“Тожикистонда ҳижобу соқолга қарши кураш йўқ!”

Image caption Қайси бири мулозимларга маъқул эмас?

Тожикистон мулозимлари мамлакатда соқол қўйган эркаклар ва ҳижобли хотин-қизларга қарши кампания мавжудлигини рад этганлар.

Диний масалалар бўйича қўмитага кўра, “ Исломий либослар манъ этилмаган, давлат раҳбари бу каби буйруқ бермаган”.

"Президент Имомали Раҳмон фақатгина хотин-қизларимизга миллий либослар кийишни маслаҳат берди, бизнинг миллий кийимларимиз диний анъаналаримиз ва маданиятимизга ҳамоҳангдир”, дейилади баёнотда.

Бир қатор халқаро оммавий-ахборот воситалари сўнгги ойларда Тожикистонда соқол қўйганлар ва Исломий либосда бўлганларга қарши кампания мавжудлиги ҳақида ёзишган эди.

“Висоли Ҳақ” телевизион каналидаги кўрсатувда ҳам Тожикистонда муслималар ўз диний либосларидан маҳрум этилгани ҳолда, турфа ишратбозлик жойлари озод фаолият юритилаётгани даъво қилинган эди.

Жумладан, мамлакатдаги масжиду мадрасалар фаолияти ҳам кескин чекланаётгани танқид остига олинган эди.

“Соқолни мажбурлаб олиш мумкин эмас!”

Image caption Ҳижобсиз...миллий кийимлар

Айни пайтда, Тожикистон Ички ишлар вазирининг ўринбосари Икром Умарзода милиция ходимлари тожикистонликларнинг соқоллари мажбуран қиртишлаётгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Гарчанд, YouTube тармоғида милиция ходимлари бир эркакнинг соқолини мажбуран олиши аксланган видео пайдо бўлган ва бу ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлган эди.

Тожикистонлик фойдаланувчилардан бири, “соқолни ўстириб, бепул қиртишлаш учун сарторошхонага эмас, милиция идорасига” боришни ҳам таклиф қилган эди.

Вазир ўринбосарига кўра, “соқолларни мажбуран олиш қонунга зид ва бу амалга қўл урган милиция зобитлари жазоланади”, деб айтган.

"Вазирликка ҳозирга қадар учта шикоят тушган. Бу зобитларга қарши чора кўрилади”, деб айтган Икром Умарзода.

Айни пайтда, Ozodagon нашрига кўра, Душанбе шаҳрининг Ички ишлар идораси бошлиғи Фотеҳ Қўнғиротзода “ ҳижоб сотадиган дўконлар ёпилади” деган сўзларини келтиради.

Қўнғиротзода бу ҳақда Душанбедаги йирик “Карвон” бозори сотувчилари билан суҳбатда гапирган.

У дўкондорларни “Тожик маданиятига ёт бўлган либосларни сотмасликка” чақирган.

Нашр шунингдек, Душанбе шаҳри ҳокими Маҳмадсаид Убайдуллоев ҳам муқаддам “маданиятимизга ёт бўлган кийимлар”нинг шаҳарга киритилиши манъ этилади, деб айтгани ҳақида ёзади.

Мутахассисларга кўра, сўнгги йиллар Тожикистон ҳукумати қўшни Ўзбекистон сингари диний масалада анчайин тоқатсиз ва муросасиз йўл тутмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ