Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қозоғистон Путиннинг ягона валюта ғоясини рад этди

Қозоғистон Россия Президенти Владимир Путиннинг Овросиё иқтисодий иттифоқи доирасида ягона валюта жорий этиш ғоясини рад этган.

Остонада ўтган матбуот анжуманида Қозоғистоннинг Миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари Тимур Жақсилиқов ягона валюта масаласи муҳокама этилмаётганини билдирган.

"Қозоғистон Овросиё иқтисодий иттифоқи доирасида ягона ва миллий валюталардан устун валютанинг жорий этиш эҳтимолини истисно этиш бўйича аниқ ва мунтазам мавқеъни эгаллаган. Биз бу масалани муҳокама қилмаяпмиз", дея қозоқ мулозимининг сўзларидан иқтибос келтиради Қозоғистон матбуоти.

Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда аъзо давлатларнинг молияв бозорларига доир қонунчиликни мувофиқлаштириш режаланган, аммо ўшанда ҳам валюта иттифоқи масаласи кун тартибига қўйилмайди.

Жаноб Жақсилиқовнинг айтишича, ОИИ ҳақидаги шартномаларда ягона валютани шакллантириш кўзда тутилмаган.

Президент Путин ўтган ой Остонага ташрифи чоғида Россия, Беларус ва Қозоғистон ўртасида валюта иттифоқини тузиш бўйича музокараларни бошлашни таклиф қилган эди.

Унга кўра, "елкама-елка ишлаш билан ташқи молиявий, иқтисодий таҳдидларга қарши туриш ва ягона бозорни ҳимоя қилиш" осонроқ бўлади.

"Биз ҳамкорларимиз билан монетар сиёсатни мувофиқлаштиришга келишганмиз. Ўйлайманки, келажакда валюта иттифоқини тузиш ҳақида гаплашиш вақти келди", деган жаноб Путин.

Қозоғистонлик иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаевнинг айтишича, миллий валюталар мустақил давлатларнинг рамзи ва ягона валютанинг тақдири Овросиё иқтисодий иттифоқининг Қозоғистон учун қанчалик манфаатли бўлишига боғлиқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio