Назарбоев Президентликка қасамёд қилди

Image caption Назарбоев Қозоғистонни дунёнинг энг ривожланган 30 давлати қаторига киритишга ваъда берган

Нурсултон Назарбоев Остонадаги "Мустақиллик саройи" да ўтган тантанали маросимда яна бир муддатга Қозоғистон президентлигига қасамёд қилган.

Назарбоев "Қозоғистон халқига садоқат билан хизмат қилиш, Конституция ва қонунларга қатъиян амал қилиш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга" ваъда берган.

Жаноб Назарбоев 26 апрель куни ўтган сайловларда 97.75 фоиз овоз олган.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти сайловларда ҳақиқий рақобат бўлмаганини айтган.

74 ёшли Назарбоев Қозоғистонни 1990 йилдан буён идора қилиб келади.

2010 йилда Қозоғистон парламенти уни "Елбасы"- "Миллат лидери" деб эълон қилган ва унга чекланмаган муддатга сайланиш ҳуқуқини берган.

Тараққиёт ва таҳдидлар

Ўзининг инаугурацион нутқида жаноб Назарбоев Қозоғистонни дунёнинг энг ривожланган 30 давлати қаторига киритишга ваъда берган.

Унинг сўзларига кўра, келаётган кунларда Қозоғистон Президенти ҳузурида мамлакатни завоманавийлаштириш бўйича махсус комиссия тузилади.

Жаноб Назарбоев ушбу комиссиянинг биринчи йиғилишида ўзининг "Миллат режаси"ни тақдим этишини айтган.

Унинг айтишича, сўз давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар ҳақида бормоқда.

Қозоғистон раҳбари мамлакатнинг истиқболдаги ривожланишига таҳдид солаётган беш омилни тилга олган.

Унинг фикрича, булар- дунёдаги мавҳумликнинг ортиши, жаҳон иқтисодидаги муаммолар, иқлим ўзгариши, дунё эврилишидаги "синиқ чизиқлар"нинг Марказий Осиёга таъсир қилиши ва дунё тартибидаги инқироздир.

Жаноб Назарбоев Қозоғистон ўзининг стратегик ҳамкорлари бўлган Россия, Хитой, АҚШ, Оврўпо Иттифоқи ва Ислом дунёси билан ҳамкорликни давом эттиришини айтган.

Сешанба куни у шунингдек, Карим Масимовнинг Қозоғистон бош вазирлигига номзодини қайтадан тасдиқлаган.

Қозоғистон Конституциясига мувофиқ, ҳукумат янги сайланган Президент олдида ўз ваколатларини топширади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ