла вилоятининг айрим поселкалари сув остида қолган.

Сув тошқини пойтахт Остонанинг чекка қисмларига ҳам таъсир қилиши мумкинлиги кутилмоқда.

Расмийларга кўра, шу кунгача 11 мингдан ортиқ одамни хавфли ҳудудлардан кўчирган.

“МЧСдан келиб катта сув келяпти, жонларингизни сақлаш учун бу ердан кетинглар, деди. Жон сақлаш учун невараларимизни олиб кетиб бораяпмиз. Катта болалар уйда қолди”, - деган маҳаллий телеканаллардан бирига Ақмўла вилояти турғуни Амангелди Сембаев.

Қутқарув ишларига ҳарбийлар ҳам сафарбар қилинганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Расмийлар сув тошқинига ҳавонинг кескин исиб кетиши, сув омборидан сув оқизилиши ва кўп миқдорда ёққан қорни сабаб қилиб келтиришмоқда.

Куннинг кескин исиши ортидан, тупроқ қизишга улгурмаган.

Ер 2-3 метр чуқурликда музлагани учун сувни ўзига сингдира олмаган.

Қозоғистон ИИВ қошидаги Фавқулодда ҳолатлар қўмитаси раҳбари Владимир Божко қутқарув ишлари самарали олиб борилаётганини таъкидлаган.

“Айбдорлар борасида бирор нарса деёлмайман. Масалага холис қараш керак. Лекин биз вазиятни доимо монитор қилиб келаяпмиз ва бунга олиб келган сабабларни аниқлашга ҳаракат қиляпмиз. Энг муҳими, биз одамларни йўқотмадик, катта миқдордаги чорвани сақлаб қолдик. Чунки ўтган гал мана шундай ҳолатларда кўп йўқотиш бўлганди”, - деган Владимир Божко.

Тошқин натижасида жабр кўрганларга Остона ва Олма ота шаҳарларида кўнгиллилар томонидан ёрдам кўрсатиш акцияси бошланиб кетган.

Расмийлар жабр кўрганларга давлат томонидан ёрдам кўрсатилишини айтишса-да, мол-мулкини йўқотган одамлар ушбу ваъдаларга ишонишмаяпти.

Қарқарали туманида истиқомат қилувчи Улпаш Аринова журналистларга мол-мулкини тиклашда ҳеч ким ёрдам бермаётганини айтган.

“Биз қишлоқ ҳокимига бордик. У бизга ваҳима қилманглар, дейди. Қандай ваҳима қилмайлик? Бизнинг ҳамма нарсамиз, мебелларимиз сув остида. Фақат ўзимиз ва чорвамизни қутқардик. Буларни бизга ким тиклаб беради? Биргина қишлоқ ҳокими у ёқдан бу ёққа юриб, бир нарсалар қилмоқчи бўляпти. Лекин бир ўзи нима қила олиши мумкин? Ҳеч қандай комиссияга кўзимиз тушмади. Биз ҳеч кимга керак эмасмиз”, - деган Улпаш Аринова.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Бу мавзуда батафсилроқ