Туркия Президенти Қозоғистонга сафар қилмоқда

Image caption Эрдўғон Назарбоевни "Турк дунёсининг оқсоқоли" деб атаган

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Қозоғистонга давлат ташрифини бошлаган.

Бу жаноб Эрдўғоннинг Президент сифатида Қозоғистонга илк сафаридир.

Ташриф доирасида икки давлат раҳбарларининг юқори даражадаги стратегик ҳамкорлик Кенгашининг иккинчи мажлисида иштирок этишлари кутилмоқда.

Шунингдек, Президент Эрдўғон Қозоғистон жанубидаги Туркистон шаҳрида бунёд этилган янги жомеъ масжид ва Аҳмад Яссавий номидаги Қозоғистон-Туркия университетини ҳам зиёрат этиши билдирилган.

'Турк дунёсининг оқсоқоли'

Остонадаги музокаралар чоғида жаноб Эрдўғон Қозоғистоннинг иқтисодий ютуқларини олқишлаган.

"Жаҳондаги мураккаб иқтисодий вазиятда Қозоғистон суръат билан ривожланмоқда ва катта ютуқларга эришмоқда. Бу бизни мамнун этади", - дея Туркия раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтиради Оқўрда матбуот хизмати.

Жаноб Эрдўғон шу ой охирида яна бир муддатга қайта сайланаётган Президент Назарбоевга муваффақият тилаган.

У Президент Назарбоевни "Турк дунёсининг оқсоқоли" деб атаган.

Эрдўғоннинг сўзларига кўра, Туркия Қозоғистонни Марказий Осиёдаги энг муҳим ҳамкорлардан бири деб билади.

Ўз навбатида жаноб Назарбоев Туркиянинг Эрдўғон бошқаруви остида сўнгги 12 йилда дунёнинг 16-иқтисодига айланганини қайд этган.

Ташриф давомида Туркия ва Қозоғистон ишбилармонларининг навбатдаги бизнес-форуми ҳам режаланган.

Жаноб Назарбоев Туркия ва Қозоғистон ўртасида қўшма инфратузилма сармоялари жамғармаси ташкил этилишини эълон қилган.

Назарбоевнинг Остонадаги брифингда маълум қилишича, ўтган йили жаҳондаги иқтисодий инқироз боис Туркия ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2013 йилга нисбатан тушиб кетган ва 3 ярим миллиирд долларни ташкил этган.

Президент Эрдўғон ушбу кўрсаткични келаётган йилларда 10 миллиард долларга чиқариш режаланаётганини айтган.

Оврўпога дарича

Президент Назарбоевга кўра, Қозоғистон Туркия орқали Оврўпо ҳамда Яқин Шарқ бозорларига чиқиши мумкин.

Жаҳонда нефт нархларининг пасайиши ва ғарбнинг Россияга қарши жазо чоралари Қозоғистонда иқтисодий ўсиш суръатини секинлаштирган.

Таҳлилчиларга кўра, Қозоғистон нефт нархларига қарамлик ва йирик савдо шериги бўлган Россиядаги иқтисодий секинлашиш таъсирларини камайтиришга уринмоқда.

Шунингдек, сўнгги йилларда жаноб Назарбоев Туркия ва турк дунёси билан яқинлашиш борасида қатор баёнотлар қилган.

Қозоғистон раҳбари жумладан, туркий давлатлар иттифоқини тузиш ва ягона туркий телеканал таъсис этиш ташаббуслари билан чиққан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK