Туркман мулозим аёллари "ҳашаматлироқ салла" бўйича мусобақалашмоқдами?

Бир муддат Украинадаги Трускавец дам олиш масканининг бирида таътил ўтказдим.

Кундалик муолажа давомида бу шаҳарчанинг санаторийсида дам олувчиларнинг барчаси минерал сув қабул қилиш учун бир ерга тўпланишади. Бутун парк турли миллат вакиллари, асосан МДҲ мамлакатларидан келганлар билан тўлиб кетади. Уларнинг ташқи кўриниши, кийим-кечагидан ажратиш мумкин.

Меҳмонлар орасида Туркманистондан кўплаб вакиллар бор эканлигини осонлик билан уларнинг кийимларидан пайқаш мумкин. Аёлларнинг кўйлаклари гўзал шарқона нақшлар билан безатилган бўлиб, этаги ерга тегиб туради.

Маълумки, рўмол туркман миллий кийимининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бу аёллар ҳам бундан истисно эмас. Улар ҳам чиройли ва ёрқин рўмоллар ўраб олганлар. Лекин уларнинг кўринишида бир нарса ғайриоддий эди.

Туркманча янги мода

Уларга яқиндан синчиклаб қарашга кўп уриндим. Кузатувлар натижасида, уларнинг бошларидаги рўмолча бир нарсага боғлаб қўйилганини аниқладим. Уни рўмолча деб аташ ҳам қийин, чунки катта саллани эслатади.

Хаёлга бирдан, бу аёллар бундай инсталляцияни(мосламани) қандай қилиб тақиб юришар экан, деган савол келади. Бу рўмолча масаласи мени жуда қизиқтириб қўйди ва мен бунинг аслида нима эканини тушуниб етишни мақсад қилдим. Омадим чопиб, бир туркманистонлик аёл бу "сирни" фош этди. У бошидаги рўмолни ечиб тагида нима бор эканини менга кўрсатди. Рўмолчанинг ички қисми центифон билан тўлдирилган экан. Аёл шу шляпасимон мосламани бошига кийиб, сўнгра чиройли "салласини" қўндирар экан.

Табиийки, аёлларнинг кийими уларнинг шахсий иши. Ҳамма замонларда ҳам барча ёшдаги аёллар ўзини энг яхши тарафдан кўрсатиш учун турли хил пардоз-андоз қилишган. Лекин бунақасини ҳали кўрмаган эдим - бошга улкан бир мосламани ўрнатиш нега зарур бўлганини англашга менинг ақлим ожиз эди. Сабаби, бу мослама ўта катта ва ноқулай. Қолаверса, Туркманистоннинг 40 даражадан баланд жазирамасини ҳисобга оладиган бўлсак, бу аёлларга нақадар мушкул эканини тасаввур қилиш қийин эмас. Ҳа, туркман аёллари учун мода йўлида ўзларини қурбон қилишга тўғри келаётганини англаш мушкул эмас.

Эътибор бериб қарасак, бу мода қурғур Туркманистон телевидениесини ҳам аллақачон забт этиб улгурганини шоҳиди бўламиз. Бамисоли, кўрсатувлардаги аёллар ўзаро ким каттароқ "салла" тақишда мусобақалашгандек. Туркманистон парламентига аъзо аёллар ҳам мазкур модадан ортда қолишмаяпти. Мажлисларга улкан "саллани" бошларига қўндириб келишмоқда.

Туркманистон аёлларининг кийинишларидаги яна бир хусусият бу - оёқдаги шиппак ва туркман нақшлари битилган жовраб(махсус пайпоқ). Бундай абсурд нарсани тушуниш ҳам амримаҳол бўлди. Сабаби чиройли кийинган аёлларнинг оёқларида шиппак. Яна октябр ойининг совуқ кунида. Бу ўринда, Украинада куз қанчалар совуқ бўлишини айтиб ўтиш шарт эмас.

Хуллас, агар сиз бошига улкан мослама ўрнатган, узун кўйлак кийган ва оёғида шарқона нақшлар битилган пайпоқ кийган аёлни кўрсангиз, унда аниқ билинг-ки, бу аёл Туркманистон вакилидир.

Ўзбекистонлик сайёҳ

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ