Қайта сайланган Назарбоевдан нималар кутилмоқда?

Назарбоевдан иқтисодий масалаларни ҳал қилишини кутишмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Назарбоевдан иқтисодий масалаларни ҳал қилишини кутишмоқда

Амалдаги давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев дастлабки натижаларга кўра 97,7 фоиз овоз олиб рақибларига имкон қолдирмаган. Оврўпада хафвсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари сайловчиларнинг танлови чекланди дея баҳолади. 26 йилдан бери Қозоғистонни бошқариб келаётган Назарбоевдан бу сафар нима кутилади?

ОХҲТ томонидан қўйилган ҳайъатни бошқарган Корнелия Йонкер ҳақиқий мухолифатнинг йўқлиги сайловчиларнинг танловини чеклаб қўйганини баён қилди.

Ташкилот томонидан чиқарилган баёнотда амалдаги президентга оммавий равишда овоз бериш, тадбирда иштирок этишга мажбурлаш жазолашдан қўрқмасдан овоз бериш имкониятини шубҳа остида қолдирди дейилади.

Якшанба куни бўлиб ўтган сайловларда сайлаш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 95,22 фоизи овоз берган.

Чорак асрдан бери Қозоғистонни бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоевнинг энг кўп овоз олган йили 1991 йилги сайловларга тўғри келади. Ўшанда у 98,7 фоизлик овоз олган ва Қозоғистоннинг биринчи президенти бўлганди.

Сайловларнинг муддатидан олдин белгиланиши Қозоғистонни кутаётган иқтисодий қийинчиликлар дея изоҳланмоқда.

Олма отадан жамоат фаоли Ермек Наримбаев кейинги муддатга сайланган Назарбоевдан турғунлик йилларининг давом эттиришини кутаётганини айтади.

“Брежнев вариантидаги турғунликнинг давом этишини кутяпман. Агар Брежнев мамлакатни 18 йилнинг ичида боши берк кўчага олиб кирган бўлса, бу бизда 25 йилдан бери давом этяпти. Яна беш йил чўзилиши мумкин”, - дейди Ермек Наримбаев.

Сайловолди дастурларида Нурсултон Назарбоев қайта сайланган тақдирда 5 институционал ўзгаришларни амалга оширишни ваъда берган бўлса-да, унинг олдида биринчи навбатда иқтисодий қийинчиликларни бартараф этиш кўндаланг бўлиши тахмин қилинмоқда.

Жаҳонда нефт нархининг тушиб кетиши Қозоғистон бюджетига кескин таъсир қилиши кутилмоқда.

Асосан нефтдан даромад кўрувчи Қозоғистон бюджети бир баррел нефт нархи 80 доллар қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Аммо 2015 йил бошида Қозоғистон ушбу кўрсатгични 50 доллардан ҳисоблашга мажбур бўлди.

Нефт нархининг тушиши ортидан Қозоғистон шу йилнинг ўзида 7 миллиард доллардан кўпроқ зарар кўриши кутилмоқда. Ушбу кўрсатгич кейинги 2 йилда ҳам сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.

Бундан ташқари иқтисоди Россия билан чамбарчас боғланган Қозоғистоннинг санкциялар туфайли яна бир мушкул аҳволга тушиб қолаётгани кузатилмоқда.

Россияда рублнинг кескин қадрсизланиши Қозоғистон иқтисодига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмади.

Кузатувчилар сайловларнинг муддатидан олдин белгиланишига миллий валюта - танганинг девальвацияга учраши муқаррарлиги билан ҳам изоҳлашмоқда.

Бироқ сайловларнинг дастлабки натижалари эълон қилингандан сўнг журналистлар билан учрашган Назарбоев Қозоғистонда танганинг қадрсизланиши кутилмаётганини айтди.

“Агар шунақа ҳолат бўладиган бўлса, мен сизларга олдиндан айтаман”, - деди Элбоши.

“Ура, бизнинг Элбоши ҳар доим ўз сўзини тутиб келган. Настрадамусга ўхшаган ҳамма танқидчиларга зўр жавоб бу. Ҳеч қандай девалбвация бўлмайди. Эслаб қолинглар”, - деб хурсандчилигини билдиради Мурат исмли шарҳ қолдирувчи.

Лекин жамоат фаоллари Назарбоевнинг гапларига девальвация бўлмайди деган гапларига ишонмаяпти.

“Тангани ниманинг эвазига ушлаб туришибди. Унинг қийматини бир йилда тугаб қолиши мумкин бўлган миллий жамғарма хисобига ушлаб туришибди. Девальвация амалга оширилади. Шунда биз девальвация ва кети очилиб қолган бюджет билан қоламиз”, - дейди Ермек Наримбаев.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio