Икки ўт орасидаги марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ҳақида

Image caption Муҳожир

Россиянинг “Тожикистон меҳнат муҳожирлари” ташкилоти шу йил бошидан бери амалда бўлган янги қоидаларни қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда.

Бу ташкилоти шунингдек, муҳожирлар билан ишловчи идораларни маҳкамага тортиш лозимлигини уқтирмоқдалар.

Айни шу идоралар туфайли 800 мингдан ортиқ тожикистонлик муҳожирлар жабрланганлар.

Тожикистонлик муҳожирларнинг раҳбарларидан Каромат Шарипов ҳозирги вазиятни ўта таҳликали деб билади.

Аммо айрим кузатувчиларга кўра, Россиянинг муҳожирларга доир янги қонунчилиги анчайин тараққийпарвардир, фақат аксарият мулозимлар мамлакатда ишлашни истайдиган хорижликлар сони бу қадар йирик бўлишига тайёр эмас эди, холос.

Бошқа томондан, айрим таҳлилчилар ишларини йўқотган муҳожирлар чорасизликдан экстремистик ташкилотлар сафига ёлловчилар домига тушиб қолишмоқда дейишади.

Собиқ муҳожирлар эндиликда Сурия ва Ироққа мужоҳидлар ўлароқ ҳижрат қилишмоқда.

Россиядаги муҳожирларга доир қонунчилик устидан шикоятга юз минглаб тожикистонликлар имзо йиғишмоқда.

Бу ариза Москва ва Россия мулозимларига жўнатилади.

"Москва ва Душанбе тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг шароитини яхшилашга доир давлатлараро шартнома имзолашган. Аммо ҳақиқий ҳаётда уларнинг вазияти яна ҳам оғирлашиб кетди. Ҳукуматлар миллионлаб оддий муҳожирларни алдашди. Улар учун Россияда ишлаш рўзғор тебратишнинг ягона йўлидир», дейди Каромат Шарипов.

«Бизни алдашди»

Image caption "Навбат ҳам сотилади..."

Тожикистонлик муҳожирлар асосан «Кўптармоқли муҳожирлар маркази» давлат муассасасидан норозилар.

Аслида ана шу муассаса муҳожирларнинг оғирини енгил қилиши керак эди.

Аммо айнан шу марказ ишга тушиши билан муҳожирларнинг ҳаётлари яна ҳам оғирлашган.

"Бизни алдашди. Бу имтиёзлар аслида бизга ҳеч нарса бермади. Аввалига Россия мулозимлари ўтган йил олинган патентлар бекор қилинмаганини айтишди, аммо шу йил бошидан йўққа чиқаришди ва муҳожирлар яна чет элга чиқиб келиш учун 1500 дан 3000 рублгача харажатга тушишди…Янги маркази бизнинг муаммоларимиз ечмайди,қайтага яна бир қоғозбозликка асосланган тўсиқ ясайди", дейди нотижорий ҳамкорлик ташкилоти «ЭТМОС» президенти Каримжон Эров.

Унга кўра, Тожикистон мулозимлари меҳнат муҳожирларининг барча муаммоларидан хабардор, аммо уларни ечишда ёрдам кўрсатаётгани йўқ.

Каромат Шариповнинг айтишича, Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини олиш учун бир муҳожир 30 минг рубл ( 600 доллар атрофида) тўлаши керак.

Бунинг устига у рус тилини билиши ҳақида гувоҳнома, тиббий кўрикдан ўтгани ҳақида ҳужжат , патент ва тиббий суғурта тақдим қилиши керак.

"Ана ўшандан кейин муҳожир иш топишига умид қилиши мумкин, аммо ҳеч ким бунинг кафолатини бермайди. Ишни у ўзи қидириб топиши керак. Янги қонунчиликни яратганлар аксарият иш берувчилар муҳожирлар билан шартномани ҳужжатлаштирмасликларини билишган. Бундан уларга фойда йўқ. Мулозимларни ишсиз юрган меҳнат муҳожири 30 минг рубни қаердан олиши ҳақидаги савол қизиқтирмаган», дейди Каромат Шарипов.

Каромат Шариповга кўра, тожикистонликлар Россияда иш топиб, қонунан жойлашиб олиш ниятида ўз уйларини гаровга қўйиб, банкдан қарз олишмоқда.

«Муҳожир энди пулсиз орқага қайтолмайди. Ишсиз қолдими, тамом, «жиҳод» учун ёлловчиларнинг куни туғади. Аксарият марказий осиёликлар жиҳодчилар сафига қўшилиб кетишмоқда. Россия эса Сурия ва Ироққа йўл олаётган жиҳодчилар учун транзит мамлакатга айланиб бўлди», дейди Каромат Шарипов.

Сурия – чорасизлик йўли

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Иш бўлса хўп-хўп, бўлмаса...

Россиядаги муҳожирларни ўрганиш маркази директори Дмитрий Полетаевга кўра, янги қонунчилик аслида анчайин тараққийпарвар ва соҳадаги коррупциянинг илдизига болта уриш учун ишлаб чиқилган.

"Аммо муҳожирлар масалалари билан шуғулланадиган ташкилотлар бу каби йирик муҳожирлар оқимига тайёр бўлишмаган. Аслида коррупцияни камайтириш, ўртакашларни йўқотиш эди мақсад…Муҳожирлар эндиликда тўловларни давлатга беришлари керак эди. Лекин бошқа бир коррупция кўриниши ўртага чиқди. Навбатни сотиш урф бўлди», дейди Полетаев.

Мутахассисларга кўра, муҳожирларнинг муаммолари ечилмаётгани Россия хавфсизлигига таҳдид солаётир.

Расмий маълумотларга кўра, Марказий Осиёнинг юзлаб фуқаролари сўнгги йиллар Сурия ва Ироққа радикал гуруҳларга қўшилиб йўл олишган.

Уларнинг аксарияти аслида меҳнат муҳожирлари бўлишган, ишларини йўқотишар экан, рўзғор тебратиш илинжида чорасизлик билан «мужоҳид»лар сафига қўшилишган.

"Бу йил мен бормадим Россияга…У ерда осон эмас ҳозир иш топиш. Қишлоғимиздан Сурияга кетганларни танийман. Биласизми, одамлар энг сўнгги чора сифатида қарз олишмоқда, уйларини гаровга қўйишмоқда Россияга бораман деб…Россияда эса иш топишолмайди. Уйга қайтолмайди. Шу пайт «жиҳодчи ёлловчилар» пайдо бўлади. Нима қилади кейин? Кетади чорасизликдан… Камбағалга ҳеч ким куймайди. Уйида ҳам, хорижда ҳам хор. Яна нима қилиш керак», дейди Хатлон вилоятидан Шокир Файзуллаев.

Ялпи ички маҳсулотнинг 40% муҳожирларнинг пули

Image caption Энг оғир ишларни меҳнат муҳожирлари бажаришади

Аксарият тожикистонлик муҳожирлар асосан мамлакат қишлоқларида истиқомат қилишади.

Кўпчилик ўрта мактабни тугатиши билан Россияга йўл олади. Расмий маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Россияда 7 ярим миллион марказий осиёлик меҳнат муҳожири бор.

Улар орасида тожикистонликларнинг аниқ сони бўйича маълумот йўқ.

Айрим маълумотларга кўра, 1 ярим миллионгача тожикистонликлар Россияда ишлашади.

Айнан шу меҳнат муҳожирларининг ватанга жўнатаётган маблағлари иқтисоднинг тўла инқирозга юз тутишига йўл қўймайди.

Меҳнат муҳожирлари йилига 3 миллиард доллардан ортиқроқ маблағни ватанга жўнатишади, бу эса Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг 40 фоизи деганидир.

Аксарият оилалар учун ўз яқинларининг жўнатаётган маблағларидан бошқа даромад манбаи йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ