Каромат Абдуллаева устидан қамоқ жазоси ўз кучида қолдирилди

Инсон ҳуқуқлари фаолларининг хабар қилишича, Ўзбекистон билан Қирғизистон махсус хизматлари қочқинларни ўзаро айирбошлашга келишган рўйхатга номи киритилган қирғизистонлик таниқли ўзбек жамоат арбоби Каромат Абдуллаева устидан аппеляция маҳкамаси саноқли дақиқаларда ҳукм чиқарган.

Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари хабар қилишларича, Ўш вилоят маҳкамаси Каромат Абдуллаевага Ўш шаҳар маҳкамаси чиқарган узоқ йиллик қамоқ жазосини ўз кучида қолдирган.

2014 йил ноябрида Ўш шаҳар маҳкамаси 2010 йил июн ҳодисалари бўйича ҳукм чиқарган.

Бу ҳукм жанубий Қирғизистондаги ўзбеклар етакчилари Қодиржон Ботиров, Инъомжон Абдрасулов, Қирғизистон Хотин-қизлар Конгрессининг Ўш минтақавий бўлими раиси Каромат Абдуллаева ва яна уч шахсни 2010 йил май ва июн ойларидаги қонли ҳодисаларга гижгижлаш ва бу ҳодисаларни ташкиллаштиришда айбдор деб топган.

Қирғизистон прокуратураси Қодиржон Ботиров ва Инъомжон Абдурасуловга умрбод қамоқ жазолари, Каромат Абдуллаевага нисбатан 16 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланганини тасдиқлаган.

Каромат Абдуллаева бошқа ўзбек лидерлари қатори ўзига нисбатан ҳам Қирғиз ҳуқуқ-тартибот органлари илгари сурган айбловларни буткул рад этган.

Маҳкама ишида ўзининг айбини исботлайдиган бирорта исбот-далил йўқлигини урғулаган.

Қонли ҳодисалар пайти хорижда бўлган Каромат Абдуллаева Ўш шаҳар маҳкамаси устидан шикоят қилган.

Фаолларнинг хабар қилишларича, ўтган йилдан буён аппелляция маҳкамаси чўзиб келинган.

Охирги марта шу йил 7 апрелига белгиланган ва яна бир марта суд қолдирилган.

17 апрел куни Ўш вилоят маҳкамасида эрталабки соат 10 да аппелляция маҳкамаси бошланган.

Соат 10.30 да ҳакам қарорни ўқиб эшиттирган.

Вилоят маҳкамаси шаҳар суди хулосаларини ўз кучида қолдирган, Каромат Абдуллаевага нисбатан 15 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган.

Махфий келишув

Фаоллар маҳкама иши кўриб чиқилиши Ўзбек-Қирғиз махсус хизматлари ўртасидаги махфий келишув ҳақидаги хабар тарқалган вақтга тўғри келганига эътибор қаратмоқдалар.

Хабар қилинишича, апрел ойида Қирғизистон ва Ўзбекистон махсус хизматлари ёпиқ мажлис уюштиришган.

Бу мажлисда икки томон Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудида вақтинча яшаб турган қочқинлар рўйхатини тасдиқлашган ва уларни топширишга келишганлар.

"Бу рўйхатдаги кўпчилик БМТнинг Қочқинлар мақоми тўғрисидаги Конвенцияси остида ҳимояланган шахслар тоифасига киради. Айримлари БМТ Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлигига ўзларини қочқин деб тан олишни сўраб мурожаат қилишган", - деб айтган Би-би-сига "Марказий Осиёда Инсон Ҳақлари" Ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева.

Атаева хоним айтишича, Ўзбекистон Қирғизистондан бўлгинчиликда гумон қилинаётган қорақалпоғистонлик қочқинларни топширишни сўраган, ўз навбатида Қирғиз томони 2010 йил июнидаги этник зўравонликлардан қочиб, Ўзбекистонга сиғинган Қирғизистондаги ўзбек жамоаси вакилларининг топширилишини талаб қилмоқда.

"Қирғизистонда яшаб турган 50 нафар қорақалпоқларнинг ҳаёти хавф остида. Ўзбекистонда улар қийноқ, узоқ муддатли қамоқ ва ўлимга юз тутишлари мумкин", дейди инсон ҳақлпи фаоли.

"Марказий Осиёда Инсон Ҳақлари" гуруҳи Ўзбекистонда яшаб турган қирғизистонлик ўзбек фаолларининг мажбуран ватанларига қайтарилишлари эҳтимолидан ҳам хавотир билдирмоқда.

Атаевага кўра, ҳозирда Ўзбекистонда қирғизистон жанубидан бўлган 100га яқин ўзбеклар бор ва улар мажбуран қайтарилганлари тақдирда қийноққа солинишлари, умрбод қамоққа маҳкум этилишлари ва ўлимга юз тутишлари хавфи катта.

"Қирғизистонда ҳокимият, миллатчи ва жиноий гуруҳлар мунтазам равишда суд органлари ва ҳимоячиларга босим ўтказиб келади. Бу мамлакатдаги ўзбекларнинг холис ва адолатли маҳкамага имконлари йўқ", - дейди Надежда Атаева.

Унинг айтишича, 2010 йил июнидаги зўравонликлардан қочиб чиққан ўзбеклар 5 йилдан буён Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизматининг доимий назорати остида.

Уларнинг ҳаракатланиши чекланган, паспортлари олиб қўйилган ва қонуний мақом олиш уринишларига тўсқинлик қилинмоқда.

Атаевага кўра, агар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида қочқинларни айирбошлаш амалга ошса, бу яна бир марта икки давлатнинг инсон ҳақлари борасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш ва қонун устуворлигини таъминлаш нияти йўқлигини кўрсатади.

Ўтмишда Қирғизистондаги БМТ Қочқинлар идорасига мурожаат қилган ва бошпана изловчи мақомини олган қатор ўзбек фаоллари Ўзбекистонга топширилган ва ватанларида узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ