Афғонистон: Толибон ‘Исломий Давлат’ билан бирлашдими?

Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош шимолий-шарқий Қундуз вилоятидан олинган хабарларга кўра, илк бор “Исломий Давлат” жангарилари Толибон билан бир сафда жангга киришишган.

Қундуз шаҳри яқинида жанг қилаётган “Исломий Давлат” жангариларининг Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Чеченистон ва Туркия фуқаролари экани айтилмоқда.

Маҳаллий масъулларга кўра, бунга сўнгги жанглар чоғида ўлдирилган жангариларнинг шахсларига оид маълумотлар далолат қилган.

Уларнинг сўзларига таянилса, бундан ташқари, бу жангарилар Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи рамзи туширилган қора пешбанд тақиб олган бўлишган.

Марказий Осиё минтақаси билан муҳим транзит йўлида жойлашган ва Тожикистон билан бор-йўғи биргина Панж дарёси ажратиб турган Қундуз Афғонистон Толибон ҳаракати бу йилги баҳорги амалиётларининг илк нишонига айланган вилоят бўлади.

Бундан ўн кунча бурун ораларида хорижий жангарилар ҳам борлиги айтилган юзлаб толиблар Қундузнинг айримлари Тожикистон билан бевосита чегарадош тўрт туманида қарши ҳужумга ўтишган, бунинг ортидан жанглар қақшатқич тус олганди.

Қундуздаги жанглар, ҳатто, Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг Ҳиндистонга сафарини кечиктириши, юзага келган вазиятни АҚШ ҳарбийлари билан муҳокама этиб олишига ҳам сабаб бўлганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Орада бутун Афғонистондан Қундузга минглаб қўшимча аскарлар ташланган, юздан ортиқ танк ҳам киритилган.

Аммо, қундузлик масъулларга кўра, шунда ҳам, исёнчиларни даф этишлари осон бўлмаётир.

Куни-кеча айрим маҳаллий нашрлар афғон хавфсизлик кучларининг сўрови билан Қундуз вилоятининг айрим туманларида оддий аҳоли ҳам қўлига қурол олгани ва жангариларга қарши курашга киришганликлари ҳақида хабар беришганди.

Худди шу хабарлар манзарасида Афғонистон ҳукумат кучлари бугун пайшанба куни вилоят маркази яқинида йирик ҳарбий амалиётга қўл уришган ва ана шу жанглар чоғида “Исломий Давлат” жангариларининг толиблар билан бир сафда жанг қилишаётгани маълум бўлган.

Янги иттифоқ?

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Қундуз вилоят ҳокими Муҳаммад Умар Софийнинг Би-би-си билан суҳбатида айтишича, “янада йирикроқ ва замонавийроқ жанг олиб бориш учун” “Исломий Давлат” гуруҳи томонидан тайёрланган хорижий жангарилар толиблар билан бирга қўлларига қурол олишган.

Шу пайтгача ҳам афғонистонлик масъуллар ва ҳам халқаро ҳарбий таҳлилчилар бу икки гуруҳни бир-бирларига душман, деб қараб келишган, бундан бир неча ой бурун “Исломий Давлат” жангариларининг жанубий Ҳелманд вилоятида толибларга қарши жанг олиб боришганига оид хабарлар ҳам олинганди.

Аммо, Қундуз вилояти ҳокимининг айтишича, шимолдаги жанглар умуман бошқача мазмун касб этган ва бу минтақаларда “Исломий Давлат” жангарилари “Толибонни катта жангларга тайёрлаш учун уларни дастаклаб, тайёргарликдан ўтказишмоқда”.

Жаноб Софийнинг айтишича, “Исломий Давлат” аъзоларининг ҳарбий сабоқларини олган толиблар жанг майдонида шаҳид бўлиш учун янада жангари бўлиб етишишмоқда.

Худди шу ўринда таъкидлаш жоиз, "Исломий Давлат"нинг Покистон ва Афғонистонда фаоллашиш ҳаракатлари манзарасида қатор таҳлилчилар минтақада жангари гуруҳларнинг янги глобал иттифоқи пайдо бўлиши ва у юзага келтирижак хавфнинг жиддий бўлиши эҳтимолини назардан соқит этишмаган.

Аммо Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар Қундуздагиси дохил "Исломий Давлат"нинг мамлакатдаги фаоллашуви, яқин иттифоқчилари ва собиқ аъзоларидан ўзига янги жангарилар ёллаётгани қадар сўнгги ойларда кузатилаётган воқеалар ривожига шу пайтгача бирор бир муносабат билдирмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Жорий пайтда Афғонистондаги “Исломий Давлат” жангариларининг аниқ сонига оид расмий маълумотлар имконли эмас.

Афғонистонда “Исломий Давлат”нинг фаоллашиб бораётганидан аллақачон жиддий хавотир билдириб чиққан эсалар-да, на-да Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, на-да Америка томони ва на-да Афғонистон ҳукуматининг ўзи бу борада расмий рақамларни ошкор қилган.

Турли манбаларда уларнинг сони юзлаб экани ва улардан аксарияти собиқ Толибон жангариларидан иборат эканлиги айтилади.

Ўзининг яқинда яна Афғонистонга қайтганлигини расман эълон қилган ва ҳозир бутун Афғонистон бўйлаб қайта фаоллашишга муваффақ бўлгани айтилаётган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, тўлиғича Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳига байъат келтириб бўлган.

"Исломий Давлат" ва минтақа

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

“Исломий Давлат” гуруҳи янги миллий бирдамлик ҳукумати иқтидорга келган ўтган саккиз ой ичида қўшни Афғонистонга ҳар томондан сизиб киришга муваффақ бўлмоқда.

Қундуздагиси билан боғлиқ воқеаларнинг сўнгги ривожи эса, “Исломий Давлат” Покистонда минтақадаги ўзининг янги тармоғига асос солганидан бор-йўғи саноқли ойлар ўтиб кузатилмоқда.

Аксарият минтақа давлатлари, ҳатто, Россия ҳам сўнгги йилларда Афғонистондаги вазият худди Ироқдагиси каби тус олиб кетишидан ошкора хавотир билдириб келишаётганди.

Қундуздаги жанглар эса, бу яқин йиллар ичида Марказий Осиёнинг шундоқ биқинида кечаётган илк давомий ва кенг кўламли жанглар бўлади.

Афғонистонлик масъуллар, ҳатто, Қундузнинг ўзи ҳам бу яқин ўн йиллар ичида бу каби катта таҳдидга рўбарў келмаганини айтишади.

Ўзларига бевосита чегарадош Афғонистоннинг Қундузидаги вазият Тожикистон томонини ҳам бефарқ қолдирмаган.

Хабарларга кўра, Толибоннинг ҳужумлари ибтидосидаёқ чегарадаги вазият ўз назоратлари остида эканини айтиб келаётган Тожикистон ўтган бир неча куннинг ўзида қўшимча хавфсизлик чоралари кўришни бошлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Аллақачон Афғонистон билан давлат чегарасида иккинчи ҳимоя чизиғини яратган, чегарага яқин туманларга Тожикистоннинг бошқа минтақаларидан катта сондаги қўшимча ҳарбийларини сафарбар этган.

Бу ҳарбийлар чегарадаги ҳар қандай эҳтимолий вазиятга шай аҳволда эканликлари, умумий сонларининг ўн мингдан ортиши айтилади.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон эса, кеча чоршанба куни мамлакат куч тизимлари вакиллари билан учрашган, агар, лозим бўлса, Афғонистон билан чегара ҳимояси учун барча захираларни ишга солиш, зарур бўлса, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан кўмак сўрашлари ва бунга қўшимча, 201-сонли Россия ҳарбий бўлинмаси ёрдамидан ҳам фойдаланилиши муминлигини билдирган.

Маҳаллий журналистларга кўра, ўтган ўн йиллар давомида бу каби ҳолат кузатилмаган.

Аммо Қундуздаги воқеаларнинг сўнгги ривожига, ҳозирча, расмий Душанбе бирор бир муносабат билдирмаган.

Афғонистон томони нима дейди?

Яқинда Афғонистон вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум ҳам “Исломий Давлат” ҳозир мамлакатнинг қатор шимолий вилоятларига кириб боришга ҳаракат қилаётганини айтганди.

Жаноб Дўстумнинг сўзларидан ҳам бу вилоятлар аксариятининг Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош экани маълум бўлганди.

Афғонистон вице-президенти, ўз ўрнида, “Исломий Давлат” нафақат мамлакати, бутун минтақа учун жиддий таҳдид эканини таъкидлаганди.

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра эса, Қундуздаги воқеаларнинг сўнгги ривожи минтақадаги жиддий ўзгаришларга далолат қилади.

“Чунки энди Афғонистоннинг муаммоси ягона толиблар эмас. Ҳозир Афғонистонга қўшни Покистондан ташқари, яна бошқа давлатлар, жумладан, Туркия ва Чеченистондан ҳам жангарилар келишаётгани аён бўлмоқда. Айримларининг Ироқдан эканликлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бу эса, вазиятнинг янада жиддийлашиб бораётганини англатади. Бу каби ҳолат биргина расмий Кобул эмас, Вашингтонда ҳам хавотирлар уйғотиши тайин. Чунки сўнгги йилларда фақат маҳаллий тус олган афғон можароси ҳозирга келиб глобаллашмоқда”, - дейди Лондондан Мудофаа масалалари бўйича таҳлилчи Пол Рожерс.

Ўз ўрнида, таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, мавжуд вазиятнинг қанчалик минтақавий таҳдид даражасига ўсиб етишини вақт кўрсатади.

Аммо, унга кўра, “Исломий Давлат” жангарилари толиблар билан бир сафда жанг қилаётган ҳодисаларнинг шундоққина Тожикистонга қўшни Қундузда кечаётгани бу борадаги хавотирларга замина яратмай қолмайди.

Image caption Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи

Халқаро таҳлилчи Пол Рожерснинг айтишича, бундан буёғига ҳаммаси Афғонистон хавфсизлик кучларининг салоҳияти ва Америка томони уларга беражак кўмакнинг кўламига боғлиқ бўлади.

Воқеаларнинг бу каби ривожи эса, Афғонистонни катта сондаги хорижий қўшинлар тарк этиб бўлган, уларнинг оммавий сафарбарликлари билан кечган ўтган йилнинг ўзиёқ афғон ҳарбийлари учун Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён энг қонлиси бўлган бир манзарада кузатилмоқда.

Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари камида келаси йил охиригача Афғонистонда ўн мингдан ортиқ аскарларини қолдиришга қарор қилишган, аммо Қундуздагиси дохил Афғонистонда сўнгги ойларда кузатилаётган жангларда уларнинг иштироки кўзга ташланмайди.

Бошқа томондан, уларга фақат толиблар томонидан бевосита таҳдидга учраган пайтларида қарши ҳужумга ўтиш ваколати берилган, холос.

Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий-шарқий минтақаларидаги сўнгги вазият Россияни ҳам бефарқ қолдирмаган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги яқинда ташвишли бир баёнот билан чиқиб, афғон ҳукуматини минтақа хавфсизлигини яхшилаш учун лозим чоралар кўришга ҳам ундаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ