Нато Афғонистонни бу яқин ўртада тарк этмоқчи эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи nato

Нато Бош котибининг бу ҳақдаги баёноти қўшни Афғонистонда Толибон ҳаракати бу йилги баҳорги амалиётини устма-уст қонли ҳужумлар билан бошлаган, “Исломий Давлат” гуруҳи жангарилари илк бор улар билан бир сафда жанг қилаётгани маълум бўлган бир манзарада янгради.

Женс Столтенбергнинг Натога аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Туркияда бўлиб ўтган олиймақом йиғини чоғида баён қилишича, Афғонистонни 2016 йилдан кейин ҳам тарк этиш ниятлари йўқ.

Нато Бош котибига кўра, бу билан йирик бир қарор беришган. Бундайин қарорга келишларига эса, Афғонистоннинг “ҳалиям хавфли бир ҳудуд сифатида қолаётгани” сабаб бўлган.

2014 йилги сафарбарлик ортидан, катта сондаги хорижий қўшинлар Афғонистонни тарк этиб бўлишган, ўтган йил охирида расмий Кобул ва Вашингтон ўртасида имзоланган муҳим хавфсизлик битими доирасида 10 мингдан ортиқ чет эл аскари ва улар қатор ҳарбий базаларининг келаси йил якунига қадар афғон тупроғида қолишларига изн берилганди.

Қолаётган хорижий ҳарбийлар аксариятининг америкаликлардан иборат бўлиши, янги миссияга айнан Нато бошчилик қилиши ва уларнинг асосан афғон хавфсизлик кучларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш ишлари билан банд бўлишлари айтилганди. Афғонистон Қуролли кучлари оғир аҳволда қолган бир шароитда, уларга мададга келишлари ҳам кўзда тутилганди.

Афғонистондаги вазият издан чиқиб бораркан, уларга АҚШ Президенти Барак Обама томонидан ўзларига бевосита таҳдид туғилган пайтда жангариларга қарши ҳужум қилиш ваколати ҳам берилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Хорижий қўшинларнинг Афғонистондан буткул чиқиб кетиши Марказий Осиё давлатлари қолиб, Россия ва дунёнинг иккита қудратидан биттаси бўлган Хитойнинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Ҳали “Исломий Давлат”нинг қадами минтақага етмай туриб, улар бу ҳақда ошкора баёнотлар билан чиқишган, Афғонистондаги вазият Ироқдагиси каби тус олиб кетишидан яхшигина ташвиш билдиришганди.

Катта сондаги хорижий аскарлар Афғонистонни тарк этиб бўлган ўтган бир неча ойнинг ўзида эса, “Исломий Давлат” Покистонда ўзининг минтақадаги янги тармоғига асос солган, Афғонистоннинг жанубидан тортиб, шимолига қадар “сизиб кириш”га муваффақ бўлган.

Шу кунларда ўзига янги жангарилар ёллаш ва уларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш ишлари қолиб, аллақачон қарши ҳужумга ҳам ўтган.

Яқинда Жалолободда қонли ҳужум уюштириб, ўнлаб инсонларнинг умрларига зомин бўлган. Бу – “Исломий Давлат” Афғонистонда илк бор масъулиятини ўз зиммасига олиб чиққан ҳужум бўлганди.

Орадан бор-йўғи саноқли ҳафталар ўтиб эса, ўнлаб “Исломий Давлат” жангариларининг Афғонистоннинг шундоққина Марказий Осиёнинг биқинида жойлашган Қундуз вилоятидаги йирик жангларда иштирок этаётганликлари расман ўз тасдиғини топганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Афғонистон Президенти Ашраф Ғани яқинда Мюнхенда қилган чиқишида халқаро ҳамжамиятни мамлакатида вужудга келаётган вазиятдан жиддий огоҳлантирган ва уларни ўзларини ташлаб қўймасликка даъват қилганди.

Президент Ғанига кўра, Афғонистондаги воқеалар ривожини Сурия, Ироқ ва Ливиядагисидан айри кўриб бўлмайди.

Афғон раҳбарининг айтишича, Покистон Қуролли кучларининг Шимолий Вазиристондаги давомий кенг кўламли ҳарбий амалиётлари сабаб, сўнгги ойларда Афғонистон минтақадаги глобал жангари тармоқларни тортиш марказига айланган.

Бутун Афғонистондан минглаб мадад кучлари ташланганига қарамай, Қундуздаги жангларнинг қарийб икки ҳафтадирки, ҳануз ниҳоя топмаётгани афғон ҳарбийларининг ўз кучлари билан исёнчиларни даф этишлари осон бўлмаслигига ҳам далолат қилган.

“Исломий Давлат”нинг фаоллашишга қанчалик муваффақ бўлаётгани манзарасида қатор таҳлилчилар минтақада жангари гуруҳларнинг янги глобал иттифоқи вужудга келиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этишмайди.

Афғонистонлик масъулларга кўра, уч юз мингдан ортиқ хавфсизлик кучларига эга эканликларига қарамай, ҳали-ҳануз халқаро иттифоқ қўшинларининг ҳар томонлама кўмакларига эҳтиёжлари бор ва уларнинг ёрдамисиз мамлакатдаги вазиятни назорат қилиш осон бўлмайди.

Нато Бош котибининг баён қилишича, 2016 йилдан кейин Афғонистондаги миссиялари кўпроқ фуқаровий кўриниш касб этса-да, ҳарбийсини ҳам назардан соқит этмайди.

Жаноб Столтенбергга кўра, уларнинг сони ҳозиргисидан озроқ бўлади, аниқ вазифалари эса, кузга қадар ишлаб чиқилади.

Аммо аввалбошдан хорижий қўшинларнинг Афғонистондаги ҳозирликларига кескин қарши бўлиб келган Афғонистон Толибон ҳаракати расмий Кобул ва Вашингтон ўртасидаги имзоланган хавфсизлик битимига кескин қарши чиққан. Бунга устма-уст ҳужумлар билан жавоб қайтаришга ваъда қилганди.

Афғонистондаги вазиятнинг жиддий издан чиқиб бораётгани ҳам, бошқа томондан, уларнинг худди шу ваъдалари манзарасида кузатилмоқда.

Янги миллий бирдамлик ҳукуматининг бир неча ойлик уринишлари ортидан, яқинда толиблар билан Қатарда уюштиришга муваффақ бўлган илк очиқ мулоқотлари ҳам айнан америкаликларнинг ҳозирликлари юзасидан келишмовчиликлар сабаб, чиппакка чиққанди.

Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар, йилларки, афғон тупроғида бирор бир хорижий аскар қолар экан, ўзларининг тинчлик музокараларига бормаслигини айтиб келади.

Қўшни Афғонистоннинг янги миллий бирдамлик ҳукумати эса, афғон тупроғида жанг олиб бориб келаётган барча қуролли гуруҳларга нисбатан бирламчи сиёсатлари сулҳу мадора бўлишини баён қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ