'Ўзбекистон ИШИД жангчиларини кутиб олишга тайёр'ми?

Image caption ИШИД сафларида юзлаб марказий осиёликлар бор деб ишонилади

Ўзбекистон Қуролли кучлари Исломий Давлат таҳдидини қайтаришга тайёр.

Central Asia Online нашри бу ҳақда тошкентлик сиёсатшунос экани айтилган Яксарт Содиқовнинг фикрларини келтирган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ходимининг сўзлари ҳам келтирилган хабарда айтилишича, жангарилар Ўзбекистонга таҳдид солган тақдирда улар 420 танк, 164 ҳарбий самолёт ва вертолёт 715 пиёдалар ҳарбий машинасига қарши келади.

Айни пайтда Тошкентда ўтган матбуот анжуманида яна бир сиёсатшунос Рафиқ Сайфуллин ўзбек махсус кучлари ИШИД жангариларини "муносиб кутиб олиш"га тайёрлиги ва бунинг учун "махсус дастур" ишлаб чиқилганини айтган.

Аммо жаноб Сайфуллин дастур тафсилотларини очиқламаган.

Хўш, Исломий Давлат Ўзбекистон ва минтақага қанчалик таҳдид солади?.

Би-би-си Олма-Отадаги сиёсий тадқиқотлар марказидан профессор Александр Князев билан суҳбатлашган.

Александр Князев: Менинг назаримда ИШИДнинг Марказий Осиёга таҳдиди ҳақидаги барча гап-сўзлар ҳаддан ташқари бўрттирилган. Чунки ҳозиргача Исломий Давлат жанговар бўлинмаларининг Марказий Осиё у ёқда турсин, ҳатто Афғонистонда ҳам мавжудлигига доир тасдиқланган фактлар мавжуд эмас. Менимча, ҳозир ИШИДнинг таҳдиди борасида кечаётган гапларни сиёсий спекуляция деб аташимиз мумкин. Чунки бу минтақадаги жараёнларда иштирок этаётган барча томонлар учун манфаатли. Россия учун бу Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг ролини оширишга хизмат қилади, Қўшма Штатлар учун, дейлик, Туркманистонга бўлгани каби ҳарбий ёрдам учун сабаб ва Хитой учун ҳам ўз манфаатларини илгари суриш йўлида бир баҳона. Яъни барча ташқи кучлар учун бирдек қулай омил бу. Албатта Афғонистонда ИШИДга байъат қилиб, қора байроқ кўтариб олган унча катта таъсирга эга бўлмаган кичик-кичик гуруҳлар чиқаяпти. Аммо улар ё соф жиноий гуруҳлар ё-да Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва ё бошқа гуруҳларга алоқадор одамлар.

Би-би-си: Шу маънода ИШИД Марказий Осиёда ҳозирча виртуал бир таҳдид дейишимиз мумкинми?

Александр Князев: Ҳозирча шундай десак ҳам бўлади. Аммо бу ИШИД таҳдиди пайдо бўлмайди ва кучаймайди дегани эмас, албатта. Фақат ҳозирча реал таҳдидни тасдиқловчи фактларга эга эмасмиз.

Би-би-си: Ўзбекистон расмийлари одатда матбуот билан унчалик дўстона алоқада эмаслар, аммо сўнгги пайтларда ИШИД таҳдиди борасида ҳукуматга яқин таҳлилчилар бот-бот шарҳ беришаётганини кўраяпмиз. Буни қандай изоҳлаган бўлардингиз?

Фото муаллифлик ҳуқуқи knews.kg
Image caption Александр Князевга кўра, ИШИД Ўзбекистонга ҳарбий таҳдид солмайди

Александр Князев: Биласизми, бу мавзу сўнгги пайтларда нафақат Ўзбекистон куч тизимлари, балки бутун минтақадаги расмий доиралар тарафидан фаол шарҳланаяпти. Тожикистон ва Қирғизистон ҳам бундан мустасно эмас. Сабаби оддий. Ҳар қандай давлатнинг куч тизимлари учун таҳдидларни бўрттириб кўрсатиш давлатдан қўшимча молия олиш учун бир имкониятдир. Қанча кўп гапирилса, шунча яхши. Куч тизимларини бошқараётган сиёсий раҳбариятлар эса таҳдидлардан ички сиёсатда қаттиққўллик, назоратни янада кучайтириш, фуқароларнинг эркинликларини янада чеклаш йўлида фойдаланишади.

Би-би-си: Central Asia Online да чоп этилган бугунги хабарда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг шайлигига доир айрим рақамлар ҳам келтирилади. Сизнингча, Ўзбекистон армияси Исломий Давлат таҳдидига якка ўзи қарши туришга қодирми?

Александр Князев: Менимча, армиянинг шайлиги ҳақидаги тезиснинг ўзи унчалик тўғри эмас. Чунки Афғонистон йўналишидан келадиган таҳдидларнинг биронтаси ҳам ҳарбий характерга эга эмас. Бу таҳдидларга армия эмас, балки махсус кучлар воситасида қарши туриши керак. Тезкор ҳаракатлар ва олдиндан огоҳлантириш билан. Қолаверса, Ўзбекистонга ўхшаган Афғонистон билан энг қаттиқ қўриқланадиган чегарага эга давлат учун тўғридан-тўғри ҳарбий таҳдид йўқ, деб ҳисоблайман. Дунёда ўзбек-афғон чегарасидан ҳам қаттиқ қўриқланадиган ягона чегара бу Шимолий Корея ва Жанубий Корея ўртасидаги чегара бўлса керак. ИШИД таҳдиди, таъбир жоиз бўлса, ассимметрик характерга эга ва унга қарши ҳам шундай йўл билан қарши туриш керак.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK Twitter - BBC UZBEK Odnoklassniki - BBC UZBEK Facebook- BBC UZBEK Google+ BBC UZBEK Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ