Янги қурилаётган Роғун ГЭСи яқинида яна зилзила юз берди

Рихтер шкаласи бўйича 5.5 баллик зилзила Тожикистон шарқида тонги соатларда юз берган. Зилзила маркази Роғун шаҳри яқинида бўлгани, унинг кучи пойтахт Душанбеда ҳам сезилгани айтилмоқда.

Минтақадан олинган хабарларга кўра, Тожикистондан ташқари, енгилроқ ер силкинишлари Ўзбекистон ва Афғонистон шимолида ҳам кузатилган.

Қурбонлар ва кўрилган зарар ҳақида, ҳозирча, маълумотлар йўқ.

Роғун шаҳри яқинида қурилаётган ва Марказий Осиёда энг йириги бўлиши кутилаётган ГСЭ эса, айнан зилзилалар боис, қолган минтақа давлатлари, айниқса, Ўзбекистоннинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Жумладан, ўзбекистонлик мутахассисларга кўра, янги ГЭСнинг баландлиги 335 метр бўлиши кутилаётган тўғонига дарз етиши – Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган давлатлар учун ҳақиқий фожеага айланади.

Худди шу манзарада Роғун ГЭСини қуриш лойиҳаси икки мамлакат муносабатларини кескин совуқлаштирган.

Тожикистон сейсмик фаол минтақада жойлашганини рад этмаган айрим маҳаллий мутахассисларга кўра эса, Роғун ГЭСи қурилиши минтақага хавф солмайди.

Агар, Тожикистондан олинган хабарларга таянилса, чоршанба куни эрталаб маҳаллий вақт билан 8:31 да юз берган зилзила маркази Роғундан бор-йўғи 28 чақирим узоқликда бўлган, холос.

Аммо бу Роғун шаҳри яқинида кузатилаётган биринчи кучли ер силкиниши эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Farsi

2010 йилда Тожикистоннинг Роғун ГЭСи қурилаётган сатҳига яқин ва мамлакатдаги энг йирик Норак ГЭСи жойлашган шимолий-шарқий минтақаларида қарийб 6 балли ер силкиниши юз берганди.

Тожикистон зилзила тез-тез юз берадиган тоғли мамлакат.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, Тожикистонда йилига 2.000 дан ортиқ енгил ер силкинишлари кузатилади.

Улардан айримлари ўнлаб инсоннинг умрига зомин бўлгани, яна катта сондагисига тан жароҳати етказгани ҳам бор гап.

Бундан бир неча йил бурун Тожикистоннинг тоғли Помир минтақасида рўй берган қақшатқич зилзила оқибатида эса, юзлаб кишилар бошпанасиз қолишганди.

Тожикистоннинг шарқий Бадахшон вилояти ҳам тез-тез ер силкинишлари юз бериб турадиган минтақа ҳисобланади.

1911 йил юз берган зилзилада Сарез минтақасида бир қишлоқ сув остида қолганди.

Мазкур зилзила оқибатида камида 90 одамнинг ҳалок бўлгани ишонилади.

Сув остида қолган "Сарез" қишлоғи ўрнида Сарез кўли вужудга келди.

Сарез Марказий Осиё минтақасига энг кўп хавф солувчи кўл ҳисобланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ