Қрим татарлари баҳорги миллий байрамини нишонлашдан воз кечган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Қрим татарлари Мажлиси май ойи бошида ўтказиладиган "Хидирлез" байрамида бу йил ўтказмасликка қарор қилгани ҳақида эълон этган.

Қрим татарларининг олий органи - Мажлис бу ҳақда ўзининг расмий веб-сайтида баёнотини тарқатган.

Хабар қилинишича, Россия аннексия қилган Қримнинг жорий ҳокимияти "Хидирлез" байрамига тайёргарлик кўраяпти.

Хидирлез - Қрим татарларининг баҳорги деҳқончилик байрами.

Бу байрам куни халқ сайли, ўйин-кулгу, спорт мусобақалари, ҳунармандчилик кўргазмалари ташкил қилинади.

Қрим татарлари Мажлисида айтилишича, ярим оролдаги "фожеали вазият" туфайли Қрим маъмурияти ташкиллаштираётган байрам тадбирларида иштирок этишдан воз кечганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Хидирлез" Бутунқрим миллий байрамига тайёргарлик ҳокимият томонидан бутун Қрим татарларининг коллектив ҳуқуқларини таъминлашнинг фожеали вазияти, инсонларни ўғирлаб кетиш ва ғойиб бўлишларида кўринаётган инсон ҳақларини поймол этиш, Қрим татар халқининг лидери Мустафо Жамилевнинг, Қрим татар халқи Мажлиси раиси Рефат Чубаровнинг, жамоат арбоби Исмет Юксел ва Синавер Қодировларнинг Қримга киришлари тақиқлангани, Мажлис раиси ўринбосари Ахтам Чийғознинг ҳибсга олиниши ва тутқунликда сақланаётгани, Мажлис аъзоларига нисбатан, маҳаллий миллий ўз-ўзини бошқариш органлари аъзоларига нисбатан маъмурий ва жиноят ишлари сохталаштирилаётгани, кўплаб ватандошларимизнинг сўроқлар, тинтувлар ҳибсга олишларга тутилаётгани, эркин тадбиркорлик фаолият билан шуғулланишларига тўсқинлик қилинаётгани, қатор Қрим татар оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олишдан бош тортилаётгани, Мажлис фаолияти ва Қрим татарларининг жамоат ташкилотлари фаолият юритиши чекланаётгани, бир неча марта оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқлангани манзарасида амалга оширилмоқда", дейилади Қрим татарлари Мажлисининг баёнотида.

Баёнотда 2013 йил баҳорида Қрим расмийлари "Хидирлез" байрамининг ўтказилишига қаршилик қилганлари, бироқ шунга қарамасдан, 40 мингдан ортиқ киши иштирок этгани айтилган.

2014 йили эса байрамга тайёргарлик ишлари якунланган вақтда Қрим татарлари лидери Мустафо Жамил Қрим ўғлининг Қримга киришига изн берилмагани, шу сабабли байрам тадбирлари бекор қилингани хабар қилинган.

Сўнгги баёнот Қрим татарлари Мажлисининг 25 апрел куни ўтказилган йиғилишида қабул қилинган.

Йиғилишда Мажлиснинг 30 аъзосидан 20 нафари қатнашган.

Йиғилишни Киев шаҳридан туриб Skype Интернет алоқаси воситасида Мажлис раиси Рефат Чубаров бошқарган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ