Тожикистондаги фуқаролиги йўқ инсонлар кимлар?

Image caption Биз Ўзбекистон учун ҳам ўз фуқаролари эмасмиз, Тожикистон учун ҳам чет элликмиз", - дейди Фируза Холмуродова.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Тожикистонда фуқаролиги йўқ ўн минглаб инсон истиқомат қилади. Уларнинг аксари хотин-қизлар бўлиб, на тиббий хизматдан, на маорифдан фойдалана оладилар, расман ишга жойлаша оладилар. Ҳаммадан ҳам кўра аёллар ва вояга етмаганларнинг зарур ҳужжатларни ва тўлақонли фуқароликни қўлга киритишлари мураккабдир.

"Мамлакатда ҳозиргача ҳам фуқаролиги йўқ шахслар ҳақида аниқ статистик маълумотлар йўқ. БМТ Қочқинлар Олий комиссарлиги фаолиятини бошлаганидан буён биз 42000 га яқин инсонни рўйхатдан ўтказдик, бироқ бу дастлабки маълумотлар. Депортация ва маъмурий жазоланишдан қўрққан кўплаб одамлар давлат идораларига мурожаат қилишдан қўрқадилар. Бу фақат ижтимоий муаммогина бўлиб қолмасдан, давлат хавфсизлигига алоқадор масаладир. Бу одамларнинг бари - тизимдан ташқарида яшаётган мамлакатнинг кўринмас аҳолиси ва улар ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Биз уларга кўмак зарурлигини ва уларнинг мақомини қонунийлаштириш лозимлигини англаб етишимиз керак", - дейди БМТ Олий Комиссарлигининг Тожикистондаги бошқармаси ваколатхонаси раҳбари Кевин Аллен.

Чегарадош туманлар

Фуқаролиги йўқ инсонлар муаммоси, айниқса, Тожик-Ўзбек чегарасига туташ ҳудудларда ўткир. Чегаранинг икки тарафида ҳам минглаб тожик ва ўзбеклар, шунингдек, Тожикистонда узоқ йиллардан буён яшаб келаётган афғонлар бор. Уларнинг фуқаролиги ҳам, расмий мақоми ҳам йўқ.

34 ёшли Фируза Холмуродова ва синглиси Марзия Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида туғилиб вояга етганлар. Опа-сингиллар бундан 16 йил олдин Тожикистон фуқароларига турмушга чиққанлар ва ўшандан буён шу ерда оилалари билан яшашади.

"Биз келин бўлиб тушган пайтларда Тошкент билан Душанбе ўртасида виза тартиби йўқ эди. Фарзандларимиз дунёга келди ва шунинг учун ҳам узоқ вақт давомида бизнинг ватанимизга бориб рўйхатдан ўтиш ва янги ҳужжатларни қўлга киритишимизга имкониятимиз бўлмади. Энди бўлса белгиланган ҳамма муддатлар ўтиб кетди, энди Ўзбек паспортларимизнинг ҳам амал қилиш фурсати тугади. Энди биз Ўзбекистон учун ҳам ўз фуқаролари эмасмиз, Тожикистон учун ҳали ҳам чет эллик фуқаролармиз", - дейди Хатлон вилоятининг Шартуз туманидаги Боғижийда қишлоғида яшайдиган Фируза Холмуродова.

Image caption Депортация ва маъмурий жазоланишдан қўрққан кўплаб одамлар давлат идораларига мурожаат қилишдан қўрқадилар, дейди БМТ расмийси Кевин Аллен.

Ўзбекистонда унинг ота-онаси, бошқа яқинлари қолган, на Фируза, на синглиси бориб қариндошларини кўриб кела олади.

"Биз ўзимизнинг муаммомизни Ўзбекистон элчилиги ёрдамида ҳал қилишни хоҳлаб, ҳар сафар мурожаат қилганимизда, улар бизни Тожик томонига юборишади. Улар эса бизни Тошкентга йўллашади, фуқаролик масаласини ҳал қилиб келишни талаб этишади. Бу ерда ҳам, у ёқда ҳам фуқаролигимизни қайта тиклашни хоҳлашмайди, бизнинг мақомимизни тасдиқлайдиган бирор-бир ҳужжат беришни исташмайди. Бу нарса менинг вояга етаётган фарзандларимнинг ҳам муаммосига айланмоқда. Ўзбекистонда бизга "сиз бизники эмас", дейишади. Бу ерда ҳам "сиз бизники эмас", дейдилар. Нима қилишга ҳайронмиз. Бир марта бизга бир чорасини таклиф қилишди. Лекин у жуда қиммат экан, бунча пул бизда йўқ. Ота-онам қариб қолишди, мен эса бориб уларни кўриб кела олмайман", дейди Фируза.

Бугун дунёда 10 миллионга яқин фуқаролиги йўқ инсон яшайди деб кўрилади. Сал олдинроқ БМТ Қочқинлар идораси ўн йил мобайнида ушбу муаммони ҳал қилиш мақсадидаги кампанияни бошлаган.

Собиқ СССР фуқаролари

Фуқароликсиз инсонлар муаммоси собиқ СССР ҳудудида ўткир. БМТ маълумотларига кўра, постсовет ҳудудида 600 мингдан ортиқ инсон "фуқаролиги йўқ шахс" тушунчасига тўғри келади.

"СССР парчаланиб кетганидан кейин кўплаб одамлар янги барпо бўлган давлат фуқаролигини олиш мақсадида ўз вақтида мурожаат этмаганлар. Кўп мамлакатларда чегара аниқ эмас. Бунинг устига, Тожикистонда фуқаролар уруши бошланган ва кўп одам мамлакатни тарк этган. Ўз вақтида қайтишга имконлари бўлмаган. Шу боис ўша одамларнинг бир қисми ўз фуқаролигини тасдиқлатиб ололмаган. Ваҳоланки, улар умрларининг кўп йилини Тожикистонда ўтказганлар. Улар қўрқишади, депортация, жазолар ва жарималардан қўрқишгани боис, ўзларини борлигини билинтирмай яшашни маъқул кўришади. Кўпинча жарималарнинг миқдори бир оила бир йил давомида топадиган даромаддан ҳам кўпни ташкил қилади", дея тушунтиради Кевин Аллен.

Шахсини тасдиқлайдиган ҳужжати бўлмаганидан кейин одамлар тиббий хизматдан, таълим олишдан фойдалана олмайдилар, қонуний ишга жойлаша олмайдилар. Шунингдек, Тожикистондан чиқиб бошқа мамлакатга ҳам кетолмайдилар.

"Бизнинг қишлоғимизда бирорта ҳужжати ҳам, фуқаролиги ҳам бўлмаган 100 га яқин аёл яшайди. Кўпчилигида керакли ҳужжатларни расмийлаштириб жаримасини тўлаш ва янги паспорт олишга етадиган маблағи йўқ. Қишлоғимиз чеккада жойлашган, расмийлаштириш учун эса марказга бориш керак, бунинг учун ҳам қўшимча пул керак. Бунинг ҳаммаси 200-300 доллар бўлади, бу эса биз учун жуда катта пул. Кўп оилалар ишлаб шунча пул тополмайди. Шунинг учун ҳам эртага қолдиришади. Эртага эса муаммолар пайдо бўлади", - дейди Шартуз туманидаги Султонобод қишлоғи раҳбари Рўзиқул Мардаев.

Image caption Ички Ишлар вазирлиги вакили Жомий Мирзоев сўзларига кўра, фуқаролиги йўқ шахслар ҳақида расмий маълумот йўқ.

Тожикистон фуқаролик ҳақидаги қонун 1994 йилда қабул қилинган. Бу пайтда фуқаролар уруши авжига чиққан, миллионлаб қочқинлар республикани ташлаб чиқишга мажбур бўлган эдилар.

"Совет замонида Тожикистоннинг чегарадош туманларида яшайдиган одамлар қўшни Ўзбекистонга ўтишган, ўша ерда ишлаб пул топишган, оилалари ўша ерда бўлган. СССР парчаланиб Тожикистон мустақилликка эришган пайтда у одамлар мамлакатда бўлмаганлар. Кимки конституция қабул қилинган кунда Тожикистонда яшаган бўлса, ўшалар фуқароликни қўлга киритганлар. У пайтларда чекка туманларда яшаган одамлар ўзларининг Совет паспортларини Тожикистон паспортига алмаштириш ва ўзининг фуқаролигини тасдиқлаш учун мурожаат қилмаганлар. Айримлар эса фуқаролар уруши пайти Ўзбекистонга қочган. Ортга қайтганларидан кейин эса фуқаролик қонунини уларга татбиқ қилиб бўлмас эди. Одамлар келиб ҳужжатларни алмаштириш лозимлигини билмаганлар. Келганлару, яшаб юраверганлар, оила қурганлар, кейин фарзандлари туғилган. Болаларнинг ҳам ҳужжати йўқ, фуқароликка эга эмас. Чунки ота-онасининг ҳеч қандай ҳужжати йўқ. Бу болалар мактабда ўқишган бўлса ҳам, расман уларни рўйхатга олмаганлар. Мактабни тугатганидан кейин аттестат беришмаган. Бу болаларда мамлакатда бўлишига рухсат берувчи бирорта расмий ҳужжат йўқ", - дейди БМТ Қочқинлар бошқармасининг қочқинларни халқаро ҳимоя қилиш бўйича маслаҳатчиси Парвина Мунавварова.

Авлодлар муаммоси

Ҳозирги пайтда БМТ Қочқинлар комиссарлиги бошқармаси ва расмий Душанбе фуқаролик қонунига ўзгартириш киритиш устида ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар. Ушбу ўзгаришлар амнистияга, ўз фуқаролигини йўқотган инсонларнинг мақомини легаллаштириб уларга Тожикистоннинг тўлақонли фуқаролигини беришга имконият яратади. Бироқ қонунга бу ўзгартиришлар қачон қабул қилинади, номаълум.

"Хотинимнинг фуқаролиги йўқ. Паспорти ҳам йўқ. Ўз вақтида қилмаганмиз, энди эса ҳужжатларни расмийлаштириш жуда қиммат. Бундан ташқари, ўз вақтида расмийлаштирмаганимиз учун бўйнимизга жарима ҳам қўйишади. Бизнинг эса тўртта боламиз бор, улар ўқишаяпти, харажат кўп. Ҳозир мен ҳам, хотиним ҳам ишламаймиз. Олдинги йиллари ишлаб пул топиш учун Россияга борардим. Инқироз туфайли бу йил бормадим. Душанбеда мардикорчилик билан пул топаябман. Топган пулим фақат ейиш-ичишга етади. Эркакларнинг қўлида паспорти бор, улар Россияга кета олишади, аёлларда эса паспорт йўқ", дейди Хатлон вилоятининг Шартуз туманилик Алимардон Шукуров.

"Бу муаммоларнинг сабаби, кўпинча, одамларнинг ўзларининг масъулиятсизликларидадир. Одамлар 20 йилдан буён шу мамлакатда яшашади, лекин ўз мақомини аниқлаштириб олиш устида бош қотирмайдилар. вақти келиб бу катта муаммога айланиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмайдилар. Ҳозирча бизда мамлакатдаги фуқаролиги йўқ инсонлар сони ҳақида аниқ маълумот йўқ", дейди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги вакили Жомий Мирзоев.

Ота-онасининг фуқаролиги йўқлиги боис фарзандлари ҳам фуқароликни қўлга кирита олмайдилар. Шу тариқа бу муаммо авлодлар муаммосига айланади.

"Ҳуқуқий саводсизлик ва иқтисодий қийинчиликлар - аҳолининг асосий муаммолари. Биз фуқаролиги йўқ инсонларни аниқлаш бўйича лойиҳамизни бошлаганимизда, кўпчилик бу ғояга ёқтирмай қаради. Одамлар жуда қўрқишади. Кўпчиликда Совет паспортидан бошқа туғилганлик гувоҳномаси ҳам йўқ, айримларда эса ҳатто Совет паспортининг ўзи ҳам йўқ", дейди "Чашма" жамоат ташкилоти директори Санавбар Имомназарова.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ