Марказий Осиёда натижаси маълум яна бир сайлов

The Diplomat онлайн нашрида келаётган якшанба кунига белгиланган Қозоғистондаги муддатидан аввал президентлик сайловлар ҳақида шарҳловчи Кетрин Патц таҳлили чоп этилган.

Мақола муаллифига кўра, Президентлик сайловларга бир ҳафта қолганига қарамай Қозоғистонда сукунат ҳукмрон.

"Жорий президент Нурсултон Назарбоевга кўра, Қозоғистон-жаннатмакон ўлка. Лекин таҳлилчилар сайловлар жараёнида рақобатнинг ва сиёсий баҳсларнинг мавжуд эмаслигини тилга олмоқдалар".

Глазго Университетида Марказий Осиё тадқиқотлари билан шуғулланувчи Лука Анесчининг The Diplomat га айтишича, сайловлар ҳақида кўп гапирилмаётганининг сабаби айтиладиган гапнинг ўзи йўқлиги билан боғлиқ.

26 апрел кунига эрта сайловларнинг белгиланиши ҳеч кимни ҳайратга солгани йўқ.

Жаноб Назарбоев 2011, 2005 ва 1999 йилларда ҳам эрта сайлов чақирганди.

Қозоғистон Конституциясида ҳар бир шахс учун Президентлик икки муддатдан ошмаслиги кераклиги қайд этилган.

2007 йили Президентлик муддати 7 йилдан 5 йилга қадар қисқартирилди.

2007 йили эса Конституцияга ўзгартиришлар киритилиб, жаноб Назарбоев учун ҳар қандай чекловлар бекор қилинди.

Бу унинг амалда "умрбод Президент" этиб эълон қилиниши билан баробар эди.

Бу каби конституцион "жараёнлар" Марказий Осиё мамлакатлари, айниқса Ўзбекистон учун жуда одатий ҳолдир.

Қозоғистонда бу йилги сайлов кампанияси расман 26 март куни бошланди.

Қонунга мувофиқ кампания 30 кун давом этиб, сайловлардан 2 кун аввал тугаши лозим.

The Astana Times рўзномасига берган суҳбатида Марказий Сайлов Комиссияси вакили Татьяна Охлопкова сайловчилар ҳуқуқларини таъминлаш масаласига жуда жиддий ёндошилаётгани ҳақида айтди.

Лекин Глазго Университетидан Лука Анесчининг фикри ўзгача.

"Бутун сайлов жараёни ўта қаттиқ "режаланган". "Муқобил номзодлар" ўта синчиковлик билан танланган, улардан бири ҳатто кампания олиб боришни ҳам ўзига эп кўрмаяпти. Матбуотда сайловлар ҳақида берилаётган ҳар қандай маълумотнинг марказида албатта Нурсултон Назарбоев. Бу каби шароитда электоратда умуман ҳеч қандай танлов йўқ деб айта оламиз".

Ҳақиқатан ҳам матбуотда сайловлар билан боғлиқ мақолаларни деярли учратмайсиз.

The Astana Times нинг бош саҳифасида 21 апрел куни назар ташланган вақти, сайловлар ҳақида бирон сўз ҳам йўқ эди.

Tengrinews нинг инглиз тилидаги нашрида эса сайловчиларнинг 70 фоизи овоз бериши кутилаётгани ва сайлов қонунларини енгилгина танқид қилган, шунингдек, жаноб Назарбоевнинг сўзлари келтирилган мақола бор.

Нашрнинг рус тилидаги версиясида сайловлар ҳақида бўлим бор, аммо у ерда Назарбоевдан ташқари биронта номзод ҳақида айтилмаган.

Лука Анесчининг айтишича, Назарбоевнинг қайта сайланиши "демократик шакли-шамойил"ни намойиш қилиш йўлидир.

Таҳлилчилар Марказий Осиё давлатларидаги демократияни "назорат остидаги демократия", дея атайдилар ва бу тўғри талқиндир.

Минтақа сайловлар жараёнини ўзича "талқин" қилади ва якшанба кунига режаланган президентлик сайловларининг ўзгача бўлишини кутиш қийин.

"Сайловлар концепцияси мавжуд, аммо мухолифат йўқ", дея хулоса қилади мақола муаллифи Кетрин Патц.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer